Мақолалар

Фарзанд тарбияси

Фарзанд инсонга Аллоҳ таоло томонидан берилинган улуғ неъматларнинг биридир. Ҳар бир неъматнинг шукронаси бўлганидек, фарзанд неъматининг шукронаси эса ҳар бир ота-она фарзандларига чиройли таълим-тарбия ва одоб-ахлоқ беришлигидир.

Аслида ота-она учун фарзанднинг камолини кўришдан кўра каттароқ қувонч ва бахт йўқ. Шундай экан, фарзандларини камолот сари элтувчи йўлга йўллаш уларнинг вазифасидир.

Аллоҳ таоло сиз билан бизга фарзанд неъматини берганда катта хурсандчилик билан кутиб олдик. Энди фарзандларимизни шундай тарбия қилайликки, ҳаётлигимизда ва ҳаётдан кўз юмганимиздан кейин ҳам бизга раҳмат олиб берадиган бўлсин.

Чунки фарзанд отанинг сиридир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Биз одам болаларини,(инсонни) азизу мукаррам қилдик” – деб марҳамат қилади. (Исро, 70). Ҳақиқатдан ҳам, гўдак ёруғ дунёга келаётгандаёқ, Аллоҳ таоло унга жуда бебаҳо неъматлар ато этган бўлади. Кейин уни тарбия қилиб, асраб авайлаб, вояга етказиш ота-онанинг муқаддас бурчи ҳисобланади. Инсон ирқи, миллатидан қатъий назар, мийсоқ кунида Аллоҳ таолога келтирган азалий иймон билан туғилади. Барчамизга маълумки, Ал-мийсоқда Одам алайҳиссаломдан то қиёмат кунигача дунёга келадиган инсонларнинг руҳлари саф тортиб турганларида, “Мен сизларнинг Роббингиз эмасманми?” − деб сўраган. Шунда ҳаммамиз бир овоздан: “Имон келтирдик, тасдид этдик”, дея жавоб қилганмиз (Аъроф, 172).

Масалан асаларини олайлик, унинг руҳига: “Қанотингни очиб, уча бошлаганингдан то умрингни охиригача бандалар учун шифобахш неъмат асал тўплайсан”, деб илоҳий тарбият берилган. Асалари шу вазифани мукаммал адо этади, уяга кираверишда икки қоровул ҳар бир ишчи арини ҳидлаб кўраётганини кузатамиз. Мабодо бирортаси ҳаром нарсадан истеъмол қилган бўлса, ўнг тарафдаги ари уни аниқлагач, чап тарафдагисига ишора қилади. У ҳам тасдиқласа, бўйнини тишлаб узиб ерга ташлаб юборишади. Парвардигор, бандаларим ҳаром еб қўймасинлар, акс ҳолда, иймонлари заифлашади, бола чақаларнинг тарбиясига путур етади, деб сизу бизга шундай ибрат мактабини яратиб қўйган. Ёки эндигина тухумдан чиққан икки жўжага эътибор қилинг, бири товуқ, иккинчиси ўрдак жўжаси. Маълум муддатдан сўнг ўрдак сувга интилади, товуқ жўжаси эса қуруқликда қолади. Ажабо, жўжаларга тухумдан чиқибоқ бу тахлит ҳаракатни ким ўргатди экан? Албатта, бу бутун борлиқни яратган Аллоҳни иши.

Инсон боласининг тарбияси туғилгандан то сўнгги нафасигача давом этаверади. Болани Расулуллоҳ с.а.в. ва у зотнинг аҳли байтларининг муҳаббатига, Қуръон тиловатига одатлантириш ҳам имоний тарбиянинг бир қисмидир. Ёш болаларга имоний тарбия бериш давомида ақллари етадиган сўзларни айтиш лозимдир. Бир сўз билан айтганда Тарбияда танаффус бўлмайди. Чунки инсон унутувчи, унинг душмани шайтон эса унуттирувчидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда қиёмат куни ҳар бир неъмат хусусида сўралишимизни марҳамат қилган. Фарзанд тарбияси борасида ҳам худди шундай. Ота-она ўз фарзандининг инсонлар билан хушмуомалада бўлиши, ростгўй, омонатдор, катталарга ҳурмат ва кичикларга шафқатли бўлиши учун масъулдирлар. Фарзандининг ёмон хулқ ва сўзлардан, қабиҳ иш ва ёмон одатлардан пок бўлиши учун ҳам ота-она жавобгардир. Авлодларимизни соғлом, ақлли, одобли қилиб тарбиялашимиз ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир. Бу ўринда шуни таъкидлаш жоизки, агар киши ўзи тарбияланган бўлмаса, фарзандига ўзи ўрнак бўлолмаса, айтган гапларига ўзи амал қилмаса, у ҳеч қандай натижага эриша олмайди.

Мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ, маънавий тарбияга алоҳида эътибор берилмоқда. Фарзандларимизни ёшликда жисмоний меҳнатга кўниктириш, танини соғлом қилиб вояга етказиш, одоб аҳлоқли, маърифатли қилиб тарбиялаш, озодалик, покизалик, шахсий тозалик, ота-она ҳурмати, Ватанга ҳурмат, эътиқодининг мустаҳкамлиги, айниқса турли бузғунчи диний оқимларга аралашиб, натижада нотўғри ақида билан онгининг заҳарланиб қолмаслигига алоҳида эътибор қаратмоқ лозим. Юқорида инсон азизу мукаррам қилиб яратилгани айтиб ўтилди. Инсон нимаси билан шарофатли, азиз бўлди? Инсон илм сабабидан шарофатли ҳисобланади. Бугунги кунда фарзандларимизни дунёвий илмлар соҳиби ва ҳунарли бўлишига тарғиб қилар эканмиз, Ҳазрати Али (каррама Аллоҳу важҳаҳу.)нинг: “Болаларингизга келажак давр илмини ўргатингиз, чунки улар сизнинг даврингиздан бошқа даврда дунёга келишади” деган кўрсатмаларини эслаш муҳим. Шу ўринда Ҳазрати Навоий бобомизнинг бир сўзларини келтиришни лозим топдим:

Уруғ ерга тушиб, чечак бўлди,

қурт жондан кечиб, ипак бўлди.

Лола тухумича ғайратинг йўқми,

Ипак қуртича ҳимматинг йўқми?

Бизлар ҳам фарзанд тарбиялашда, Ватанга садоқатли бўлиб, элга беминнат хизмат қилишда ғайрат қилайлик ва ҳиммат кўрсатайлик.

 

Маъруфхон Алоходжаев

Наманган шаҳар “Абдулқодир қори”

жоме масжиди имом-хатиби

Read 5985 times

Мақолалар

Top