Мақолалар

Ширк  - улкан гуноҳ

Аллоҳ таоло ҳар биримизнинг қалбимиздаги ниятларимизни билгувчи Зот. Ҳар биримиз қилган эзгу амалларимизни Аллоҳ даргоҳида ҳусни мақбул бўлишини истаймиз.

Маслаҳат сўраб келган келинчак кўринишидан саросимада эканлиги билиниб турарди. “Гапни нимадан бошлашни ҳам билмайман? Оиладагилар бирин кетин касал бўла бошлашди. Турмуш ўртоғимнинг иши ҳам юришмай қолди, шунинг учун қайнонам уйга дам солдиргани одам олиб келдилар. Оналарининг бу ишларидан ўғиллари норози бўлсалар ҳам, индамадилар.

Хонадонимизни кўздан кечирган ҳалиги одам “Хонадонингиз юк босиб кетибди, яхшилаб дам солиш керак. Қора қўчқор олиб келиб, сўйиб, қонини уйнинг дераза ромларига сурасизлар деб”, кўрсатма бериб кетди. Қайнонам қўчқор олиб келтирдилар, сўйиб, қонини ҳамма дераза ромларга суриб чиқдик. Турмуш ўртоғим ҳам, мен ҳам қаршилик қилолмадик. Аммо ўша кундан бошлаб, кўнглимиз ғаш, ибодатларимиз ҳам сустлашгандек, фарзандларим инжиқ бўлиб қоляпти”, деб келинчак гапини тугатди.

Бундай вақтда нима қилиш керак? Орамизда ҳали ҳануз ширк амалларни қиладиганлар топилади.

Ўша синглимизга “Аввало бундай ишлар шариатга хилоф эканлигини катталарга тушунтирасиз. Уйга боргандан кейин, дераза ромларига сурилган қон изларини кимёвий тозалаш воситаси билан тозалаш зарур. Қон таркибида жуда кўплаб микроб, вируслар бўлади. Ёзнинг иссиқ палласи пашша ва чивинлар кўпаядиган вақт. Қон эса бундай ҳашаротларнинг севимли озуқаси. Бу ҳолат биргина сизнинг хонадонингиз эмас, балки атрофдагиларга ҳам  ўта хавфлидир. Ҳар қандай мушкулларни бартараф этишни эса ёлғиз Аллоҳ таолодан сўралади. Ибодатларингизда маҳкам бўлинг!” деб насиҳат қилдик.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

“Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим”. (Ваз-Заариёт: 56)

Шунга ўхшаш воқеани ўқиган эдим. Ибодатда, илмдан хабари бор бир йигит янги уйга кўчиб ўтгандан кейин ғайритабиий ҳолатлар ҳақида сўраш учун олимлардан бирининг олдига боради. У киши Қуръон оятларини ўқиш кераклигини айтади. Бир неча кун ўтгандан кейин йигит олимнинг олдига келади. Шунда олим “Сиз қандайдир шариатга хилоф иш қилган бўлсангиз керак. Агар ўшани эслаб, ундан тавба қилсангизгина бу нотинчлик барҳам топиши мумкин", деди. 

Шунда йигит “Бир иш қилмоқчи бўлганимда, ибодатли ўртоқларимдан бири уни шариатга зидлигини айтди. Мен, ахир бу урф-одат, отам қилган,  деб уйнинг қурилиши битиш арафасида одатимизга кўра, бир қўйни томга олиб чиқиб, уни янги қурилган бино ғиштларига қонини оқизиш учун ўша ерда сўйдик”, деди.  Шунда олим бошини қимирлатиб: “Уйингиздаги барча нотинчликларнинг сабаби шу. Энди чин дилдан Аллоҳга юзланиб тавба қилинг”, деди.

Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда шундай марҳамат қилади:

«Қулим менга ширк келтирмаса, ҳузуримга бир дунё гуноҳ билан келса ҳам, уни бир дунё мағфират билан қарши олгайман»  (Табароний Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Аллоҳ таоло барчаларимизни фақат Ўзигагина ибодат қиладиган, мушкулотларимизни бартараф этишини Ўзидангина сўрайдиган солиҳ бандалари қаторида қилсин. 

 

Мунира АБУБАКИРОВА

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Read 3156 times

Мақолалар

Top