Мақолалар

Соғлом авлод тарбияси-барчамизнинг муқаддас бурчимиз

Оила – ота, она ва фарзанддан иборат учта тиргакка қурилади. Оиланинг бахти саодати ҳам, унинг камоли ва фаровонлиги ҳам, тинчлиги ва осойишталиги ҳам ана шу уч устуннинг бир-бирига бўлган  муносабатига, аҳиллигига, яхши тарбиясига боғлиқ. Булар бўлмас экан, оила таназзулга юз тутаверади. Бу инқироз эса, ўз навбатида жамиятни ларзага келтираверади.

Шахс онгининг шаклланишида, албатта, мактаб, маҳалла, диний уламолар, кенг жамоатчилик муҳим рол ўйнайди. Аммо шахснинг ижтимоий йўналиши асосини оилавий муносабатлар белгилайди. Ёш бола ниҳоятда кузатувчан, зийрак ва тақлидчи бўлади. Оилада катталарнинг барча ижобий-салбий хатти-ҳаракатлари бола кузатувида бўлади ва у буларнинг керакли, кераксизини ўзига бирдек сингдириб олаверади. Маълумки,  инсон табиатан ижобий хислатлардан кўра салбий хусусиятларни тезроқ “юқтириб”олади. Бола тарбиясига салбий таъсир кўрсатадиган ҳолатлардан бири эр-хотиннинг ўзаро жанжалларидир. Ноаҳил оилада тарбия топган бола на боғчада, на мактабда ва на кўча-кўйда ўзининг юриш-туришию хулқ-атворига жавоб бера олади. Доимий нотинчлик бола асабини толиқтириб, тажанг қилиб қўяди. Бундай вазиятларда бола ўзини озгина назоратсиз сезса, бўлди, ўзбошимчалик билан ғайритабиий ва ҳатто ғайриқонуний ишлар қилишгача бориб етади. Ёшлар инсоний мажбуриятлар хусусида фикрлашни одат қилмаган бўлса, кўпинча ҳаётий муаммоларга дуч келганида ожиз бўлиб қолади, дарҳол умидсизликка тушади.

Динларнинг мукаррами ва мукаммали бўлган Ислом мана ўн беш асрдирки, инсонни тарбиялашни, айниқса, болаларга одоб ва ахлоқдан пухта таълим тарбия беришни энг муҳим вазифа ўрнида кўриб келмоқда. Чунки жамият аъзоларининг яхши хулқли, ҳалол ва пок бўлишини орзу қилсаг-у, аммо ўша жамиятнинг келажаги бўлмиш болалар тарбияси ҳақида қайғурмасак, ниятларимиз сароблигича қолаверади.

Шу боис ёшлар тарбиясига масъул ота-она, маҳалла аҳли, имом-хатиблар, педагог мураббийлар уларни жиноятдан асраши ҳам фарз, ҳам қарздир. Бунинг учун тарбияга масъулият билан ёндашмоқ, ҳаёт қонуниятларига, аждодлар ўгитига амал қилмоқ даркор. Бинобарин, аждодлардан қолган маънавий меросга назар ташласак, ёшларни меҳнаткаш ва илмли қилиб тарбиялашга катта эътибор қаратганига гувоҳ бўламиз. Ота-боболарнинг эзгу-амаллари, доно ўгитлари  доимо бизга дастур бўлиши лозим. Бу эса ўз навбатида ёшлар тарбиясида маёқ вазифасини ўтайди.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ота-она ўз боласига гўзал одобдан афзал нарса бера олмайди»- деганлар. ( Термизий ривоят қилган).

«Ҳеч бир ота ўзининг фарзандига яхши тарбия бериш ва одоб ўргатишдан ортиқ ҳадя қилолмайди» деганлар бошқа бир хадисларида (Имом Бухорий ривоят қилган.)

Абдулла Авлонийнинг “Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ” китобида: “Эмди очиқ маълум бўлдики, тарбияни туғилган кундан бошламак, вужудимизни қувватландурмак, фикримизни нурландурмак, ахлоқимизни гўзалландурмак, зеҳнимизни равшанландурмак лозим экан. Тарбияни кимлар қилур, қайда қилинур? – деган савол келадур. Бу саволга “Биринчи – уй тарбияси. Бу она тарбиясидур. Иккинчи – мактаб ва мадраса тарбияси, бу ота, муаллим, мударрис ва ҳукумат вазифасидир”, деб жавоб берсак....” –деган.

Француз мутафаккири Жан Жак Руссо (1712-78) “Илк тарбия ҳамма нарсадан ҳам муҳим ва аёллар зиммасидадир”, деганида ҳақ эди.

 Онанинг илму маърифатдан бохабарлиги, дунёқараши кенглиги фарзандининг ақлий салоҳияти юксалишига асос бўлади. Чунки ундаги фазилатлар болага наслий ўтиши инкор этиб бўлмас ҳақиқатдир.

Шу боис Президентимиз “... чиндан ҳам, аёлларимизнинг оилада тутган ўрни беқиёс. Оқила, гўзал аёллар ўзларининг ғамхўрлиги, меҳрибонлиги, қалби дарёлиги билан оиладаги, қолаверса, бутун жамиятдаги мувозанатни, поклик, ҳалоллик, самимият ва адолат муҳитини сақлаб турадилар”,  –деганлар.

 Фозила аёл оилада фарзанд тарбиясига масъуллиги билан бирга ота ва фарзанд ўртасида воситачи ҳамдир. У фарзандига оиланинг устуни бўлган отани қадрлашни, кўзига тик боқмасликни, ота билан орасида доимо масофа сақлаш лозимлиги каби одобларни ўргатади. Отага эса уларнинг талаб ва эҳтиёжини ўз вақтида билдириб туради. Узоқни кўра билган аёл фарзанди олдида турмуш ўртоғининг ҳурматини жойига қўяди. Хар бир холатда отанинг салбий жихатларини фарзанддан яшириб, ижобий жихатларини намоён этиши лозим. Акс холда ота-фарзанд ўртасидаги одоб-ахлоқий меъёрилар ўртадан кўтарилади. Шунинг учун аёлларимиз отанинг ҳурматини юқорига кўтариб келишган. Бу анъанавий тарбиянинг ўта муҳим ҳусусиятларидан биридир. Отанинг ҳурмати юқори бўлган оилада тарбия топган болада қатьиятлилик, фидойилик, мардлик каби эзгу хислатлар кўпроқ учрайди.

Қадимги Рим Файласуфи Эпиктет “Отанинг қаттиққўллиги – ажойиб дори: аччиғидан кўра ширини кўп”, деб бежиз таъкидламаган.

Албатта, отанинг оиладаги қатъиятлилиги болани интизомга ўргатади. Биламизки, интизомли бола меҳнатдан қочмайди, ўзига топширилган вазифани вақтида адо этади, ҳар бир ишга масъулият билан ёндашади. 14-16 ёш – ўсмирларнинг ҳар хил хиссиётларга бериладиган даври ҳисобланади. Бундай вақтда тарбиячи заргарона иш кўрмоғи лозим. Чунки вояга етмаганлар томонидан турли хил жиноятлар содир этилиши ҳам айнан шу даврда кўпроқ учраши ҳаётда ўз исботини топган.

 Хар бир ота-она келажакда фарзандларимнинг орзу-хавасини кўрай деб фарзанд ўстиради. Агар фарзандларига юқорида таъкидланганидек миллий, диний қадриятларимизга амал қилган холда таълим-тарбия беришса, ўзлари хоҳлагандек, орзу-хавас кўрсатадиган, ҳалқига ва жамиятга фойдаси тегадиган етук фарзандни вояга еткизган бўлади. Аксинча бўлса, қарилик гаштини сураман деган вақтда ноқобил фарзанд ташвишидан қутулолмай турли муаммолар гирдобида  қоладилар. Шу ўринда Ўзбекистон Қахрамони, шоир А.Ориповнинг фил ва чумоли ҳақидаги тўртлигини эслайлик:

Филга айланибсан, чумоли, нечун?

Рўзғоримдан кўнглим тўқлиги учун.

Чумоли бўлибсан, сўйла, фил, нечун?

Рўзғоримда тинчим йўқлиги учун.

   Юртимиз равнақ топиб, ҳалқимиз фаровонликка юз тутди, ёшларимиз илм маърифатли бўлишига барча шароитлар мухайё, Президентимиз таъкидлагандай: “Авлодларимизнинг қалби ва онгини асраш, уларни миллий ва умумбашарий қадриятлар рухида тарбиялаш, фарзандларимизнинг дунёда рўй бераётган сиёсий жараёнларнинг маъно-мазмуни ва асл сабабларни чуқур англаш, ўз атрофида содир бўлаётган воқеалар ҳақида ҳаққоний маълумотларга, энг муҳими ўз мустақил фикрига эга, содда қилиб айтганда, оқни қорадан ажратишга қодир бўлишига эришишимиз таълим-тарбия ва маънавий-маърифий ишларимиз – асосий шарт ва мезон бўлиши даркор”.

Зайнилобиддинхон Қудратов,

Пискент тумани  “Мулла Бўта Қози” жоме масжиди

 имом-хатиби 

 

Read 6480 times

Мақолалар

Top