Мақолалар

Мен ҳам ота бўлдим...

Отанинг фарзандга меҳри-муҳаббати чексиздир, чунки у фарзандини ўз суратидан кўчирилган нусха, деб англайди. Зотан, отанинг тасаввури тўғридир. Фарзанд отанинг бир бўлаги, суратда, хулқ-атворда унга ўхшайди. Шунинг учун ота фарзанди тарбиясига диққат қилади. Ўзи истаган фазлу камолни фарзандига беришга, уни ўзидан кўра ҳам мукаммал қилиб етиштиришга ғайрат қилади. Шу мақсад йўлида ҳар қандай машаққатга бардош беради. Фарзанди ҳақида халқдан: “Тарбия қилган отасига раҳмат!” деган олқишни эшитса, севинади. Фарзанди орқали кўзлаган мақсадига етишни истайди, невара, эваралар кўриб, наслининг давом этишини орзу қилади. Мазкур орзуни ўзим ҳам қила бошладим. Чунки мен ҳам ота бўлдим ва чинакамига отамнинг қадрига етиб, кўнгилларидаги туйғуларни ҳис қила бошладим. Аммо, бази фарзандлар борки отасига нисбатан одобсиз ва қўполлик ила муносабатда бўлади. дунё эса чархпалак, сиз отангизга қандай муносабатда бўлсангиз албатта ўғлингиз ҳам сизга шундай муомалада бўлади.

Ўғил кўзлари хиралашиб қолган, овқат еяётганида қўллари қалтирайдиган қари отасининг иззат ва ҳурматини бажо келтирмас эди. Бир куни чол бечоранинг қўллари қалтираб, ош сузиб берилган чинни косани тушириб, синдириб қўйди. Буни кўрган келини нордон гап айтиб унинг кўнглини вайрон қилди. Ўғил эса отасини ҳовли этагидаги зах хонага кўчирди. Келин энди қайнотасига эски ёғоч косада таом берадиган бўлди. Бундан кўнгли озор топган қария вафот этиб кетган кампирини эслаб, зор-зор йиғларди. Унинг ёлғиз юпанчи ва суянчиғи беш ёшли набираси эди. Бола бобосининг ёнига келиб ўтирарди, маъсумона сўзлари, ёқимли қилиқлари билан бобосининг кўнглини овлаб, унинг ғам ва аламларини бир оз бўлса-да, енгиллатарди. Бола қўлига пичоқ олиб бир ёғочни йўниб ўтирганида отаси: “Ўғлим, нима қиляпсан?” - деб сўради. Бола юмушидан бош кўтармаган ҳолда жавоб берди:

- Дадажон, ойим эски ёғоч косада бувамга овқат берадилар. Мен ҳам ёғоч коса ясаяпман, катта бўлганимда ойим билан сизга шу косада овқат бераман. Гўдакнинг бу ибратли гапи отага таъсир қилди. У дарҳол зах хонада ётган отаси ҳузурига кирди, тиз чўкди, кўз ёши тўкиб, узр сўради...

Бир йигит Расулуллоҳга (с.а.в.) шикоят қилиб дедики:

-Отам қариб, жуда бевош бўлиб кетганлар. Ақлдан озганларми, деб қўрқаман. Уйимга келиб, қўлларига нима илинса, шуни олиб чиқиб кетаверадилар. Сарвари коинот (с.а.в.) отани чақиртирдилар. Ҳузурларига келган қари, бечораҳол, уст-бошлари хароб одамдан: “Ўғлингнинг гаплари тўғрими?” - деб сўрадилар. -Ҳа, тўғри, - деди чол. - Мен ўғлимни ўзим тарбия этганман. Онаси барвақт вафот этган эди. Ўзим емай - ўғлимга едирдим, ўзим киймай - ўғлимга кийдирдим. Қариганимда боқар, деб умид қилдим. Аммо у бераҳм чиқди. Мендан хабар олмайди. Ўзим уйига келиб, қўлимга илинган нарсани олиб чиқиб сотаманда пулига овқат олиб ейман. Ё Расулаллоҳ! Шу ишим дурустми ё дуруст эмасми? Отанинг бу гапларини эшитиб Расулуллоҳ (с.а.в.) ўғилнинг елкасидан маҳкам ушладилар-да, дедилар: “Топган нарсаларинг, ҳатто сенинг ўзинг ҳам отангнинг мулкидир. Агар топган мулкинг етмаса, отанг сенинг ўзингни сотиб пулини емоқликка ҳаққи бор. Сен ўйламагинки, топган мулкларимга ўзим эгаману отамнинг унга алоқаси йўқ, деб. Ҳаммасига отанг эгадир!”

Ислом дини ота – онага яхшилик қилишни Оллоҳ таолога ибодат қилишдан кейинги ўринга қўйган хамда бутун мусулмон умматига ота онага яхшилик қилишга уларга ҳаргиз “уф” демасликка ота она олдида овозини кўтармасликка ва маъсиятдан бошқа хар қайси ўринда уларга итоат этишга буюрган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай мархамат этади. “Роббингиз сизларга ёлғиз унинг Ўзига ибодат қилмоқлигингизни ҳамда ота – онангизга яхшилик қилишингизни амр этди”. (Исро, 32)

 

Саидаброр Умаров

Read 3181 times

Мақолалар

Top