Мақолалар

Қуёш нурларининг фойда ва зарарлари

Қуёш бизга энг яқин юлдуздир. Қуёш юзи Ер юзига ўхшаб қаттиқ ва мустаҳкам эмас. Бунинг исботи оддий: Қуёш юзининг ҳарорати 6000°С ни ташкил этади. Бундай ҳароратда ҳар қандай метал ва тош ҳам газга айланади, шу сабабли Қуёшни газ шари дейиш мумкин. Аслида Қуёш 75% водород гази ва 25% гелийдан ташкил топган. Қуёш материяни энергияга айлантиради. Қуёшдаги шу энергия водороднинг гелийга айланиш термоядер реакциялар асосида вужудга келади.

Қуёшдан келадиган нур Ерга етиб келганда, катта қисми атмосфера қобиғида тутилиб, қолган қисми Ер сиртига етиб келади. Бу нурларни “оқ нурлар” деб юритилади. Ушбу нурлар призма орқали кузатилганда етти хил рангга ажралиши, бундан ташқари, ультрабинафша, инфрақизил нур ҳам борлиги маълум.

Қуёш одатда рангли ва кўринмас нурли тўлқинларни тарқатади. Инфрақизил ва ультрабинафша нурлар кўринмас саналади. Уларни инсон кўзи илғамайди, лекин кўринмас нурлар инсон организмига кўпроқ таъсир ўтказади.

Айнан инфрақизил нурлар танада қон айланиши яхшиланишига хизмат қилади. Ўз навбатида, организмдаги барча ҳаётий жараённи фаоллаштиради, кайфиятни кўтаради, тетиклик ва қувват бағишлайди. Депрессиядан қутилишга кўмаклашади, шунингдек, оғриқ қолдириш хусусиятига ҳам эга.

Ультрабинафша нурлар эса Қуёш нурлари спекторининг атиги 5 фоизини ташкил этади. Лекин бу кўрсаткич ортиб кетса, инсон ҳаётига хавф солиши мумкин. Аслида ультрабинафша нурлар иммун тизими меъёрида ишлашини таъминлайди, касалликларга сабаб бўлувчи бактерияларга қарши курашади, тананинг эндокрин тизимини яхшилайди.

Қуёш нурлари бутун Ер юзи учун жуда фойдалидир. Келинг, унинг  қандай фойда ва зарарлари борлигини кўриб чиқайлик. 

Қуёш нурининг инсонга фойдалари

  • Инсондаги иммунитет тизимини мустаҳкамлайди.
  • Қуёшдан келадиган иссиқлик ва ёруғлик инсоннинг қувватига қувват қўшади.
  • Инсондаги зарарли бактерияларни йўқ қилади.
  • Қуёш нурлари остида муайян муддат тобланиш тананинг тери саратонидан, шунингдек, қовуқ, ошқозон ва йўғон ичак саратонидан ҳимояланишига сабаб бўлади.
  • Қуёш нурлари инсон танасида Д витамини ҳосил бўлишига сабаб бўлади. Бу витамин инсоннинг суяклари мустаҳкамланишига хизмат қилади.
  • Қуёш нурлари юрак билан боғлиқ касалликлардан ҳимоя қилади.
  • Танадаги холестерин миқдорини камайтиради. Тадқиқотлар натижасида шу нарса маълум бўлдики, ёз фаслида вафот этадиганлардан кўра қиш фаслида вафот этадиганлар кўпроқни ташкил этар экан. Бунга сабаб қишда Қуёшли кунларнинг озлигидир.
  • Сиқилиш, тушкунликнинг йўқолишига хизмат қилади.
  • Қуёш нурлари муайян миқдорда кўз пардасига етиб келса, тананинг бўшанишига сабаб бўлади.
  • Нурлар теридаги айрим касалликларга қарши курашади. Масалан, псориаз, экзема касалликларига.
  • Қуёш нурлари инсонни қандли диабет ва қон босимининг ошиши касалликларидан ҳимоя қилади.
  • Танадаги қон айланиш ишининг яхшиланишига сабаб бўлади.
  • Бўғимдаги оғриқларнинг пасайишига ёрдам беради.
  • Сочга ҳам кўп фойдаси бор. Соч тўкилишининг олдини олади. Бунинг учун ҳар куни Қуёш нурлари остида ўн дақиқа юриш кифоя.
  • Альцгеймер касаллигининг олдини олади.
  • Гарвард университети мутахассисларининг сўнгги изланишлари Қуёш кам чиқадиган ўлкалар аҳолиси орасида астма касаллиги кўпроқ учраши ва у оғир кечишини кўрсатди. Аслида Қуёшнинг астма касаллигини даволаш хусусияти ўтган асрдаёқ аниқланган. Ўшанда шифокорлар астма билан оғриган беморларга Қуёшли ўлкаларга боришни тавсия қилган.
  • Қуёш инсон танасида серотонин ва эндорфин моддалари ишлаб чиқарилишини таъминлайди. Эндорфинни хурсандчилик гормони, дейишади. Олимларнинг изланишлари шуни кўрсатдики, ер юзининг шимолида истиқомат қиладиган аҳолида депрессияга тушиш ҳолати жанубда яшовчиларга қараганда кўпроқ кузатилар экан ва бу Қуёш нури етишмаслиги билан боғлиқ.
  • Инсон атрофидаги ҳамма нарсани кўриши учун ёруғликка, нурга эҳтиёжи бор. Агар Қуёш нури бўлмаса, инсон ҳеч нарсани кўра олмайди.

 

Қуёш нурининг инсонга зарарлари

  • Офтоб уришига олиб келади. Бунда инсоннинг кўнгли айнийди, боши оғрийди, айланади, ҳатто ҳушидан кетиш ҳолати рўй бериши ҳам мумкин.
  • Қуёш нурида кўп юриш терининг қуруқшаб боришига сабаб бўлади.
  • Тери саратонига сабаб бўлади.
  • Қуёш нури остида кўп юриш кўзнинг тўрпардаси зарарланишига олиб келади.
  • Терининг қаришига ва ажин босишига олиб келади.
  • Терида доғлар пайдо бўлишига сабаб бўлади.
  • Юз ва танада сепкиллар пайдо бўлишига олиб келади.
  • Сочнинг қуришига, тўкилишига, рангининг хиралашишига сабаб бўлади.

Эҳтиёт чоралари

  • Қуёш нурларининг зарарли таъсиридан терини ҳимоялаш учун танани муносиб нарса билан ёпиш, бошни асраш учун соябонли бошкийим кийиш, кўзни асраш учун қора кўзойнак тақиш керак.
  • Очиқ рангли либослар кийиш керак. Энг афзали оқ рангли, енглари узун бўлиши мақсадга мувофиқ.
  • Ҳаво иссиқ бўлган пайтларда қора кийим киймаслик. Чунки қора ранг иссиқликни қайтармайди, аксинча, ютади. Натижада тананинг қизиб кетишига сабаб бўлади.
  • Кўп миқдорда сув ичиш. Бу сув иссиқ ҳаводаги терлаш натижасида йўқотилган суюқлик ўрнини тўлдиради.
  • Тез-тез ҳаммомга тушиш орқали танани совутиш ва тоза сақлаш.
  • Уй, ҳовли атрофига баланд ва зич бўлиб ўсадиган дарахтлардан экиб, унинг сояси воситасида ҳовлидаги ҳавонинг иссиғини бироз юмшатиш мумкин.
  • Кундуз кунлари Қуёш нурлари остида юрмаслик тавсия этилади.
  • Даволаниш мақсадида қуёш нури остида бўлиш “Қуёш ваннаси”, деб аталади. Қуёш ваннаси учун энг қулай вақт — тонгги соат 6 дан 11 гача ва кечки 16 дан то қуёш ботгунча. Бунда тонгги қуёш организмни тетиклаштирса, кечки пайт тинчлантиради. Шунингдек, ушбу вақтда ультрабинафша нурлар баданга тик тушмайди ва терига чуқур кириб бормайди. Бу эса терида куйиш ва турли тери касалликлари пайдо бўлишининг олдини олади. Кун ярмида Қуёш нурлари жадал ҳаракатланади ва организм учун зарарли саналади. 

Қуёш нурларининг ҳайвон ва ўсимликларга таъсири

  • Барча тирик мавжудот Қуёш нурига эҳтиёж сезади.
  • Ҳайвонлар ўзларининг кўпайиш мавсумларини белгилашда Қуёш нурининг аҳамияти жуда каттадир.
  • Ўсимликлардаги фотосинтез жараёни бевосита Қуёш нурлари билан боғлиқ. Фотосинтез жараёнида хлорофилл деган модда ўсимлик баргларининг яшил рангга бурканишига хизмат қилади.
  • Барча ўсимликларнинг униб-ўсиши, ғунча тугиши, гуллаши, мева солиши, мевасининг рангга киришида Қуёш нурининг ўрни каттадир.
  • Ўсимликларнинг нафас олиши, яъни ўзидан кислород чиқариб, карбонат ангидрид газини ютиши учун ҳам Қуёш нурлари зарур.

Юқоридагилардан маълум бўлдики, инсон, ҳайвон ва ўсимликлар яшаши, Ер юзи тинч ва барқарор ҳолатда туриши учун Қуёш нури сув ва ҳаводек зарур экан. Тириклик учун ушбу нурларнинг аҳамияти ниҳоятда катта экан. Энди мана бу оятга яхшилаб эътибор берайлик.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

وَالشَّمْسِ وَضُحَاهَا                                     

“Қуёш билан ва унинг зиёси билан қасам” (Шамс сураси, 1-оят).

Бу оятда Аллоҳ таоло Қуёш ва унинг зиёси билан қасам деяпти. Зиёси дегани нури деганидир. Биз биламизки, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда нималар билан қасам ичган бўлса, бу – ўша нарсаларнинг аҳамияти катталигини билдириш, таъкидлаш учундир. Юқорида ўрганганларимиздан маълум бўлдики, Қуёш ва унинг нури оддий нарсалар эмас экан. Балки уларнинг Ер юзида ҳаёт давом этиши учун жуда катта ўрни, ҳиссаси, таъсири бор экан. Бундан 1400 йил олдин Қуръони Каримдаги битта оятнинг ўзида Қуёшнинг ва унинг нурининг нақадар аҳамиятли эканига ишора қилинган.

 

Интернет маълумотлари асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади   

Read 11871 times

Мақолалар

Top