Мақолалар

Марҳумларнинг Қуръон тиловатидан насибаси

Барчага маълумки, мусулмонлар қайси мазҳабда бўлишларидан қатъи назар марҳумларга атаб хатм ўтказиш, жумладан қабристонда Қуръон тиловат қилишга фатво берганлар. Аммо айрим мутаассиб кучлар томонидан бу эзгу амалга зид ҳолда ёндашадиганлар ҳам топилиб қолмоқда. Улар ўз раҳнамолари томонидан чиқарилган далил-исботсиз гап-сўзга учмоқда.

Ўтган алломаларимизнинг фикрларига суяниб қарайдиган бўлсак, диний аҳкомлар ақлга эмас, балки нақлий далилларга таянади. Ақлни нақлдан устун қўйганлар шариатга енгил-елпи қараган турли чаласаводлар каби динни нотўғри тушунтиришга уринишади. Натижада ўзлари ҳам адашади, бошқаларни ҳам тубанлик сари етаклайди.

Шуни афсус билан айтишимиз керакки, қабристонда ёки бирор ерда марҳумлар ҳақига тиловат қилиш мумкин эмаслиги, унинг фойдаси йўқлиги, шариатда ман этилгани борасида заиф бўлса-да бирор ҳадисни топа олмайсиз. Аксинча ояти карима, ҳадиси шарифлар ва алломаларнинг фикрлари унинг марғуб амаллардан эканлигини таъкидлайди.

Аллоҳ таоло марҳумлар ҳаққига дуо қилганларни тавсифлаб мақтаган:

«Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: «Эй, Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари иймон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй, Раббимиз! Аллбатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!» (Ҳашр сураси, 10- оят).

Буюк ватандошимиз имом Абулайс Самарқандий «Баҳрул улум» тафсирида қуйидагиларни ёзадилар: «Бу оятда мўминлар зиммасига ўзларидан олдин ўтган биродарлари учун Аллоҳдан мағфират сўрашлари бурч эканига далил бор. Шунингдек, ундан мўминлар ўзларининг ота-оналари ва таълим берган муаллимлари ҳаққига ҳам истиғфор айтиши кераклиги келиб чиқади».

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Қачон бирингиз вафот этса, уни ушлаб турманглар. Қабрга тезроқ элтинглар. Унинг бош тарафида «Фотиҳа» сураси, оёқ тарафида «Бақара» сурасининг охири ўқилсин», – деганларини эшитдим» (Имом Табароний ва имом Байҳақий ривояти).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бири қабр устига капасини тикиб олди. У ер қабр эканини билмасди.  Бир куни қабр ичидаги инсон «Таборак» сурасини охиригача қироат қилганини эшитди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, билмасдан қабрнинг устига капамни қуриб олибман. Унинг ичида бир одам «Мулк» сурасини қироат қилди», – деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У («Таборак» сураси) ман қилувчидир. У нажот берувчидир. Қабр азобидан нажот беради», – дедилар (Термизий ва Табароний ривояти).

Ўликнинг қабр ичида туриб Қуръон қироат қилгани собит бўлганидан кейин тириклар қабр устида туриб қироат қилишларини нима учун ман қилиш керак экан?! 

Шунинг учун, бизда дафндан кейин «Таборак» сурасини қироат қилиш одат тусига айланган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким мақбараларга кирганда «Ёсин» сурасини қироат қилса, Аллоҳ ўша куни уларга енгиллик беради ва унга ўша ердаги нарсалар ададича ҳасанотлар бўлади», – деганлар.

Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўликларингизга «Ёсин» сурасини қироат қилинглар», – дедилар» (Аҳмад, Ибн Можа, Абу Довуд ва Ҳоким ривояти). 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким қабристонга кириб, «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўн бир марта ўқиб, савобини ўликларга бағишласа, унга ўликлар ададича ажр берилади», – дедилар» (Дорақутний ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким қабристонга кириб «Фотиҳа», «Қул ҳуваллоҳу аҳад» ва «Алҳакумут такасур» сураларини ўқиб, кейин «Аллоҳим! Ушбу каломингдан ҳосил бўлган савобни қабристондаги мўмин ва мўминаларга атадим», деса, Аллоҳга у хусусида шафоатчи бўлишади», – дедилар» (Абулқосим Занжоний ривояти).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким қабристонга кириб «Ёсин» сурасини ўқиса, Аллоҳ таоло у ердагилардан азобни енгиллатади ва у ердагилар ададича ҳасанот ёзади», – дедилар» (Соҳибул Халол ривояти).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қабрда ётган маййит бамисоли сувда ғарқ бўлиб кетаётган ва ёрдам сўраётган кишига ўхшайди, у ўз отаси, онаси, фарзанди, дўстидан ёрдам сўрайди. Агар улардан дуо етса, унга бутун дунё бойлигидан улуғроқ ҳадя етган бўлади. Тириклар дуоси сабабли қабр аҳлларига тоғлардек катта савоблар етади. Тирикларнинг маййитларга қиладиган ҳадяси улар ҳаққига истиғфор айтишдир», – дедилар» (Имом Байҳақий ва Дайламий ривояти).

Ҳадисдан шу нарса маълум бўладики, тирикларнинг дуоси туфайли ўтганларнинг охиратдаги даражалари кўтарилади, уларнинг руҳлари хушнуд бўлади.

Имом Бухорий қуйидаги  ҳадисни ривоят қиладилар: «Руҳлар оламида бир кишининг даражаси ўз-ўзидан кўтарилиб қолар экан. Шунда у: «Эй Роббим, бу қанақаси бўлди, ҳеч қандай амал қилмасам ҳам даражам кўтарилиб қолибди», дер экан. Шунда унга: «Сенинг ҳаққинга дунёдаги яқинларингдан бири дуо қилган эди, дуоси қабул бўлди ва сенинг бу ердаги даражанг кўтарилди», дейилар экан».

Умму Афиф Наҳдийя ва Умму Шарик розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилинганида, биз аёллар ҳам байъат қилдик. Ўша байъатда ўликларимизга «Фотиҳа» сурасини ўқишга буюрдилар» (Имом Табароний ва Ибн Можа ривояти).

Машҳур саҳобий Абдураҳмон ибн Алаа вафотлари яқинлашган пайтда ўғилларига: «Мени қабримга қўйсангиз, «Бисмиллаҳи ва ала суннати Расулиллаҳи», денглар. Сўнгра устимга тупроқ тортинглар. Кейин бош тарафимда «Бақара» сурасининг аввали ва охирини қироат қилинглар. Чунки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана шундай деганларини эшитганман», – деб васият қилган эканлар» (Имом Байҳақий ривояти).

«Тафсири Жалолайн» китобининг муаллифи имом Жалолиддин Суютий раҳматуллоҳи алайҳ: «Мусулмонлар барча асрларда ҳеч қандай инкорсиз жамланиб, ўликларига қироат қилиб келмоқдалар. Бас, бу нарса ижмоъ бўлади. Қабрга қироат қилишга келсак, унинг шариатда борлигига бизнинг асҳобларимиз ва бошқалар жазм қилганлар».

«Муснадул Фирдавс» китобида: «Қайси бир ўлик ўлгандан кейин унинг олдида «Ёсин» сураси қироат қилинса, албатта, Аллоҳ унга енгиллик беради», – дейилган.

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ айтганлар: «Машойихлар қачон маййит учун «Ёсин» сураси қироат қилинса, унга енгиллик берилади, дейишган».

Имом Қуртубий айтганлар: «Баъзи уламолар қабр олдида Қуръон қироати қилинишига икки новда ҳадисини далил қилишади ва қабрларга дарахт экиш ҳамда Қуръон тиловатининг фойда эканини таъкидлашади. Дарахтлар азобни енгиллатганидан кейин қандоқ қилиб мўмин кишининг Қуръон тиловат қилиши фойда бермасин. Шунинг учун, уламолар қабр зиёратини мустаҳаб, тиловат эса зиёратчидан маййитга туҳфадир, дейишган».

Имом Нававий «Саҳиҳ Муслим»нинг шарҳида: «Уламолар қабр олдида Қуръон тиловат қилишни мана шу ҳадисга асосан мустаҳабдир, дейишган. Шохнинг тасбеҳи билан азоб енгил бўлгач, Қуръон тиловати билан азобнинг енгиллашиши янада аълороқдир», – деганлар.

Имом Шаъбий айтганлар: «Ансорийлар маййит ҳузурида «Бақара» сурасини ўқишар эди».

Имом Халлол айтганлар: «Ансорлар агар бирор маййит ўлса, унинг қабрига навбат билан қатнаб, у ерда Қуръон ўқишар эди».

Иброҳим Нахаий айтганлар: «Қабрлар олдида Қуръон қироат қилишнинг асло зарари йўқ».

Заъфароний айтганлар: «Шофеъийдан қабрлар олдида қироат қилиш хусусида сўраганимда, у зот зарари йўқ, дедилар».

 Ҳанафий олимлари келтиришларича «Фатавои ҳиндийя» китобида: «Маййит дафн этилгач, қабр олдида бир ҳайвонни сўйиб, гўштини тақсимлаб бўлгунча миқдорда тиловат қилиб, маййитга дуо қилиш мустаҳабдир», – дейилган.

Имом Нававийнинг «Ал-Азкор» китобларида келтирилади: «Маййитни дафн қилиб бўлингач, бир ҳайвонни сўйиб, тақсимлангунича қабр бошида ўтириш мустаҳаб амалдир. Ўтирганлар Қуръон тиловати, маййитга дуо, ваъз, хайр аҳлининг ҳикоялари ва солиҳларнинг суҳбатларига машғул бўлишади. Имом Шофеъий ва у зотнинг асҳоблари Қуръондан баъзи қисмлари ўқилади. Бордию Қуръоннинг барчаси хатм қилинса, янада яхшироқ бўлади», – дейишган».

Ибн Қайюм «Руҳ» номли китобида айтадилар: «Одамлар қадим пайтлардан то ҳозирги вақтимизгача ҳадис собит бўлмаса ҳам барча шаҳар ва асрларда ҳеч қандай инкорсиз бунга амал қилиб келишмоқда. Бу уммат мағрибдан машриққача ушбу одатни татбиқ қилган. У умматларнинг ақл ва маърифат жиҳатидан энг мукаммали бўлиб, ҳеч қачон эшитмайдиган ва ақл қилмайдиган кишига хитоб қилмайди. Мана шу нарсани бирор инкор қилувчи инкор қила олмайди. Балки бу аввалгиларнинг кейингиларга суннати бўлиб, кейингилар аввалгиларга эргашишади».

Албатта, Қуръон тиловати энг афзал ибодатлардан бўлиб, у билан мусулмон банда Раббисига яқин бўлади. Қуръон қироати инсон хоҳ вафотидан кейин бўлсин, хоҳ манзилида ёки уйида бўлсин, хоҳ жанозадан кейин ёки олдин бўлсин ёки қабр олдида бўлсин, бу нарса шаръий ҳукмда жоиз бўлиб, Аллоҳнинг фазли билан маййитни қабрида азобдан енгиллашишига сабаб бўлади.

Шунингдек, Шофеъий мазҳаби уламолари ҳам қироатнинг савоби агар ўқувчи Аллоҳдан сўраса, маййитга етиб боришини айтишган.

Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ: «Қабр олдида қироат қилишнинг ҳеч қандай зиёни йўқ», – деганлар.

Ҳанбалий фақиҳларидан Ибн Қудома «Муғний» китобида: «Маййит барча қурбат бўлувчи нарсалардан манфаат олганидек Қуръон қироатидан ҳам манфаат олади. Демак инсон қандай қурбат қилса ҳам савобини маййитга бағишласа, Аллоҳнинг изни билан манфаат олади».

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал қабр олдида қироат қилишни авваллари инкор қилар эдилар. Кейинчалик ўз фикридан қайтганлар. Шунга биноан Ҳанбалий олимлари қабр олдида Қуръон тиловати жоизлигини айтишган.

Ибн Абу Зайд «Рисола» китобида Ибн Фарҳундан ривоят қилиб айтишларича, Моликий имомлари ҳам маййитга қироат савоби етишини нақл қилишган.

Ҳанафий мазҳаби бўйича ҳам қабрларни зиёрат қилиш эркак ва аёлларга мандубдир. Ҳанафий мазҳабидагилар маййитга ҳамда тирикларга ҳам Қуръон қироатининг савоби етиб бориши жоизлигини айтишган. Мазҳабнинг фатволари жамланган «Ҳидоя», «Бадоиъ», «Баҳр» ва бошқа китобларда бу ҳақда айтилган. 

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Қуръон тиловати маййитга хоҳ у маййит қабрда бўлсин ёки ундан узоқда бўлсин, жоиздир. Аллоҳ изни билан савоби маййитга етиб боради.

Марҳум ва марҳумаларнинг яхши сифатлари ва хайрли амаллари эсланса, у жойга барака нозил бўлади. Суфён ибн Уяайна раҳматуллоҳи алайҳ: «Солиҳ кишилар эсланган вақтда Аллоҳ таолонинг раҳмати тушади», – деганлар.

Кўриб ўтганимиздек, қироатни ман қилувчи ҳеч қандай далил мавжуд эмас. Маълумки, шариат бўйича бирор ишни қилишга ҳам, қилмасликка ҳам далил-ҳужжат бўлиши керак. Ўликка қироат қилиш ва савобини бағишлашни ман қиладиган бирорта далил йўқ.

Албатта, марҳумларни эслаш билан уларнинг ҳаққига Аллоҳ таолодан раҳмат ва мағфират сўралади. Бу нарса бандаларнинг зимасидаги бурчдир.

 

Эркин ҚУДРАТОВ,

Мир Араб ўрта махсус ислом

билим юрти мударриси

 

 

Read 6301 times

Мақолалар

Top