Мақолалар

Фирибгарлик - оғир жиноят

Кейинги вақтларда жамиятимизда ўзгаларнинг молини ноҳақ йўллар билан ўзлаштириш, хусусан фирибгарлик жинояти тез-тез содир бўлиб турмоқда. Аждодлари дину диёнат, ахлоқу одоб, ор-номус, ҳалолу покликка одатланган ўзбек халқининг авлодларидан мазкур жиноятга қўл ураётганларнинг учраши ачинарли ҳолдир. Ҳолбуки, динимизда бировнинг молини алдов, фирибгарлик, чув тушириш йўли билан ўзлаштиришдан қаттиқ қайтарилган. Қуръони каримда бу ҳақда шундай баён этилган:

Мол (ва бойлик)ларингизни ўрталарингизда ботил (йўллар) билан емангиз! Шунингдек, била туриб, одамларнинг ҳақларидан бир қисмини гуноҳ йўли билан ейиш (ўзлаштириш) мақсадида уни ҳокимларга ҳавола этмангиз!” (Бақара сураси, 188-оят).

Фирибгарлик жинояти молни ботил йўл билан ейишнинг бир кўриниши бўлиб, бундай йўл билан топилган мол дўзах оташининг бир бўлаги ҳисобланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича марҳамат қиладилар:

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари бўлмиш Умму Салама розияллоҳу анҳо ривоят қилиб айтадилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳужраларининг олдида жанжал овозини эшитиб, ташқарига чиқдилар ва дедилар: “Мен ҳам бир инсонман. Менинг ҳузуримда ҳақ талашиб, даъво билан келиб турасизлар. Балки бирингиз бошқангиздан сўзга чечанроқ бўлиб чиқарсиз ва мен уни рост гапиряпти, деб шунга қараб ҳукм чиқараман. Лекин билиб қўйингки, мен кимга бирор мусулмоннинг ҳаққини олиб берган бўлсам, ўша нарса дўзахнинг бир чўғидир. Хоҳлаган уни олсин, хоҳламаган олмасин” (Имом Бухорий ривояти).

Сир эмаски, кейинги вақтларда баъзи кишилар одамлардан қарзга ёки шерикчиликка, деб пул олиб, охир-оқибат уни қайтармай ўртада низо чиқиши, яқин кишилар бир-бири билан юз кўрмас бўлиб кетиш ҳолатлари кузатилмоқда. Албатта, зарурат учун қарз олиш ёки шерикчилик билан шуғулланиш жоиз. Бироқ, олган қарзини пайсалга солмай қайтариш, шерикчиликда эса хиёнат қилмаслик лозим. Акс ҳолда бошланган ишлар ортга кетиб, касодга учраши тайин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким одамларнинг молини қайтариб бериш мақсадида олса, Аллоҳ таоло унга ёрдамчи бўлади. Ким одамларнинг молига талофат етказиш (чув тушириш) учун олса, Аллоҳ таоло унинг ўзига талофат етказади” (Имом Бухорий ривояти).

Айниқса, савдо-сотиқ вақтида ҳаридорга фириб бериш, масалан, айбли молни айбини яшириб сотиш ёки сохта молни асл мол, деб сотиш энг оғир гуноҳдир. Қуйидаги ҳадислар бунга очиқ далил бўлади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дон сотаётган одамнинг ёнидан ўтиб қолибдилар. Унинг дони орасига қўл тиқиб кўрсалар, намланиб қолган экан. “Бу нима?!” деб сўрадилар. Сотувчи: Эй Расуллуллоҳ! Унга ёмғир тегибди”, деди. Шунда Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уни устига қуймайсанми, одамлар кўрар эди” дедилар ва “Кимки алдаса, мендан эмас!” дедилар (Имом Мусим ривояти).

Ҳадиснинг арабча матнидаги “ғаш” сўзи луғатда “алдамоқ, фириб бермоқ, сохталаштирмоқ” маъноларида келади. Демак, умумий маънода алдов, фирибгарлик, бирор нарсани сохталаштириш мусулмоннинг иши эмас экан. Яна бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Туя ва совлиқларингизни (серсут қилиб кўрсатиш мақсадида) атайлаб соғмай қўйманглар! Кимки (билмай) шундай ҳайвонни сотиб олган бўлса, унинг ихтиёрида икки йўл бордир, бири – уни ўзида олиб қолмоқлик, иккинчиси уни эгасига қайтариб бермоқликдир. Агар қайтариб берадиган бўлса (бир-икки кун соққани учун) бир соъ хурмо қўшиб берсин!” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Демак, соғин сигир ва қўйларни сотишда ҳадисда баён этилганидек, фирибгарлик усулларини қўллаш ҳам жоиз эмас. Бизнинг ҳанафий мазҳабимизда “Борди-ю молни қайтариб бериладиган бўлса, унга хурмо қўшиб берилмайди”, дейилган.

 

Раҳмонов Абдуқаюм,

Ургут туман “Абдуқаҳҳор” масжиди имом хатиби

Read 4305 times

Мақолалар

Top