Мақолалар

Одамлар учун яратилган махсус “уй”

Инсон қанчалик мўъжиза бўлса, унинг “бошпанаси” бўлмиш курраи Замин – Ер сайёраси ҳам шунчалик мўъжизавийдир. “Эволюция натижасида ўз-ўзидан” инсоннинг пайдо бўлганига ишониш қийин бўлганидек, Ер ҳам чексиз Коинотнинг қайсидир пучмоғидан чиқиб, ўз-ўзидан келиб қолмаган! 

Фалакшунос олимлар ўз тадқиқотларида Ер – Инсон яшаши учун “махсус” яратилган, деган хулосага келишмоқда. Ерда ҳаётнинг турфа шакллари мавжуд. Ўзининг тузилиши, ранги ва хусусиятлари билан фарқланувчи ҳайвонлар, ўсимлик, ҳашорат ва денгиз жонзотларининг миллионлаб турлари ушбу ғаройиб сайёрада мукаммал уйғунликда ҳаёт кечирадилар. Мовий сайёрамизда барча тирик жонзотни ҳимоя қилувчи нозик мутаносиблик бор. Яъни, Ерда ҳамма нарса дақиқ ҳисоб-китоб билан яратилган. Қисқа қилиб айтганда Ер сайёраси биз бандалар – Одам алайҳиссалом фарзандлари учун махсус яратилган бўлиб, бу ҳақда Аллоҳ таоло Ўз каломида шундай марҳамат қилади: 

Эсланг, (эй Муҳаммад!) Раббингиз фаришталарга: «Мен Ерда халифа (Одам) яратмоқчиман», – деганида, (улар) айтдилар: «Унда (Ерда) бузғунчилик қиладиган, (ноҳақ равишда) қонлар тўкадиган кимсани яратмоқчимисан? Ҳолбуки, биз Сенга ҳамдинг билан тасбеҳлар айтамиз ва Сени муқаддас деб биламиз. (Аллоҳ) айтди: «Албатта, Мен сизлар билмаган нарсаларни билурман». (Бақара сураси, 30)

Яна Аллоҳ таоло Ер, Осмон ва ундаги барча жонли ва жонсиз нарсаларни яратилиш вақти ҳақида ҳам таъкидлайди:

У осмонлар ва Ерни ҳамда уларнинг орасидаги (барча) нарсаларни олти кунда яратиб, сўнгра Арш узра «муставий» бўлган зотдир. У Раҳмондир. Бас, У зот ҳақида хабардор (билимдон киши)дан сўранг! (Фурқон сураси, 59)

Канада дорилфунини  профессори Франк Алейн бундай дейди: «Биз яшаб турган заминни ташқи самовий жисмлардан ҳимоя қилиб туриш учун қалинлиги қарийб саккиз юз километрли ҳимоячи газлар (атмосфера) яратилган. У ҳар куни сониясига юз эллик километр тезликда Ерга тушиши мумкин бўлган йигирма миллион дона самовий тошларни қайтариб, заминни улардан ҳимоя қилиб туради, бу тошларнинг ҳаммаси атмосферада тўқнашади. Бундан ташқари атмосфера  замин сиртида ҳаёт учун  зарур бўлган иссиқ ҳароратни бирдай сақлаб туради. Бордию бу жараён узлуксиз  суратда давом этмаганида, ерда яшаб бўлмасди». 

Олимларнинг аниқлашларича, атмосфера қатламининг 78 фоизини азот, 21 фоизини кислород ва 1 фоизини нафас олишимиз учун зарур бўлган бошқа моддалар ташкил қилар экан. Агар ҳаводаги кислороднинг миқдори 21 фоиздан ошиб кетса, бир учқун билан Ер юзини ёқиб юбориш мумкин бўлади. Агар ҳаводаги кислород 21 фоиздан камайиб кетса, лоақал, гугурт ҳам ёқолмас эканмиз. Яна бир қизиқ маълумот: агар атмосферада карбонат ангидрид бўлмаса, Еримиз Қуёшдан олаётган энергиянинг асосий қисмидан маҳрум бўлади. Оқибатда Ер юзи ҳаддан ташқари совиб, барча жонзотлар қирилиб кетарди. Агар карбонат ангидрид миқдори ортиб кетса, ҳарорат 400 даражагача кўтарилиб кетган бўлар эди. 

Демак, ҳамма нарса ўзаро уйғун, ҳаммасининг ўлчови, ҳисоби бор. 

Беадад коинотда Ер гўёки бир нуқтадек. Бунинг устига, биз учун бепоён кўринган Қуёш тизимимиз – улкан Галактика олдида гўё чанг зарра­сидек кичик ўлчамга эга. Яъни, Сомон йўли деб номланувчи галактикамизда худди Қуёш тизимига ўхшаш, яна тахминан 100 миллиард юлдуз туркумлари мавжуд! Галактикамиз шунчалик улканки, унинг бир четидан иккинчи учига ёруғлик тезлиги (сониясига 300.000 км. тезлик)да етиб бориш учун 90.000 йил керак бўлади.

Фалакшуносларнинг таъкидлашича, Қуёш тизими яратилганидан буён ҳали ўз ҳаракати давомида бир жойдан икки марта ўтмаган ва ўтмайди ҳам. Демак, биз (Ер сайёраси) Қуёш тизими таркибида (у эса “Сомон йўли” галактикаси ичида) чексизлик бўйлаб чексиз... сафар қилмоқдамиз!

Америкалик таниқли астроном Хью Росс ўзининг “Яратгувчи ва Коинот” номли китобида ерда мавжуд бўлган ва унда ҳаёт кечириш имконияти яратаётган ғаройиб тизим мувозанатларининг фақат айримларини қайд этиб ўтади. Булар: 

Ернинг тортишиш кучи

Агар ушбу куч кўпроқ бўлганда, у ҳолда Ернинг атмосфераси ўзида кўп миқдорда аммиак ва метанни тўплаб оларди, бу эса барча жонзотлар ҳаёт кечириши имкониятини йўққа чиқарар эди.

Агар у камроқ бўлганда, Ер атмосфераси жуда кўп миқдорда сув йўқотарди ва бу ҳолда ҳам ҳаёт кечириш мумкин бўлмас эди. 

Ер қобиғининг қалинлиги

Агар ушбу кўрсаткич сал каттароқ бўлганда, атмосферадан ер қобиғига жуда кўп миқдорда кислород ўтган бўлар эди. Агар у сал камроқ бўлганда эса, бу вулқонлар фаоллигининг кескин ошишига олиб келар, натижада ҳаёт кечиришнинг иложи бўлмай қолар эди. 

Ернинг ўз ўқи атрофида айланиш тезлиги

Агар бу тезлик камроқ бўлганда, тундаги ва кундузги ҳарорат ўртасидаги фарқ жуда ҳам катта бўлар эди. Агар у кўпроқ бўлса, атмосфера шамолларининг тезлиги жуда ҳам юқори бўлиб, тўхтовсиз бўрон ва сув тошқинлари ҳаёт кечириш имкониятини йўққа чиқаради. 

Озон қатламининг қалинлиги

У сал қалинроқ бўлганда, ер сиртининг ҳарорати кескин камайган бўлар эди. Агар у сал камроқ бўлганда, Ер сирти қизиб кетар, бундан ташқари Қуёшдан келувчи зарарли ультрабинафша нурланиш олдида Ер мутлақо ҳимоясиз қолган бўлур эди. 

Сейсмик фаоллик

У сал каттароқ бўлса: бу ҳаёт учун хавфли бўлган ҳалокатли, вайрон қилувчи доимий ер силкинишларини келтириб чиқарган бўлар эди.

Агар у пастроқ бўлса: океан тубидаги озиқлантирувчи моддалар сув билан аралаша олмас эдилар, бу эса океан ва денгизлардаги тирик организмлар ва, табиийки, сайёрамиздаги барча тирик жонзотлар ҳаёти учун салбий оқибатларга олиб келган бўлар эди.

Бундай аниқ тартиб, ўз-ўзидан пайдо бўлиши мумкинми?

Бугунги фаннинг иқрори шуки, ҳозиргача маълум бўлган энг кичик зарра (протон) билан коинотдаги улкан галактикалар ўртасида ҳам ягона бир мужиссамлик, муштараклик мавжуд экан. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, бир чанг заррасининг ердан кўтарилиши ҳам – “ўз-ўзидан” эмас, балки Аллоҳнинг изни билан бўлади. 

“Аллоҳ осмонлар ва Ерни ҳаққонийлик ила яратгандир. Албатта, бунда (ҳикмат ва қудрат яратишида) мўминлар учун аломат бордир.” (Анкабут сураси, 44)

Аллоҳ таоло ҳеч биримизни ҳидоятдан айирмасин!

 

Саидаброр Умаров тайёрлади

Read 3158 times

Мақолалар

Top