Мақолалар

Сафар одоблари

Инсон  ҳаёти давомида  яқинларининг зиёрати, тижорат ва турли мақсадларда сафар қилади.

 Сафарга отланаётган киши унинг одобларини билмоғи лозим. Дастлаб, сафарда ишлатиладиган зарур буюмлар тайёрланади. Сафар олдидан ота-она, илмли, солиҳ кишиларнинг насиҳат ва дуоларини олиш лозим. Киши сафар давомида кўпроқ ўзи ва бошқалар ҳаққига дуо қилиши керак. Зеро, унинг дуоси мустажобдир.

Сафарга борилаётган юртда инсонга зарур бўлган қуйидаги беш нарсани муҳофазаси учун кафолат бўлмаса сафар қилиб бўлмайди:

  1. Ҳаётига таҳдид бўлса. Уруш жанжал ва фитна бўлаётган жойларга сафар қилиш мумкин эмас.
  2. Дини ва эътиқоди бузилишига ҳаракат қилинадиган жой бўлса. Баъзи бир жойларда дин ва эътиқоди ўзгаришлиги ва оқибатда дунёси ва охирати барбод бўлишлиги мумкин бўлганлиги учун сафар қилиш мумкин эмас.
  3. Молига тажовуз қилинса. Қийналиб топган мулки ёки қимматбаҳо буюмини муҳофазаси учун шу ер масъуллари кафолат бермаса у ерга ҳам сафар қилиш жоиз эмас.
  4. Обрусини туширадиган иш бўлса. Аллоҳ инсонни мукаррам қилган уни миллати, ирқи, жинси ёки обрўсини камситиладиган жойлар бўлса, у ерга ҳам сафар қилиш жоиз эмас.
  5. Саломатлигига путур етса. Инсонга берилган бебаҳо неъматлардан бири саломатликдир. Сафар қиладиган жойида вабо, ОИТС ва бошқа шу каби инсон ҳаёти учун хавфли ва юқумли касалликлар тарқалган жойларга ҳам сафар қилиш мумкин эмас.

Сафарда мақсад ҳосил бўлгач, тезда уйга қайтиш лозим. Ҳадисда: “Сафар азоб-уқубатнинг бир кўринишидир. Сизлардан бирингиз сафарга чиқса, таоми, ичимлиги ва уйқусидан тўла баҳра ололмайди, (сафарда) истаги ҳосил бўлса, оила-аҳлига шошилсин”, дейилган (Имом Бухорий ривояти).

 Киши юқорида санаб ўтилган сафар одобларига амал қиладиган бўлса, сафар машаққатларини осон енгиб ўтади ва кўзлаган мақсадига эришади, ИншаАллоҳ.


Обидхон Икрамов

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси

Read 3556 times

Мақолалар

Top