Мақолалар

Азиз Ватаним, ҳур диёрим менинг

«Ўзбекистон – муқаддас Ватан, ота-боболаримиз ётган ер, ўзимиз ётадиган ер. Фарзандларимизни шу заминга садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбларида шу муборак заминнинг ҳар қаричига меҳру муҳаббат уйғотиш бугунги куннинг энг устивор фазилатларидан бирига айланаётгани ҳаммамизни қувонтиради».                           

                                Ислом Каримов

Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йили мобайнида барча соҳалар  қатори диний соҳада ҳам улкан муваффақиятларга эришилди. Бу даврда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида эришилган  энг катта ютуқларимизнинг асосийларини эсласак, қуйидагиларни айтиш мумкин:

  • ЎМИ таълим тизими шаклланди ва халқаро миқёсда эътироф этилди.

  • ЎМИ раиси, муфтий Усмонхон Алимов ва раис ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур Ислом оламидаги энг мўътабар халқаро ташкилотларга аъзо этиб сайланишди ва бу ташкилотлар ишида фаол иштирок этишмоқда.

  • Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган барча масжидлар малакали, дипломли кадрлар билан тўлиқ таъминланди.

  • Диний соҳада халқаро миқёсда эътироф этилаётган ютуқлардан Юртбошимиз ташаббуси билан Самарқандда очилиб, фаолият олиб бораётган Имом Бухорий халқаро маркази фаолияти таҳсинга лойиқ.

  • Масжидлар ободончилиги ва намозхонлар учун шаклланган шароит дунёнинг ҳеч бир мамлакатида мавжуд эмас.

  • Мамлакатимизда буюк бобокалонларимиз қўним топган зиёратгоҳлар қайта тикланди, обод этилди. Ҳазрати Имом мажмуаси бунёд этилгани ва диний идора янги бинога кўчиб ўтгани, шубҳасиз энг катта ютуқларимиздан биридир.

  • 2007 йил халқаро ISESCO ташкилоти томонидан “Тошкент – ислом маданияти пойтахти” деб эълон қилиниши юртимиз тарихий илмий мероси ўрганилиши, халқимизга етказилаётгани ва қадимий архитектура ансамбллари тикланиши ва ободончилигига етарли эътибор берилаётганининг халқаро миқёсда эътироф этилишидир.

  • Диний адабиётлар нашри юртимиз мусулмонлари эҳтиёжини тўлиқ қондирмоқда.

  • Миллий доменда фаолият олиб бораётган 20 дан зиёд сайтлар юртимиз мусулмонлари учун тўлақонли хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида эришилган энг катта йўналишдаги ютуқлардан бири - бу диний соҳадаги матбуот, даврий нашр ва миллий доменда юртимиз мусулмонлари учун фаолият олиб бораётган электрон интернет сайтларидир.

Ҳақ субҳонаҳу ва таоло Каломи шарифида марҳамат қилиб, Ўзи бандалари учун берган неъматлари ҳақида одамларга етказиш ва бу неъматлар шукронасини билдириш кераклиги ҳақида шундай баён қилади:

Раббингизнинг (Сизга ато этган барча) неъмати ҳақида эса (одамларга)

сўзланг! (Зуҳо сураси, 11 – оят).

Нўъмон ибн Башир (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Ким озга шукр қилмаса, кўпга шукр қила олмайди. Ким инсонларга шукр қилмаса, Аллоҳга шукр қила олмайди. Неъматларни гапириш шукрдир.”

Яратган Зот Ўзи биз бандаларига неъматлари ҳақида сўзлашимизни буюргани ва Пайғамбаримиз с.а.в. “неъматлар ҳақида гапириш шукрдир”,- деб марҳамат қилганлари айнан матбуот ва нашриёт соҳасида фидойилик билан меҳнат қилаётган қаламкаш ижод аҳлига ҳам тааллуқлидир. Зеро барчага, хусусан юртимиз мусулмонларига мустақилликдек буюк неъмат шарофати билан эришилаётган ютуқлар ҳақида ёзиш, гапириш ва улар ҳақида етказиш ижод аҳлининг тўғридан-тўғри бажарадиган шарафли вазифасидир.

Дарҳақиқат, мустақиллик шарофати билан диний ижод аҳлига эркинлик берилиб, тинчлик ва эзгулик дини бўлган муқаддас Ислом динининг ва мамлакатимиз мусулмонлари ҳаётининг барча жабҳалари ҳақида ижод қилишга илҳом берди.  

                                                         

                                     Жалолиддин  Нуриддинов

Read 6881 times

Мақолалар

Top