Мақолалар

Ҳар қандай оғир касалликнинг ҳам давоси бор, аммо...

Уламолар “Илм иккига бўлинади: дин илми ва тиб илми” дейишган. Дин илми инсоннинг руҳиятидаги мувозанатни сақлаш ҳамда уни тарбиялашга хизмат қилса, тиб илми инсон танаси ва унда кечадиган жараёнларни ўрганади. Шунинг учун қадимдан динни мукаммал билган инсонлар тиббиётдан ҳам хабардор бўлишган. Зеро, машойихлар “Ким ўзини таниса, Роббисини танийди” дейишган. Яъни ким ўз танаси ҳақида тафаккур қилса, Аллоҳ таолонинг қудратига шак-шубҳа қилмайди.   

Олимларнинг таъкидлашича, бугунги ривожланган замонавий тиббиёт одам танасини ҳали тўлиғича ўргана олмаган. Шу сабабдан шифокорлар баъзи бир хасталиклар ва физиологик жараёнларнинг ҳолатини изоҳлаб бера олишмаяпти.

Баъзан ён атрофимизда оғир дардга чалинган беморларга мутахассислар томонидан: “Сизнинг касаллигингизга даво йўқ” каби жуда қўпол ва лоқайдлик билан айтилган жавобларни ҳам эшитиб қоламиз.

Хўш, аслида шифокорларнинг касалликка нисбатан бундай муносабатда бўлиши тўғрими?   

Бундан бир неча минг йил аввал одамлар оддийгина шамоллаш туфайли оммавий тарзда ҳалок бўлишган. Тиб илмининг отаси, Шайхур раис Абу Али ибн Сино давригача сувчечак ва қизамиқ энг хавфли касалликлар сирасига кирган. Бизнинг давримизда бу каби касалликларга оддий кўз билан қараймиз. Сабаби ўз даври учун хавфли бўлган бу каби дардларнинг бугунга келиб давоси топилган. Демак, тиббиёт учун номаълум бўлган бирор бир паталогик ҳолатни кўрганда, “Бунинг давоси йўқ” демасдан, балки, “Бу касалликнинг давоси ҳали тиббиётда аниқланмаган, аммо изланишлар кетяпти” дейиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Ҳадиси шарифларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло ўлимдан бошқа барча дардларнинг давосини туширгани ҳақида хабар берганлар. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ қайси бир дардни нозил қилган бўлса, албатта, унинг шифосини ҳам туширгандир», дедилар». Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Имом Муслимнинг лафзида бундай дейилган: «Ҳар бир дарднинг давоси бордир. Қачон даво дардни топса, Аллоҳ азза ва жалланинг изни ила тузаладир».

Инсондан (шифокорлар, тадқиқотчилар, олимлар ва бошқа соҳа вакилларидан) эса, Аллоҳ ато этган шифони излаш ва илмий тадқиқ этишга интилиш талаб қилинади.

Зеро, Аллоҳ таоло Ўз Каломи – Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

 وَإِذَا مَرِضْتُ فَهُوَ يَشْفِينِ

“Бемор бўлганимда менга шифо берадиган ҳам Унинг Ўзи” (Шуаро сураси, 80-оят).

Аллоҳ таоло барча беморларнинг дардларига шифо бериб, тиб илми мутахассисларининг илмини зиёда қилсин, омин!

 

 

Нозимжон Иминжонов ва

Саидаброр Умаров тайёрлади

Read 3582 times

Мақолалар

Top