Мақолалар

Расулуллоҳ хулқлари билан хулқланамиз

(2-қисм)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазилларига асло ёлғон аралашмас эди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. “Ё Аллоҳнинг Расули! Сиз бизга ҳазил-мутойиба қиласиз?” дейишди.

У зот алайҳиссалом: “Албатта, мен ҳақдан бошқани айтмайман”, дедилар (Имом Термизий ривояти). 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кулишлари чиройли табассумдан иборат эди.

Абдуллоҳ ибн Ҳорис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра кўпроқ табассум қиладиган бирор кишини кўрмадим” (Имом Термизий ривояти).

Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен мусулмон бўлганимдан кейин қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган бўлсам, албатта юзимга табассум билан қараганлар” (Имом Бухорий ривояти). 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръон қироатини дона-дона, очиқ ва равшан, ҳар бир оятни алоҳида ўқир эдилар.

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қироат қилганларида оятларни ажратиб-ажратиб ўқирдилар” (Имом Абу Довуд, Имом Аҳмад ривояти). 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ваъдага вафодор эдилар.

Абдуллоҳ ибн Абу Ҳамса розияллоҳу анҳу айтади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан у зот Пайғамбар этиб юборилишларидан олдин бир савдо иши килдим. Менда у зотнинг бир оз ҳақлари қолди. Мени уни турган жойларига келтириб беришни ваъда қилдим. Аммо унутиб қўйдим. Уч кундан кейин ёдимга келди. Келсам, у зот жойларида турибдилар. Мени кўриб: Эй йигит, мени машаққатга қўйдинг-ку, уч кундан буён шу ерда интизор бўлиб турибман, дедилар» (Имом Абу Довуд ривояти). 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор қийинчилик ёки хурсандчилик етса ҳам намозга шошар эдилар.

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошларига бирон юмуш тушса, намоз ўқишга чоғланардилар” (Имом Абу Довуд, Имом Аҳмад ривояти).

Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларини хурсанд қилган бирор иш содир бўлса, Аллоҳга шукрона ўлароқ сажда қилар эдилар” (Имом Абу Довуд, Ибн Можа ривояти). 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларни “биллур”лар дер эдилар.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Анжаша исмли хушовоз сарбонлари бор эди. У завжаи мутоҳҳаралар бор туяларни етаклаб кетмоқда эди. Бас, у зот унга: “Эй Анжаша, оҳиста юр. Биллурларни синдириб қўйма”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор кимсадан ранжисалар, унинг ҳақига дуо қилардилар.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор кишидан хафа бўлсалар: “Пешонаси тупроққа белангур (яъни сажда қилгур), унга нима бўляпти?” дер эдилар (Имом Байҳақий ривояти). 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам болажон эдилар.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сажда қилганларида Ҳасан ва Ҳусайн орқаларига сакраб (мингашардилар). Қачон намозни тугатсалар, қучоқларига ўтказиб: “Ким мени яхши кўрса, бу иккисини яхши кўрсин”, дер эдилар» (Имом Абу Яъло ривояти). 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эшикнинг рўпарасида турмасдилар.

Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қавм эшиги олдига келсалар, эшикка юзланиб турмасдилар, балки ўнг ёки чап томонлари билан туриб “Ассалому алайкум, Ассалому алайкум” дер эдилар» (Имом Абу Довуд ривояти). 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир ишни ўнг томондан бошлар эдилар.

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат олишда, соч тарашда ва кавуш кийишда, қўйингки, барча ишларда ўнг томондан бошлар эдилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

 

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

 

Read 2764 times

Мақолалар

Top