Мақолалар

Маҳшарда изтироб, азоб чекмайдиганлар.

Аллоҳ таъоло Каломи шарифида марҳамат қилади: “Эҳсон (эзгулик)нинг мукофоти, фақат эҳсон (эзгулик)дир”. Ар-Роҳман 60-оят.

Динимиз инсонпарвар, меҳр-шафқат тимсоли бўлиб, одамларни ўзаро меҳр-муҳаббатда, инсофу-адолатда, яхшилик ишларда ҳамкорликда, эҳтиёжмандларга ҳожатбарорликда ҳаёт кечиришга буюради.

Хофиз ибн Абиддиня розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг бандалари ичида Аллоҳга севимлироғи унга яхшилик севдирилган ва яхшилик ишлари севдирилган кишидур дедилар”.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким биродарининг хожатини раво қилса, умр бўйи Аллоҳга ибодат қилганнинг мақомида  бўлади дедилар”.

Муҳаммад ибн Язид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан инсонларнинг севимлироғи ким? деб сўрашган эди,  Аллоҳ таъолога инсонларнинг севимлироғи инсонлар учун манфаатлироғи деб жавоб бердилар. Аллоҳ таъолога амалларнинг севимлироғи мўминнинг қалбига киритилган ҳурсандчилик, ундан қайғуни аритмоқ, қарзини адо қилмоқ, очлигини кетказмоқ ва мусулмон биродаримнинг ҳожати учун юрмоқ менинг учун масжидда икки ой эътикоф ўтиргандан яхшироқ. Кимки ғазабини тўхтатса, Аллоҳ таъоло унинг айбларини ёпади. Кимки ғазабини ўтқазишга қодир бўлиб ичига ютса, Аллоҳ таъоло унинг қалбини розиликка тўлдиради. Кимки мусулмон биродари билан мушкуллари осон бўлгунча бирга юрса, қиёматда қадамлар тоядиган кунда унинг қадамини собит қилиб қўяди. Албатта ёмон хулқ амалларни бузади, сирка асални бузганидек.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ажабо, кишилар ўз молига қулларни сотиб олиб озод қиладилару, қандай қилиб озод одамларни ўз яхшиликлари билан сотиб” олмайдилар? Ахир, бунинг савоби кўпроқ-ку!

Ажабо, кишилар дунёсин сарфлаб,

Қуллар сотиб озод қиларлар.

Озод одамларга яхшилик қилиб,

Нега “сотиб” олмас дилларни улар? 

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳ таъолонинг кишиларнинг ҳожатларини чиқарадиган бандалари бор. Одамлар улардан ёрдам сўрашади. Шундай ҳожатбарорлар охиратда дўзах азобидан омондадирлар.”

Ерни яшнатганидек баҳорий саҳоб,

Одамлар ҳожатин чиқармоқ савоб.

Ҳожатбарорларга Аллоҳ меҳрибон,

Маҳшарда чекмаслар изтироб, азоб. 

 

 

Тошкент шаҳар Шайхонтохур тумани

“Обидхон Махдум” масжиди имом-хатиби

Атамуродов Абдужалил

Read 2708 times

Мақолалар

Top