Мақолалар

Ғийбат сабабларидан бири нафрат ва хусуматдир

Ўзгаларга нисбатан  қалбида адоват ва нафрати бўлган инсон ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам, уларни ғийбат қилишига уринади. Шу йўл ўзича бир оз бўлсада қасд олгандай бўлади. Аслида, шундай ҳолатларда шайтон инсон қалбига васваса солиб, орада фасод пайдо қилишга уринади. Шайтоннинг васвасасига алданмаслик лозим.

Афсуски, бугун одамлар арзимас сабаблар билан бир-бирларига нафрат қилишни ўзларига одат қилиб олишди. Ачинарлиси, улар нафратларини ошкора эмас яширинча, иккиюзламачилик ила қалбларида сақлайдилар. Зоҳирий кўринишда одамларга ўз муҳаббатларини изҳор қиладилар, лекин ботинда уларга душманлик қиладилар. Зоҳирда ўзини дўст кўрсатиб, меҳрибонлик қиладилар, аммо ботинда чаён каби чақишга пайт пойлайдилар. Бундай кимсалар дўстлдикка лойиқ эмас, балки улар Аллоҳ лаънатига учрайдиган кишилардир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Инсонлар илм ўрганиб, унга амал қилишни тарк этсалар, тиллари билан бир-бирларига дўст бўлиб, қалблари билан эса бир-бирларига нафрат қилсалар ҳамда қариндошликни узсалар, Аллоҳ уларни лаънатлаб, қулоқларини кар, кўзларини кўр қилиб қўяди”.

Кўпчилик одамлар мусулмонларга, хусусан, ўз қариндошларига адоват ва душманлик қиладилар. Хатто, улар бемор бўлсалар ҳам ҳолларидан хабар олмайдилар. Адоват ва нафрат эса ғийбат қилишга сабаб бўлади. Бинобарин, ғийбатнинг сабабларини айтаётганда адоват ва душманликка тўхталиб ўтмасак бўлмайди. Мен шундай кишилардан бирига: “Нима учун фалончи қариндошингиздан нафратланасиз? У билан гаплашмайсиз, хатто, у бемор бўлганида кўргани бормайсиз” – дедим. У киши: “Чунки мен ундан жуда кўп азият чекканман, қалбим ундан қаттиқ ранжиган”, дея жавоб берди. Мен у кишига: “Сиз нафсингизга тобемисиз ёки нафсингиз сизга тобеми? Одамлар сизга озор берганида шу гапни хаёлингизга келтиринг ва уларга душманлик ҳамда нафрат қилишни қўйинг”, дедим ва қуйидаги ҳикояни  айтиб бердим. Бир зоҳид киши айтади: “Тушимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб, у зотдан: Эй Аллоҳнинг Расули! Мен одамлардан алоҳида яшайми ёки уларга аралашиб юрайми? – дея сўрадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Одамлар билан бирга яшаб, улардан етадиган  озорларига сабр қилишинг сен учун яхшироқдир”, деб жавоб бердилар. Шундан кейин ҳалиги одам қилган ишидан пушаймон бўлиб дарҳол яқинларини олдига узр сўрагани кетдилар.

Азизлар, хусумат, ғийбат ва нафратдан қалбларингизни асранг. Зеро, қалб Аллоҳ таолонинг мулкидир!   

 

Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман "Фотимаи Заҳро"

 жоме масжиди имом ноиби Муҳаммадиев  Умаржон

Read 2852 times

Мақолалар

Top