Мақолалар

Бири иккинчисиз бўлмас

Аллоҳга итоат этиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоатсизлик қилинмайди. Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат этиш лозим.

Аллоҳ таоло бундай буюради: “Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳ ва (Унинг) Расулига итоат этингиз!” (Анфол сураси, 1-оят); “Эй имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз ва Пайғамбарга итоат этингиз!” (Муҳаммад сураси, 33-оят).

Аллоҳ таолога итоат Қуръони карим кўрсатмаларига амал қилиш билан, Набий алайҳиссаломга итоат эса у зот алайҳиссаломнинг суннатларига эргашиш билан бўлади.

Аллоҳ таолога ва Унинг Расулига итоат этганлар улкан зафарларга эришади: “Кимки Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас, у улуғ ютуққа эришибди” (Аҳзоб сураси, 71-оят).

Аллоҳга ва Унинг Расулига итоатгўй бандалар жаннатга мушарраф бўлишади: “Кимки Аллоҳ ва унинг пайғамбарига итоат этса, (У) уни остидан анҳорлар оқиб турадиган (жаннатдаги) боғларга киритур” (Фатҳ сураси, 17-оят).

Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат этмаганлар қиёмат куни азобланадилар: «Юзлари оловда айлантириладиган кунда, улар: “Кошки эди, Аллоҳга итоат этганимизда, пайғамбарга итоат этганимизда”, дерлар» (Аҳзоб сураси, 66-оят). 

Намозни ўз вақтида адо этиш, моли нисобга етганда закот бериш лозим. Намозни ўқиб, закотга қодир бўла туриб бермаслик, катта гуноҳдир.

Аллоҳ таоло намозни адо этишга ва закот беришга буюради: “...намозни баркамол адо этингиз, закотни берингиз...” (Ҳаж сураси, 78-оят); (Эй мўминлар!) Намозни баркамол адо этингиз, закотни берингиз” (Нур сураси, 56-оят). 

Намозни адо этувчилар ва закотни берувчилар учун Аллоҳ таолонинг улуғ мукофотлари бордир: “Албатта, имон келтирган, яхши ишларни қилган, намозни баркамол ўқиб, закотни берганлар учун Парвардигорларининг ҳузурида (махсус) мукофотлари бордир. Уларга хавф ҳам бўлмас ва улар ташвиш ҳам чекмаслар” (Бақара сураси, 277-оят); «...намозни барпо қилувчилар, закотни адо этувчилар, Аллоҳга ва “Охирги кун” (қиёмат)га имон келтирувчилар ҳам борки, айнан уларга, албатта, улкан мукофот ато этурмиз» (Нисо сураси, 162-оят). 

Мол-дунёсини тўплаб, Аллоҳ йўлида сарфламайдиганлар учун аламли азоб бордир: «Олтин ва кумушларни кон (махфий хазина) қилиб олиб, уларни Аллоҳ йўлида сарф қилмайдиганларга аламли азоб ҳақида “хушхабар” беринг! (Мазкур олтин-кумушлар) жаҳаннам ўтида қизитилиб, улар билан пешоналари, ёнлари, орқалари куйдирилган куни: “Бу ўзларингиз учун сақлаган хазинангиздир. Сақлаган хазинангиз (мазасини) тотингиз!” (дейилади)» (Тавба сураси, 34-35 – оятлар).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимга Аллоҳ молу дунё берса-ю, у закотини адо қилмаган бўлса, қиёмат куни у унга кўзойнакли илон бўлиб кўринади. Унинг икки тиши чиқиб туради. У қиёмат куни бўйнидан бўғиб олади. Сўнг икки жағ суягидан тишлаб туриб: “Мен сенинг молингман! Мен сенинг тўплаган хазинангман!” дейди”, дедилар ва: “Аллоҳнинг фазли билан берган нарсаси (бойлиги)дан бахиллик қилувчилар буни ўзларига яхши деб ҳисобламасинлар! Асло! Бу улар учун ёмондир. Қиёмат куни бахиллик қилган нарсалари (ўз бўйинларига) бўйинтуруқ қилиб илиб қўйилади”, оятини тиловат қилдилар» (Оли Имрон сураси, 180-оят). 

Аллоҳга итоат этиш ва ота-онага яхшилик қилиш лозим. Аллоҳга ибодат қилиб, ота-онани ҳурмат этмаслик, уларга яхшилик қилмаслик улкан гуноҳ.

Аллоҳ таоло бундай буюради: Роббингиз Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди” (Исро сураси, 23-оят); “Биз инсонга ота-онасини (рози қилишни) буюрдик” (Луқмон сураси, 14-оят); “Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик” (Аҳқоф сураси, 15-оят). 

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг розилигини топадиган амалларда собит қадам қилсин!

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Read 2695 times

Мақолалар

Top