Мақолалар

Аёлнинг нафақаси нима?

Маълумки, никоҳ инсоний алоқалар ичидаги энг муҳим алоқа бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан аввал ўтган барча Пайғамбарлар алайҳимуссаломнинг мунтазам адо этиб келган суннатларидан бири – никоҳдир. Инсниятнинг ўз шаҳвоний истакларини ҳалол йўл билан қондириш, ўзидан ворис, фарзанд қолдириш ва қалбнинг сокинликка эришуви никоҳ орқали амалга ошади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

 

وَمِنْ آيَاتِهِ أَنْ خَلَقَ لَكُم مِّنْ أَنفُسِكُمْ أَزْوَاجاً لِّتَسْكُنُوا إِلَيْهَا وَجَعَلَ بَيْنَكُم مَّوَدَّةً وَرَحْمَةً إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآيَاتٍ لِّقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ

“Ва сизларга сокинлик топишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратганлиги ва ораларингизда севги ва марҳаматни солиб қўйгани (ҳам) Унинг оят-белгиларидандир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят-белгилар бордир” (Рум сураси, 21-оят).

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло бизга сокинлик топишимиз, ҳузур-ҳаловат ва хотиржамликка эришишимиз учун ўз зотимиздан бўлган жуфтлар яратиб берди. Ҳа, Аллоҳ таоло эркакларга турли ҳайвонлардан эмас, айнан инсон зотидан бўлган аёлни жуфт қилиб яратиб берди.

Бошқа бир хонадондан келган қиз эрининг уйида яшаши, мослашиб кетиши, эрининг уйини ўз уйи, ватани деб билиши, ўзи туғилиб ўсган хонадонига эса фақат меҳмон бўлиб бориши Аллоҳ таолонинг мўъжизаларидан биридир. Агар Аллоҳ ўша йигит билан қизнинг қалбига бир-бирига нисбатан севги ва марҳамат солиб қўймаса, у қиз мазкур хонадонда бир кун ҳам яшолмайди. Шунинг учун Аллоҳ таоло юқоридаги оятнинг охирида:

“Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят-белгилар бордир” деган.  

Бу оятда тафаккурга ишора бор.  

Бир-бирига бегона бўлган йигит ва қизнинг никоҳлари ўқилгач, қалбларида ўзаро муҳаббат ва илиқлик пайдо бўлади. Бу муҳаббат ва илиқликни уларнинг қалбларига Аллоҳ таоло солиб қўяди.

Мана шу тарзда оилалар қурилади. Оила барпо бўлгач, шариатимиз келин ва куёвнинг зиммасига бир қанча мажбуриятларни юклаб қўйган. Икки тараф ана шу мажбуриятларни ўз ўрнида адо этса, оила тинч, сокин ва мустаҳкам бўлади. Икки тарафдан бирлари ўз вазифасини пайсалга солса, бажармаса, ўша оилада нотинчлик содир бўлаверади.  

Никоҳ ўқилгандан кейин куёвнинг зиммасига келиннинг барча нафақаларини қилиш мажбурияти тушади. Бирорта куёв ўз жуфти ҳалолининг нафақасини қилишдан бош тортишга ҳаққи йўқ.

Хўш, бу нафақага нималар киради?

Куёв келинни озиқ-овқат, кийим-кечак, уй-жой, бемор бўлганда дори-дармон, илм олиши учун ўқув қуроллари (китоб, дафтар кабилар) билан таъминлаш нафақага кирувчи нарсалардир.

Демак, аёли бемор бўлганда, уни даволатиш ўрнига ота-онасининг уйига олиб бориб қўяётган эркаклар аёлнинг ҳаққига хиёнат қилаётган бўлади.   

Никоҳи ўқилгандан кейин келин куёвнинг гуноҳ бўлмаган буйруқларини, айтган ишларини бажариши, эридан рухсатсиз ташқарига чиқмаслиги, эридан рухсатсиз ҳеч кимга ҳеч нарса бермаслиги, эридан рухсат олмай бирор кишини уйга киритмаслиги, эри олиб келган нарсаларни исроф ва бахиллик қилмай ишлатиши шарт бўлади.  

Афсуски, бугунги кунда келин ота-онасини кўриш учун уйига борганда, куёв томон келиннинг нимадир кўтариб келишини кутиши, ҳайит, арафа кунларида қудалардан таом, ширинлик ва либослар кутиш ҳоллари кенг авж олган. Бундай ҳолат куёв тарафдагилар учун уят, ор-номусдир. Нафақани қилиб бериши вожиб бўлган куёв тараф ожиза келин тарафнинг юборадиган нарсасига кўз тикиб туриши жуда хунук ҳолатдир.

Бу каби ноқулайликларга барҳам бериш вақти келган. Келиннинг ота-онаси 18 йил тарбия қилган қизини куёвнинг уйига юборишининг ўзи катта гап. Қайнона ва қайноталар келиннинг ҳақига дуо қилишиб, ҳар сафар уни ота-онасининг зиёратига кузатишаётганда, “Қизим, уйингизга яхши бориб келинг. Қудаларимга саломимизни етказинг. Кеч қолмасдан вақтлироқ қайтинг. Ҳеч нарса олиб келманг, агар уйингиздан нимадир олиб келсангиз, биз қаттиқ хафа бўламиз” дейишлари керак.

Ана шунда қудалар ўртасидаги аҳиллик йўқолмайди ва икки ёшнинг тотувлиги бардавом бўлади.

 

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Read 3260 times

Мақолалар

Top