Мақолалар

Уйдаги кўрпа-тўшаклар

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эркакка бир тўшак, аёлга бир тўшак. Учинчиси меҳмонга. Тўртинчиси шайтонга”, дедилар. (Муслим, Абу Довуд ва Насоий ривояти).

Баъзилар ҳадиснинг зоҳирини олиб, уйдаги кўрпа-тўшакларнинг миқдори учтадан ортмаслиги керак дейишган экан.

Баъзилар эса ҳадисдан уйдаги кўрпа-тўшаклар 3 та бўлиши керак деган маъно чиқмайди, балки уларнинг адади ҳожат миқдорида бўлиши кераклиги, ундан ортиғи исроф экани тушунилади. Исроф эса Динимизда қайтарилган ишлардандир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган: 

وَلاَ تُسْرِفُواْ إِنَّهُ لاَ يُحِبُّ الْمُسْرِفِينَ

Ва исроф қилманглар. Албатта, У исроф қилгувчиларни севмас(Анъом сураси, 141-оят).

Дунё зийнатларига берилиб, манманлик қилиб, мол-дунёси билан фахрланиб ҳожатидан ортиқ кўрпа-тўшаклар сақлаш қаттиқ қораланган. Шунинг учун нафақат кўрпа-тўшакларни, балки бошқа рўзғор буюмларини ҳам эҳтиёжга қараб сотиб олиш мақсадга мувофиқдир.

Афсуски, бугунги кунда қиз узатмоқчи бўлган хонадон эгалари ёш оила учун керакли нарсаларнигина қилиш ўрнига, удум экан деб, гиламлар, ўнталаб кўрпа, ўн олтиталаб кўрпача, ёстиқ, болишлар қилишяпти. Баъзи хонадонларда меҳробларга тахлаб қўйилган кўрпа-тўшаклар йиллаб ўша ерда чанг босиб ётади. Меҳмонлар учун солинадиган кўрпачалардан ташқари яна анча-мунча тўшаклар ортиб қолади. Тахмондаги кўрпаларини умуман ишлатмайдиган хонадонлар ҳам бор. Бу қадар ортиқча нарсаларни сақлашдан мақсадлари нима экан ўзи?!

Шунингдек, ҳадисдан эркакка алоҳида, аёлга алоҳида тўшак бўлгани афзал деган маъно ҳам чиқмайди. Балки, эҳтиёжга қараб эр-хотин ўзлари учун алоҳида кўрпача ишлатишлари жоизлиги тушунилади. Аммо икковлари битта кўрпадан фойдалансалар ҳам жоиздир. Чунки Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг уйларида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир дона тўшаклари бор эди. У зот алайҳиссалом онамиз билан мазкур тўшакда ухлар, кундузи шу тўшак устида ўтирар эдилар.

Ҳадисдаги “Тўртинчиси шайтонга” деган жумла шайтон ҳам уйда тунашига далолат қилади. Унинг одамлар уйида тунашига мана бу ҳадис яққол далилдир:

Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Қачон киши уйига кираётганида ва таом пайтида Аллоҳ таолони зикр қилса, шайтон шерикларига: “Сизларга ётоқ ҳам, овқат ҳам йўқ”, деб айтади. Қачон уйига кираётиб, ўша кираётганида Аллоҳ таолони зикр қилмаса, шайтон: “Ётоқларингизга етишдингиз», дейди. Таом пайтида ҳам Аллоҳ таолони зикр қилмаса: “Овқатга ҳам, ётоққа ҳам етишдингиз”, деб айтганларини эшитдим”. (Имом Муслим ривояти.)

Шунинг учун уйга кираётганда саҳиҳ дуоларни ўқиб, Аллоҳ таолодан шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ сўраб кирилса, Аллоҳнинг изни билан ўша уйга шайтон кирмайди ва у уйда шайтонга насиба қолмайди.

Аллоҳ таоло барчамизни тежамкор ва камтар бандаларидан айлаб, манманлик ва мол-дунё билан мақтанишимиздан Ўзи асрасин!

 

Интернет маълумотлари асосида

Нозимжон Иминжонов тарйёрлади

Read 4228 times

Мақолалар

Top