Мақолалар

Имом Молик раҳимаҳуллоҳ: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ётган шаҳарни ташлаб кетишни ёқтирмайман"

- Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам биз учун жонимиздан, молимиздан, ота-онамиздан, барча оила аъзоларимиздан, жамики инсонлардан азизроқ ва маҳбуброқдирлар.

- Имом Молик раҳимаҳуллоҳ Мадинада яшаб, Мадинада вафот этганлар. У ердан бошқа шаҳарга чиқмаганлар. Сабабини сўралганда, "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ётган шаҳарни ташлаб кетишни ёқтирмайман" деган эканлар.

- Имом Молик раҳимаҳуллоҳ ҳадис ўқиётиб, сесканган эканлар. Ҳадисни ўқиб бўлганларида, шогирдлари ўша сесканишларининг сабабини сўрашганда, чаён чақиб олгани учун шундай бўлганини айтган эканлар. Шогирдлари ҳайрон бўлиб, "Нега ҳадисни тўхтатмадингиз?" дейишганда, улуғ имом: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларини бўлгим келмади!" деб жавоб берган эканлар.

- Имом Молик раҳимаҳуллоҳ Мадина кўчаларида умуман уловга минмаган эканлар. Сабабини сўрашганда, "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ётган тупроқни уловнинг туёқлари билан босгани Аллоҳ таолодан ҳаё қиламан!" деб жавоб берган эканлар.

- Имом Молик раҳимаҳуллоҳ Мадина кўчаларида юрганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга одоб ва ҳурмат юзасидан ҳеч қачон ерни тепиб, силтаб қадам босиб юрмаган эканлар.

- Баъзи ошиқлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг равзалари, қабрлари устидаги гумбаз яшил рангда бўлгани учун яшил рангдаги поябзал кийишни ўзларига эп кўрмаган эканлар!

- Баъзи аҳли илмлар тажриба қилиб кўришларича, бир жойда кўп ўтирганларида оёқлари увишиб, жимирлаб қолса, дарҳол севикли Пайғамбаримизнинг муборак исмларини зикр қилсалар, ўша увишиш ва жимирлаш кетган экан.

Икки олам сарвари, маҳбубимиз, охиратда шафоатчимиз бўлган зотга Аллоҳ таолонинг саломи, саловоти ва баракоти бўлсин!

 

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

 

 

Read 2915 times

Мақолалар

Top