Мақолалар

“Отажон, бир соат вақтингиз неча пул?”

Ота ишдан одатдагидек кеч қайтди. Жуда чарчаган эди. Кичик ўғли уни остонада кутиб турган экан. Ўғил:

“Отажон, сиздан бир нарса сўрасам майлими?” деди.

“Марҳамат” деди отаси.

“Отажон, бир соатда неча пул топасиз?” деб сўради ўғил. Отасининг аччиғи келиб,

“Буни сенга алоқаси йўқ. Сенга нима бўлди? Нега бунақа бемаъни савол беряпсан?!” деди. Ўғил:

“Отажон, мен фақат шуни билмоқчиман. Илтимос, айтинг. Бир соатда қанча пул топасиз?” деди. Ота ўғлининг оёқ тираб туриб олганини кўриб,

“Жуда билгинг келаётган бўлса, майли, айтаман. Бир соатда икки динор топаман” деди. Бу жавобни эшитган ўғил бироз ўйланиб турди-да, кейин:

“Отажон, агар мумкин бўлса, менга бир динор қарз бериб туринг” деди. Отанинг ғазаби тошиб,

“Мендан пул олиб, арзимас нарсаларга ишлатиш учун бир соатда қанча пул топишимни сўраганмидинг?! Бор хонангга, ухла! Мен кун бўйи чарчаганман. Ишхонада асабларим толиққан. Сен билан майдалашиб ўтиргани вақтим йўқ” деди.

Бола индамади, кўзларидан ёш оқди, аста хонасига кириб кетди. Орадан тахминан бир соат ўтгач, ота бўлиб ўтган ҳодиса, ўғлига қўпол муомала қилгани ҳақида ўйлади. “Эҳтимол, боламнинг бир динорга эҳтиёжи бордир” деган гап хаёлига келди. Кейин унинг хонасига борди. Кириб,

“Ухлаяпсанми?” деди. Бола:

“Йўқ, ухламаяпман. Ҳалиям уйғоқман” дея жавоб берди. Ота аста гап бошлади:

“Боя сенга қўпол муомала қилдим. Бугун жуда оғир ва машаққатли иш куни бўлган эди. Мана, ол, бу боя сен сўраган бир динор”.

Болакай пулни олар экан роса қувонди. Ёстиғи остидаги бир динорни олдида, қўлидаги бир динорга қўшди. Буни кўрган ота ғазаб отига миниб,

“Ўзингда бир динор бор экан-ку, нега яна мендан пул сўрадинг?” деди. Шунда мурғаккина болакай сокин овозда:

“Боя пулим етмас эди. Энди пулларим икки динорга айланди. Бизга вақт ажратиб, биз билан суҳбат қилишингиз, ёнимизда бўлишингиз учун мен шу икки динорга сизнинг бир соат вақтингизни сотиб олмоқчиман” деди.

Азизлар, ҳикматли ва тўғри сўз қаердан келса ҳам, уни дарҳол қабул қилинг! Баъзида бундай сўзлар умрингизда фақат бир мартагина кўрадиган одамингиздан, баъзида эса яқинларингиздан келади.

Ҳурматли оталар! Фарзандларингиз ва аҳлу аёлингизга вақт ажратинг! Уларни эътиборсиз қолдирманг! Унутманг, уларнинг қалбларида сизга айтадиган кўп гаплари бор.

 

“Вазиятларни бошқариш санъати” китобидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

Read 3272 times

Мақолалар

Top