Мақолалар

Инсон билан одамнинг фарқи

“Қиссаси Рабғузий”да шундай бир хадис келтирилган: Пайғамбар алайҳисалом дедилар: “Кимда-ким дунё ажойиботларини кўрмоқчи бўлса, Одам алайҳиссалом қиссасига қарасин”.

ИНСОН сўзи Одам Ато авлодларининг умумий номи, кундалик ҳаётда кўпроқ қўлланиладиган  атамалардан биридир.

“Инсон” сўзи араб тилидаги “Аниса” феълидан ҳосил бўлган исмдир. Мазкур феъл “мослашмоқ”, “танишмоқ”; “дўстлашмоқ”; “ёқтирмоқ”; “севмоқ”; “ўргатмоқ” каби ҳаракатларни ифода этади. Демак, бу ҳаракатларни ифодаловчи манбанинг исми сифатида инсон сўзи пайдо бўлган.

Юқоридаги ҳаракатларнинг барчаси фақатгина инсонга хосдир.

Инсонлар ўрганадилар ва ўрганган нарсаларини бошқа инсонларга ўргатадилар. Ҳаттоки, онгсиз жонзодларни, масалан, итларни, мушукларни, қушларни ва ҳоказо, муайян ҳатти-ҳаракатларга ўргатиб борадилар.

Абу Наср Форобий бобомиз ўзининг “Фозил одамлар шаҳри” асарида  шундай ёзадилар: “Одамларга нисбатан уларни бирлаштирувчи бошланғич  асос инсонийликдир, шунинг учун ҳам, одамлар инсоният туркумига кирганликлари туфайли ўзаро тинчликда яшамоқликлари лозим”.

Инсон – маънавий камолот имкониятига эга бўлган моддий мавжудот.

Инсонларга нисбатан яна кундалик ҳаётимизда - одам, киши, шахс, “ожиз банда” каби сўз ва иборалардан ҳам фойдаланилади.

“ОДАМ” сўзи ўзлаштирма сўз сифатида араб тилидан олинган бўлиб, унинг биринчи маъноси - “қора танли”; иккинчиси эса - “Одам Ато”, яъни бутун инсониятнинг отаси - Одам алайҳиссаломнинг муборак исмларини ифода этади.

Сидқий Хондайлиқий  эса “Одамни буғдойранг бўлгани сабаби бирла они одам дебдурлар ва ёки ани “Одами арзин”, яъни юзидин халқ қилиб (яратиб)дурлар” дея таъриф берган.

Одам сўзи қўлланилганда, Одам атонинг зурриётларидан бирини назарда тутилади.

Одам – фикрлаш, сўзлаш ва меҳнат қилиш қобилиятига эга бўлган, шу туфайли бошқа ҳамма махлуқотлардан устун турувчи жонли зот, киши.

Изоҳли луғатда “одам” ва “киши” атамалари деярли бир хил таърифланган сўзлардир.

“ШАХС” атамаси эса араб тилидан олинган бўлиб, жамиятдаги алоҳида бир кишини, одамни аташ учун хизмат қилади.

Лекин одам шаклидаги ҳар бир мавжудотга нисбатан шахс иборасини қўллаб бўлмайди.

Кўзга кўрингани, намоён бўлгани учун инсонни БАШАР, инсониятни эса башарият дейдилар. Жисм эгаси бўлмиш ҳар бир башар шахс даражасига кўтарила олмаслиги ҳам мумкин.

Шахс – билим, одоби, хулқи ва бошқа фазилатлари билан ажралиб турувчи, ўз маънавий қиёфасига эга одамдир. 

Файласуфларнинг баъзилари инсонга қуйидагича таъриф берган:

 

Инсонни фақат унинг ишларига қараб эмас, интилишларига қараб ҳам баҳолаш лозим.

Демокрит 

 Инсон қандай фикрласа, у ҳаётда шундайдир.

Сицерон 

Одам — фақат атама эмас, — унвон, унвон бўлганда ҳам, жуда юксак унвон. Бу юксак унвонга муносиб бўлиш учун бир умр интилиш керак.

 Расул Ҳамзатов 

Дунёдаги барча таърифлардан устун ва энг тўғриси бу Аллоҳ таолонинг Каломи  Қуръони каримда келтирилган оятлардир. Аллоҳ таоло Ўз Каломида инсон ҳақида шундай таъриф беради: 

“Агар сизлар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига етолмайсизлар. Ҳақиқатан, инсон зоти ўта золим ва ношукрдир”.                                                                                                       

(Иброҳим, 34) 

Аллоҳ таоло инсон зотини азиз ва мукаррам қилиб яратди. Аммо биз ўзимизга Аллоҳ таоло томонидан тортиқ этилган неъматлар ва бизга берилган мақомга лойиқ иш қилаяпмизми? Бизнингча ҳар бир одам бу саволни ўзига такрор ва такрор ҳаркуни бериб бориши ва бунга жавоб излаши лозим. Зеро, ҳар қандай шароитдаги умр ҳам бир кун поёнига етади. Асл ҳаёт бошланганда эса биз бу дунёда қилган ҳамма ишларимизга жавоб берамиз. 

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: 

Қиёмат куни учун адолат торозуларини ўрнатурмиз. Ҳеч бир жонга бирор зулм қилинмас. Агар ачитқи донаси мисқолида нарса бўлса ҳам келтирурмиз. Биз ҳисоб қилувчиликка кифоя қилурмиз

 (Анбиё сураси, 47) 

 

Саидаброр Умаров тайёрлади

Read 13715 times

Мақолалар

Top