Мақолалар

Ер юзидаги энг пок инсон

Абу Лаҳаб исмли бир кофир Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилганларидан қувониб, хушхабар келтирган чўрисини озод қилиб юборган эди. Шу қилган иши учун унга жаҳаннамда ҳар душанба куни азоб енгиллатилади. Ваҳоланки, у Қуръонда мазаммат қилинди (қораланди).

Энди умр бўйи ҳақларига саловот айтиб, у зотнинг уммати бўлганидан шодланиб, суннатларига амал қилиб юрган мўмин ҳақида нима дейиш мумкин?!

Доктор Аҳмад Умар Ҳошим

*****

Душманларнинг ашаддийси бўлган Умар ибн Хаттоб Исломга киргач, мусулмонларни душманлардан ҳимоя қилувчи қўрғонга айланди.

Доктор Аҳмад Умар Ҳошим

*****

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай деганлар: “Умар ибн Хаттобнинг Исломга кириши фатҳ, ҳижрат қилиши наср, мўминларнинг амири бўлиши раҳмат эди”.

Яъни у кишининг Исломга кириши Аллоҳнинг фатҳи, Мадинага кўчиб кетиши Аллоҳнинг мўминларга ёрдами, раҳбар бўлиши Аллоҳ таолонинг мўминларга раҳмати бўлди.

Доктор Аҳмад Умар Ҳошим

*****

Ер юзида юрган энг пок инсон – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар.

Доктор Аҳмад Умар Ҳошим

*****

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рафиқул Аълога интиқол қилганларидан сўнг Билол розияллоҳу анҳу Мадинада тура олмай, Шом тарафларга бош олиб кетадилар.

Кунларнинг бирида тушларида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрадилар. У зот алайҳиссалом ҳазрати Билолга “Бу қандай жафо бўлди, эй Билол?!” дедилар. Уйқусидан йиғлаб уйғонган Билол Мадинага, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнининг равзаларини зиёрат қилгани келадилар. Шунда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Билол розияллоҳу анҳудан азон чақиришни илтимос қиладилар. Ҳазрати Билол у кишига узр айтиб, “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам борликларида азон чақириб бўлиб, севикли Ҳабибимнинг уйлари олдига келиб, “Намоз вақти бўлди, эй Аллоҳнинг Расули!” дердим. Энди азон чақириб бўлиб, бу сўзни қандай айтаман?!” дедилар.

Шу пайт имом Ҳасан ва имом Ҳусайн розияллоҳу анҳумо келиб қолишди. Ҳазрати Билол розияллоҳу анҳу уларни кўриб, хурсанд бўлдилар ва икковларини бағриларига босиб, йиғладилар. Чунки улардан севикли боболарининг ҳидлари келар эди. Улар Билол розияллоҳу анҳудан азон чақириб беришни илтимос қилишди. Ҳазрати Билол жаннат йигитлари саййидларининг бу илтимосларига йўқ дея олмадилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида азон чақирадиган жойларига чиқиб, азон чақира бошладилар.

Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар.

Мадина шовқинга тўлиб кетди.

Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар.

Одамлар уйларидан туриб бақирдилар, бундай деб дод солдилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қайта тирилдиларми?”

Чунки бу азон Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидагина эшитилар эди.

Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳ

Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳ

Одамлар уйларидан масжид сари югуриб кела бошладилар. Йўлда келар эканлар, бир-бирларидан “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қайта тирилдиларми?” деб сўрардилар.

Ашҳаду анна Муҳаммадар Росулуллоҳ

...

Шу ерга келганда буюк муаззиннинг томоқларига нимадир тиқилди. Азонни давом эттиролмадилар. Турган жойларидан пастга тушдилар.

Ровийларнинг айтишича, Мадина шаҳри ўша кундагидек бирор марта йиғи ва фарёд садоларига тўлмаган экан.

Бу йиғи соғинч ва муҳаббат кўз ёшлари эди. Севикли Пайғамбар алайҳиссаломга бўлган муҳаббат...

Али Жифрий ҳафизаҳуллоҳ

*****

Саҳобаи киромлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўзлари билан кўриб, қўлларидан ушлаб, ортларида иқтидо қилиб намозни адо этиб, у зот билан бирга Исломнинг равнақи учун бутун борлиқларини фидо қилишган. Аммо Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларидан бирида шундай деганлар: “Биродарларимни кўргим келди”. Саҳобалар: “Биз сизнинг биродарларингиз эмасмизми?” деб сўрашди. У зот: “Сизлар саҳобаларимсиз, биродарларим эса мендан кейин келадилар, мени кўрмаган ҳолларида менга иймон келтирадилар” деб марҳамат қилганлар.

Бугун биз, бизни ва бизга бўлган меҳрини ҳамма нарсадан устун кўриб, “Умматим, умматим” дея нола қилган зотга муносиб уммат бўла оляпмизми?!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни яхши кўрганчалик биз ҳам у зотни яхши кўра оляпмизми?! Зотан, ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангиз мени фарзандидан, отасидан ва барча одамлардан кўпроқ яхши кўрмагунча, иймони комил бўлмайди” деб марҳамат қилганлар.

 

Интернет маълумотларидан Нозимжон Иминжонов таржимаси

Read 3330 times

Мақолалар

Top