Мақолалар

Ислом тарихи ажойиботлари

Буюк саҳобий Адий ибн Ҳотам розияллоҳу анҳу чумолиларга нон ушоқларини бера туриб: “Булар бизнинг қўшниларимиздир. Устимизда уларнинг ҳам ҳақлари бор” дер эдилар.

*****

Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ вафот этганларида Византия императори Лев III қаттиқ йиғлади. Буни кўрган аъёнлар ва епископлар бу йиғининг сабабини сўради. Шунда император: “Адолатли подшоҳ вафот этди. Мен бир роҳиб уйига кириб, ичидан беркитиб олиб, таркидунё қилиб, умрини ибодатда ўтказса ажабланмайман. Лекин дунё оёқлари остида бўлган бир инсоннинг дунёдан юз ўгириб, зоҳидона ҳаёт кечирганидан ажабланаман” деди.

*****

Ҳозир дунёнинг аксар мусулмонлари Қуръони Каримни Имом Ҳафснинг Имом Осимдан ривоят қилган тиловатида ўқишади. Хўш, Имом Ҳафс ва Имом Осим ким?

Имом Ҳафс ибн Сулаймон ибн Муғийра Асадий ҳижрий 90 санада таваллуд топганлар. У киши қироатни Имом Осим ибн Абуннажуд ибн Баҳдала ал-Асадий ал-Кўфийдан ўрганганлар. Имом Осим қироатни Абу Абдурраҳмон ас-Суламий, Зирр ибн Ҳубайш ва Саъд ибн Илёслардан олганлар. Буларнинг ҳар уччови ҳам Қуръонни Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан таълим олган. Зирр ибн Ҳубайш ва Абу Абдурраҳмонлар Али  розияллоҳу анҳуга ҳам Қуръонни ўқиб берганлар. Абу Абдурраҳмон Суламий Убай ибн Каъб ва Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳумларга ҳам ўқиб берган. Усмон, Али, Убай ва Зайд розияллоҳу анҳум бу қироатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан олганлар. Демак, имом Осим қироатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан икки восита орқали ривоят қилган.

*****

Ҳорун ар-Рашид сув ичмоқчи бўлиб, идишни оғзига қўйди. Ибн Саммок раҳимаҳуллоҳ Ҳорун ар-Рашиднинг томоғига қўлини қўйиб: “Шу бир қултум сувни ичишни сендан ман қилсам, у сувни мендан қанчага сотиб олган бўлардинг?” деб сўради. Ҳорун: “Салтанатимни ярмига” деди. Олим унинг томоғидан қўлини олди. Халифа сувни ичиб бўлгач, Ибн Саммок яна сўради: “Агар шу ичган сувингни баданингдан чиқишини ман этсам, сув танангдан чиқиши учун қанча берардинг?” деб сўради. Ҳорун: “Салтанатимнинг қолган ярмини” деб жавоб берди. Шунда Ибн Саммок раҳимаҳуллоҳ: “Сенинг салтанатингнинг қиймати бир қултум сувчаликдир. Шунинг учун бу молу давлат мусобақа қилинишга арзимайди” деди. Буни эшитган Ҳорун йиғлади.

*****

Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу Исломга кирганларида ёшлари 30 да эди. Вафот этганларида эса ёшлари 36 да эди. Бу улуғ саҳобий шу 6 йил ичида қандай амаллар қилдиларки, у кишининг вафоти сабабли Раҳмоннинг Арши титраб, жанозаларига 70 мингта фаришта ҳозир бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу буюк инсонни дафн қилганларидан сўнг: “Албатта, қабрнинг бир қисиши бордир. Агар бирор киши шу қисишдан қутулиб қолганда, Саъд ибн Муоз қутилиб қолган бўларди” дедилар.

*****

Салоҳиддин Айюбий раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: “Модомики Масжидул Ақсо босқинчилар қўлида экан, Аллоҳга қасамки, кулгани Аллоҳ таолодан ҳаё қиламан”.

*****

Қуртуба амири Муҳаммад Биринчи ибн Абдураҳмон 852-886 йиллар давомида амирлик қилган. У мана шу 34 йиллик ҳукмронлиги давомида кўп ислоҳотлар олиб борди. Шулардан бири Мажрит, яъни ҳозирги Мадрид шаҳрига асос солди.

 

Интернет маълумотларидан Нозимжон Иминжонов таржимаси

Read 3347 times

Мақолалар

Top