Мақолалар

Абу Жаъфар ал-Уструшаний илмий меросининг Мовароуннаҳр фиқҳ илмида тутган ўрни

Мазкур мақолада ўрта асрда Мовароуннаҳр диёрида яшаган “аҳлу-с-сунна ва-л-жамоа” оқимининг ҳанафий мазҳаби вакили – Абу Жаъфар Уструшаний яшаган давр, унинг илмий мероси, устоз ва шогирдлари ҳамда фиқҳ илми ривожидаги ўрни каби масалаларга оид фикрлар ёритилган.

Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Амр аш-Шаъбий ал-Уструшанийнинг (ваф. 404/1013 й.) Уструшанада (тахм. қадимги Жиззах воҳасининг номи) таваллуд топгани, Самарқандда яшаб ўз даврида қозилик қилгани манбаларда қайд этилган.

У яшаган давр Аббосийлар ҳукмронлиги даврига (132-656/750-1258 йй.) тўғри келади. Аббосийлар сулоласининг таъсири халифа ал-Мустакфий давридан кучсизлана бошлаган. Бунинг натижасида халифалик таркибида бўлган маҳаллий амирлар Бағдоддаги халифадан мустақил сиёсат юрита бошладилар.

Аббосийлар халифалигида юзага келган нотинч сиёсий вазиятга қарамай илм-фан ривожланишда давом этган. Фотимийлар халифаси ал-Ҳоким би-Амриллоҳ (ҳукмронлик даври: 386-411/996-1021 йй.) Қоҳирада “Ал-Азҳар” ўқув юртини қурдирди. Бағдодда эса 381/991 йили мадраса ва оммавий кутубхона бунёд этилиб, уларда кўп миқдорда китоб тўпланди. Ўша даврда ўзига хос университет вазифасини бажарган бу илмий муассаса халққа хизмат қилди ва Салжуқийлар Бағдодни эгаллаган пайтда (450/1058 йй.) ёндирилди. Иқтисодий шароит ёмонлигига қарамай, аҳолининг билим олишга қизиқиши эвазига илм-фан тобора ривожланиб борган.

Шарқий Хуросон ва Мовароуннаҳр ҳудудларида ҳукм сурган Сомонийлар давлати (261-389/875-999) ўз ўрнини Қорахонийларга (тахм. 320-560/932-1165) берган йиллар Абу Жаъфар аш-Шаъбий ал-Уструшаний яшаган даврга тўғри келади.

Исломшунос олим Аширбек Мўминов таъкидлашича, ўша даврда (IX-X асрлар) “... Мовароуннаҳрда кечаётган жараён ҳали маҳаллий аҳамиятга эга бўлиб, бу минтақа ислом марказларида Хуросоннинг бир қисми ҳисобланарди. Фақиҳ гуруҳлари Сомонийлар (261/875-389/999) амалдорлари зўравонликларидан аҳоли турли табақаларининг ягона ҳимоячиси сифатида чиққанликлари натижасида уларнинг ижтимоий обрўси ва таъсир доираси кенгая борди”. Мақола муаллифининг ёзишича, ўша даврда фиқҳ илми турли жиҳатдан, масалан, яратилган асарларнинг озлиги нуқтаи назаридан ҳам шаклланиш ва кучга тўлиш даврини бошдан кечирмоқда эди [1,77].

Абу Ҳанифадан (ваф. 150/767 й.) бошлаб, Абу Жаъфар Уструшаний яшаган IV/X аср охиригача Мовароуннаҳрда ҳанафий фиқҳ бўйича ёзилган саноқли асарлар қаторига Абу Жаъфар аш-Шаъбий ал-Уструшанийнинг “Кифоятуш Шаъбий (Шаъбийнинг кифоя қилувчи китоби)” асарини киритишимиз мумкин [3]. Мазкур асарнинг Туркияда сақланувчи нусхаси “ал-Мажолис фи фуруъ ал-фиқҳ (Фиқҳ фуруъларига бағишланган мажлислар)” деб номланади [4].

Абу Жаъфар аш-Шаъбий ал-Уструшаний икки нафар устоздан фиқҳ ўрганган. Улардан биринчиси ўз даврида Бухоро ҳанафий фақиҳларининг устози бўлган Абу Бакр Муҳаммад ибн ал-Фазл ал-Каморий ал-Бухорийдир (ваф. 381/991 й.).

Ал-Каморийнинг устозлари занжири қуйидагича: “Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Яъқуб ал-Ҳорисий ас-Субазмуний (258-340/871-952 йй.) – Абу Абдуллоҳ Абу Ҳафс ас-Сағир (ваф. тахм. 270/884 й.) – отаси Абу Ҳафс ал-Кабир (ваф. 217/832 й.) – Муҳаммад аш-Шайбоний (ваф. 189/804 й.) – Абу Ҳанифа” [2,100].

Абу Жаъфар аш-Шаъбий ал-Уструшанийнинг иккинчи устози ироқлик машҳур ҳанафий олим Абу Бакр ал-Жассос ар-Розийдир (ваф. 370/981 й.).

Ал-Жассоснинг Абу Ҳанифагача бўлган устозлари силсиласи қуйидагича: Абул Ҳасан ал-Кархий (ваф. 340/951 й.) – Абу Саъид ал-Бардаъий (ваф. 317/929-30 й.) – Нусайр ибн Мусо ар-Розий - Муҳаммад аш-Шайбоний (ваф. 189/804 й.) – Абу Ҳанифа” [2,100].

Абу Жаъфар ал-Уструшанийнинг “Ал-Жомиъ ал-Кабир”, “Аз-Зиёдот” ва “Кифоят аш-Шаъбий” каби фиқҳий асарлари маълум. Унинг “Аз-Зиёдот” асари бугунгача етиб келмаган, фақат ундан иқтибослар мавжуд. Алломанинг “Кифоят аш-Шаъбий” асарининг учта қўлёзмаси Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланади [1,83].

Абу Жаъфар ал-Уструшаний Мовароуннаҳрда ҳадис илми ривожига ҳам муҳим ҳисса қўшган. Абу Зайд ад-Дабусий “Ал-Асрор” асарида тўртта ҳадисни ал-Халил ибн Аҳмад ас-Сижзий (290/902-378/988)дан Абу Жаъфар ал-Уструшаний воситасида ривоят қилган. Машҳур ҳанафий фақиҳларидан бири Абу Зайд ад-Дабусий (ваф. 431/1039) Абу Жаъфар ал-Уструшанийнинг шогирдидир. Абу Зайд ад-Дабусийнинг “Тақвим ал-адилла”, “Таъсис ан-назар”, “Ал-Асрор”, “Ал-Амад ал-ақсо” ва бошқа фиқҳий асарлари бор [1,84].

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон буюк алломалар юрти эканлигини бутун дунё ҳамжамияти барала эътироф этмоқда. Жаҳонга қадимий цивилизация ўчоқлари сифатида танилган Бухоро, Самарқанд, Термиз, Хоразм, Фарғона, Шош каби юртимиз шаҳарлари қаторига Жиззах, яъни Уструшана минтақаси ҳам киритилмоқда. Манбаларда қайд этилишича, Уструшана қадимдан Ғарб ва Шарқни ўзаро боғловчи Буюк ипак йўли бўйида жойлашган тараққий этган макон бўлган. Жиззах воҳаси ва мазкур ҳудудда яшаб ўтган аждодлар ҳақидаги маълумотлар бундан қарийб уч минг йил аввалги тарих китобларида ҳам қайд этилган.

Айниқса, мовароуннаҳрлик фақиҳлар илмий мерослари ислом оламида юксак эътирофга сазовор бўлиб, улар тарафидан таълиф этилган фиқҳий асарлар ҳозирги кунда нуфузли ислом илм даргоҳларида ҳуқуқшунослик бўйича асосий қўлланма вазифасини ўтамоқда.

Айни пайтда фиқҳ илми ривожланишига ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшган юртимиздан етишиб чиққан йирик фақиҳлар ҳаёти ва илмий меросларини махсус ўрганиш сермаҳсул ёндашув ҳисобланади.

Мовароуннаҳрлик йирик фақиҳлардан бири Абу Жаъфар аш-Шаъбий ал-Уструшанийнинг ҳаёти, ижоди ва илмий меросини ўрганиш долзарб аҳамиятга эгалигини эътироф этиш лозим.

Бинобарин, Абу Жаъфар ал-Уструшанийнинг устоз ва шогирдлари ҳақидаги маълумотлар унинг фиқҳ илми ривожига улкан ҳисса қўшганини тасдиқлайди.

Абу Жаъфар ал-Уструшаний таваллуд топган ва вояга етган Жиззах воҳаси, яъни Уструшана минтақаси ўрта асрларда юқори мавқе ва нуфузга эга бўлган йирик маданият маркази сифатида турли манбаларда эътироф этилган. Минтақада илм-фан кенг ривожланган ва унда илмлар тараққиётига улкан ҳисса қўшган кўп сонли уламолар етишиб чиққан.

Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Амр аш-Шаъбий ал-Уструшаний (ваф. 404/1013 й.) Мовароуннаҳр минтақасидан етишиб чиққан фиқҳ илми ривожи ва тараққиётига ўзининг муносиб улушини қўшган етук алломалардандир. 

Фойдаланилган манба ва адабиётлар рўйхати

  1. Атаев М. Жиззах алломалари. – Тошкент. – 2014.
  2. Абдулҳай ал-Лакнавий. Ал-Фавоид ал-баҳия фи тарожим ал-ҳанафия. Байрут. – 1972.
  3. Абу Жаъфар Муҳаммад аш-Шаъбий. Кифоятуш Шаъбий. – ФА ШИ. – Қўлёзма № 4611, 4666, 6013.
  4. Абу Жаъфар аш-Шаъбий ал-Уструшаний. Ал-Мажолис фи фуруъ ал-фиқҳ. – Кўпрулу кутубхонаси (Туркия). – Меҳмед Асимбей бўлими. – Қўлёзма № 184.
  5. Bedir M. Interplay of Sufism, Law and Theology: a Tenth Century Example/ The IV th International Conference of Islamic Legal Studies on Sufism and Law. – Мурсия (Murcia), Испания. – 2003, 8-11 май.

 

Музаффар Жабборов,

Ўзбекистон Халқаро Ислом академияси таянч докторанти

 

 

 

Read 2922 times

Мақолалар

Top