Мақолалар

Истиқлолим – саодатим

Бундан 25 йил муқаддам Президентимиз Ислом Каримов томонидан Ўзбекистон Республикаси мустақил деб эълон қилинганида ўзбек халқининг чексиз қувончини таърифлаб бўлмасди. Мана, ўзбек халқининг бошига истиқлол қуёши чиққанига ҳам 25 йил тўлди. Бу муддат кўҳна тарих олдида озгина бўлсада, халқимиз наздида асрларга татийдиган вақтдир. Мана шу вақт ичида кўплаб соҳалар сингари диний қадриятлар ва диний таълимга алоҳида эътибор қаратилди.

Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Насафий, Имом Мотуридий сингари Ислом оламида ўчмас из қолдирган улуғ аждодларимизнинг бебаҳо тарихий мерослари қайта тикланди. Шунингдек, янги масжидлар ва мақбаралар барпо этилди. “Ҳазрати Имом” мажмуаси ҳамда “Минор” масжидлари нафақат юртдошларимиз, балки чет эллик сайёҳларнинг ҳам эътирофига сазовор бўлмоқда. Юртимизда диний қадриятлар билан бирга диний таълимга алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, ёшларимизнинг диний билим олишлари учун кенг имконият ва шароитлар  яратилган. Хусусан, айни вақтда юртимизда 9 та ислом билим юртлари, Тошкент ислом институти ҳамда Марказий Осиёда ягона бўлган Тошкент ислом университети фаолият юритмоқда. Бу таълим даргоҳларида минглаб ўғил-қизларимиз эмин-эркинликда диний билимларни эгаллаб келмоқдалар. Жумладан, Тошкент ислом институти, Наманган шаҳридаги “Ҳидоя”, Қаршидаги “Хожа Бухорий”, Хоразмдаги “Фахриддин ар-Розий”, Нукусдаги “Муҳаммад ал-Беруний” сингари ислом билим юртлари замонавий услубда қурилган, кенг ва шинам хоналарга эга бўлган янги биноларга кўчириб ўтказилди. Талабаларнинг мароқли дам олишлари учун замонавий юмшоқ мебелларга эга бўлган ётоқхоналар барпо этилди.

Ушбу ислом билим юртларида талабалар Қуръони карим ва тажвид, ҳадис, тафсир, фиқҳ ва калом илмлари билан бирга дунёвий фанларни ҳам пухта эгаллаб келмоқдалар. Юртимиздаги ҳар бир ислом билим юртлари замонавий ва сўнгги русумдаги компьютер билан жиҳозланган информатика хоналарига эга бўлиб, ёшларимизнинг ахборот технологияларидан унумли фойдаланишни ўрганишлари учун муҳим омил бўлиб келмоқда. Шунингдек, кимё-биология ва физика сингари табиий фанларни ҳам тўлиқ ўзлаштиришлари учун кимё ва физика лаборатория кабинетлари ташкил этилиб, керакли жиҳоз ҳамда ускуналар билан таъминланган. Кенг ва ёруғ ўқув хоналари алоҳида фанлар учун турли кўргазмали материаллар билан жиҳозланган.

Талабаларни чет тилларни ўрганишлари учун замонавий техника воситалари  билан жиҳозланган лингафон хоналари мавжуд бўлиб, улар малакали устозлар ёрдамида хорижий тилларни мукаммал эгаллаб келишмоқда. Бундан ташқари, талабаларнинг бўш вақтларини мароқли ўтказишлари учун қўшимча тўгарак-машғулотлар билан бирга спорт секциялари ҳам фаолият юритиб келмоқда. Ҳар бир ислом билим юртида ёпиқ ҳамда очиқ спорт майдончалари мавжуд бўлиб, талабаларни спорт билан шуғулланишлари учун кенг шароитлар яратиб берилган. Барча шароитларга эга бўлган ошхоналар ташкил этилган бўлиб, талабаларга ҳар куни 2 маҳал бепул иссиқ овқат берилади. Талабаларни маданий ҳордиқ чиқаришлари учун алоҳида маънавият хоналари ташкил этилган. Унда талабаларни юртимиз ва дунёда бўлаётган янгиликлар билан ҳамнафас бўлишлари учун  барча оммавий ахборот воситалари мавжуд.

Талабаларни мукаммал билим олишлари, таълим сифатини янада яхшилаш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан доимий равишда билим юртларининг моддий техника базаси шакллантириб келинмоқда. Хусусан, таълим бўлими томондан янги ўқув дастурлари, адабиётлар ва дарсликлар ишлаб чиқилиб, дарс самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.   

Хулоса қилиб айтганда, юртимизда ёшларимизни диний билимларни эгаллашлари учун барча шарт-шароитлар мавжуд. Ёшларимизга шундай имкониятларни яратиб берган истиқлол байроғи абадул абад ҳилпираб турсин.      

Шавкатжон МАДАМИНОВ, Наманган шаҳар  “Ҳидоя” ислом билим юрти ўқитувчиси                              

Read 4397 times

Мақолалар

Top