Мақолалар

Чумоли ҳақида илмий ҳақиқатлар

Олимлар чумоли ҳақида янгидан янги илмий ҳақиқатларни кашф этмоқдалар. Яқинда аниқланган илмий ҳақиқатлардан бирида айтилишича, чумолиларнинг урғочиси жамоани хавфдан огоҳлантирар экан. Улар бу вазифани бажариш асносида ўзидан овозли тебранишлар ва кимёвий моддалар чиқарар экан. Атрофдаги чумолилар бундан хавф яқинлашаётганини тушуниб, хавфсиз жойга қочишар экан. Қуръони Каримда бу ҳақиқатга ўн тўрт аср олдин ишора қилинган:

حَتَّى إِذَا أَتَوْا عَلَى وَادِي النَّمْلِ قَالَتْ نَمْلَةٌ يَا أَيُّهَا النَّمْلُ ادْخُلُوا مَسَاكِنَكُمْ لَا يَحْطِمَنَّكُمْ سُلَيْمَانُ وَجُنُودُهُ وَهُمْ لَا يَشْعُرُونَ

“Токи улар чумолилар водийсига келганларида, бир чумоли: “Эй чумолилар, масканларингга киринглар, Сулаймон ва унинг аскарлари сизларни билмасдан эзиб юбормасинлар”, деди”. (Чумолилар ҳам асалариларга ўхшаб, ажойиб интизомга эга. Ҳали-ҳануз уларнинг жамоат бўлиб яшашлари сири англанган эмас. Бу оятда улар бир-бирларини хавф-хатардан огоҳ этишлари айтилмоқда.) (Намл сураси, 18-оят).

Бу оятда хавфдан огоҳлантирувчи чумолининг феъли قَالَتْ (“қоолат”) дейилиб, ушбу феъл муаннас (женский род) шаклида келган. Мана шунинг ўзида шерикларини хавфдан огоҳ этувчи чумолининг урғочи бўлишига ишора бор.

Уламолар ушбу оятдан келиб чиқиб, чумолиларга хос бир неча хислатларни зикр қилганлар.

Чумоли ҳис қилади, сезади, нимагадир улгуриб қолишга интилади, нидо қилади, диққатни жалб этади, буюради, қайтаради, таъкидлайди, насиҳат қилади, сўзларини балоғат билан етказади, баён қилади, огоҳлантиради, ҳайдайди.

Чумоли Сулаймон алайҳиссаломнинг ўз қўшинлари билан келаётганларини сезди, ҳис қилди ва шерикларига уларнинг келишаётгани хабарини билдиришга интилди, шошилди.

Кейин барча чумолиларнинг диққатини ўзига қаратиш, жалб этиш мақсадида уларга нидо қилди.

У нидо қилаётганда “Эй чумолилар” деди. Бу нидо сабабли бирор ишга машғул бўлиб турган чумоли ҳам ўз ишини ташлаб, диққатини унга қаратади.

Барча чумолилар эътиборларини унга қаратишгач, у ўз шерикларига “Масканларингга киринглар” деб буюрди.

Шу ўринда бир ҳақиқатни эслатиб ўтсак.

Нидо қилувчи чумоли “Масканларингга киринглар” деди. Демак, ҳар бир чумоли хавф юзага келганда истаган тешикка, ковакка кириб кетмайди, балки ҳар бири ўзининг масканига, хотиржам бўладиган, хавфдан омон бўладиган, ўзини тинч ҳис қиладиган масканига киради. Зеро, маскан сўзи “Сокинлик топадиган жой” маъносини билдиради.

Кейин нидо қилувчи чумоли “Эзиб юбормасинлар” деб деб Сулаймон алайҳиссалом қўшинини чумолиларни эзиб юборишдан қайтармоқда.

Бу қайтариқни таъкид билан айтяпти. Оятдаги يَحْطِمَنَّ (“яҳтиманна”) феълидаги “ташдидли нун” ҳарфи шунга далолат қилади.

Нидо қилувчи чумоли ўз жамоасини масканларига киришга буюриш билан уларга насиҳат қиляпти, яхшилигини улардан аямаяпти.

 Оятда чумоли ўз жамоасини хавфдан огоҳ этар экан, ҳеч кимни, Сулаймон алайҳиссаломни ҳам, у зотнинг қўшинларини ҳам айбламаяпти. Балки “Сулаймон ва унинг аскарлари сизларни билмасдан эзиб юбормасинлар” деб, ўз фикрини балоғат билан баён қилиб етказяпти.

Ўз жамоасини ўлимдан сақлаб қолиш мақсадида уларни хавфсиз жойга киришга чорлаб, хафв борлигини эълон қилиш “огоҳлантириш” дейилади.

Шу тарзда у ўз жамоасини хавфсиз масканларга ҳайдамоқда.

Азизлар, биргина чумолида шунча хислатлар бор экан. Улар бир-бирларини мана шу тарзда огоҳлантирар эканлар.

Чумолилардаги бу хислатлар ҳақида Қуръони Каримнинг мазкур биргина оятида бундан 14 аср олдин хабар бериб қўйилган.

Миттигина махлуқига шунча хислатларни ато этган Аллоҳ Баракотли, Буюкдир!

 

Интернет маълумотлари асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Read 6811 times

Мақолалар

Top