Мақолалар

Абулайсийларни биласизми?

Абу Лайс Самарқандий

Самарқанд номини дунёга машҳур қилган буюк самарқандийлар ҳақида сўз кетганда биз биринчилардан бўлиб Абу Лайс Самарқандий номини тилга оламиз. Алломанинг исми Наср ибн Муҳаммад бўлиб, милодий 910 йилда мусулмон дунёсининг илм-маърифат ўчоғи бўлган Самарқандда туғилган. Унинг номи Фақиҳ Абу Лайс тарзида ҳам машҳурликка эришган. Фақиҳ – барча исломий илмлар билимдони маъносида ҳам қўлланилади. Абу Лайс кунясига тўхталадиган бўлсак, Лайснинг отаси (олимнинг Лайс исмли ўғли бўлган) ёки арслон каби жасур (“лайс” арслон маъносида) маъноларни билдиради.

Абу Лайс Самарқандийни тарихий асарларда “Имомул ҳуда”, яъни “ҳидоятга бошловчи имом” деб аташган. Тарихда бу зотдан бошқа фақатгина буюк мутакаллим олим Абу Мансур Мотуридийгина шу ном билат аталгани маълум. Ўзбекистонлик исломшунос олимлардан У. Уватов ва А. Абдуллаевлар олимнинг илмий меросини ўрганишган ва бир нечта рисола ва мақолалар чоп эттиришган. Фақиҳ Абу Лайснинг хаёти асосан Марказий Осиёда: Самарқанд, Бухоро, Марв, Балх каби шаҳарларда ўтган.

Олим дастлабки сабоқларини ўз отасидан олган. Отаси Муҳаммад ибн Аҳмад ўз замонасининг олимларидан бўлиб, фақиҳ бир қанча асарларида ундан ҳадислар ривоят қилган. Унинг устозларининг барчаси ҳанафий мазҳабининг пешқадам алломаларидир. Улардан:

Абу Жаъфар Ҳиндувоний – ўз замонасининг машҳур олими. У Мовароуннаҳрда ҳадис илмини ёйган ва фатво бериш даражасига етган. Фиқҳ илмидаги юксак мақоми сабабли уни кичик Абу Ҳанифа деб аташган. У милодий 972 йилда Бухорода вафот этган.

Халил ибн Аҳмад Сижзий ҳам ўз замонасида пешқадам олимлардан эди. Мовароуннаҳр шаҳарларида қозилик ҳам қилган. Милодий 988 йилда Самарқандда вафот этган.

Муҳаммад ибн Фазл Балхий ҳам ўша даврнинг машҳур ҳанафий олимларидан эди. У ҳам фақиҳ Абу Лайсга устозлик қилган.

Тадқиқотчи А.Абдуллаевнинг ёзишича, дунёдаги кўплаб кутубхоналарда Абу Лайс Самарқандий қаламига мансуб асарларнинг 400дан зиёд қўлёзмаси сақланмокда. Олимнинг бизга маълум 40 дан зиёд асари бор. Улардан 22 таси фиқҳ, 13 таси дидактик, 2 таси тафсир, 4 таси ақида соҳасига бағишланган.

Албатта, алломанинг энг машҳур асари Қуръон оятларининг мукаммал тафсиридир. У «Баҳрул улум» (Илмлар денгизи) деб номланган. Баъзи манбаларда «Тафсиру Аби Лайс» деб ҳам аталади. Ушбу тафсир мусулмон тафсиршунослиги тарихидаги энг дастлабки асарлардан биридир. Дунё кутубхоналарида унинг 77 та қўлёзма нусхаси мавжуд. Улардан 2 таси Миср Араб Ресбубликаси, 1 таси Эдинбург кутубхонасида, яна бири ЎзР ФА Шарқшунослик институда 2824 – ашёвий рақам билан сақланади. Уша давр илмий муҳити тақозосига кўра, Абу Лайс Самарқандий ҳам аҳли сунна эътиқодини ҳимоя қилиш ва турли адашган оқимлар даъволарига раддиялар ёзиш билан шуғулланган. Унинг тафсирида ҳам эътиқодий карашларга катта эътибор берилган. Ушбу асар тадқиқоти устида Тошкент Ислом Университети доценти А.Абдуллаев номзодлик ишини муваффақиятли ҳимоя килди.

Фақиҳ Абу Лайс ўзининг маънавий устози имом Абу Ҳанифа қаламига мансуб аҳли сунна вал жамоа эътиқоди асослаб берилган «Фиқҳул абсат» асарига мукаммал шарҳ ёзган.

Олим ҳанафий мазҳаби фиқҳига оид «Навозил», «Хизонатул фиқҳ», «Уюнул масоил», «Муқаддимату фис солат» каби бир канча асарлар ёзган. Эътиборли томони шундаки, Абу Лайс Самарқандий тарихда биринчи бўлиб ўзидан олдин ўтган Абу Ҳанифа, Муҳаммад ибн Ҳасан каби ҳанафий мазҳаби пешволарининг фатволарини жамлаб китоб ҳолатига келтирган.

Олимнинг ахлоқ-одоб мавзусига бағишланган «Танбеҳул ғофилин» ва «Бўстонул орифин» асарлари ниҳоятда машҳур. Бу икки асар мустақиллик йилларида ўзбек тилига таржима килиниб нашрдан чиқди. «Бустонул орифин» асарида пайғамбарлар, саҳобалар ва уммавий, аббосий халифалар тарихига оид қимматли маълумотлар мавжуд.

Фақиҳ Абу Лайс муҳаддис ҳам бўлганки, ўз тафсирида ва «Танбеҳул ғофилин» асарида бир қанча муҳаддислардан ҳадислар ривоят қилган. Манбаларда келтирилишича олим 100 минг ҳадисни ёд билган.

«Ҳидоя», «Шарҳул виқоя», «Фатово Оламгирия» каби барча фиқҳий асарларда Абу Лайс Самарқандийнинг юзлаб фатволарини топишингиз мумкин.

Фақиҳ Абу Лайс ўз даврида яшаган бошқа икки самарқандлик буюк калом илми намояндалари Абу Мансур Мотуридий ва Абул Қосим Ҳаким Самарқандийлар қаторида Имом Аъзам асослаган аҳли сунна эътиқодини ҳимоя килиш ва уни Ўрта Осиёда тарқатишда ўзининг катта ҳиссасини қўшди.

Тарихий асарларда айтилишича Самарқанддаги машҳур Чокардиза қабристони аслида Абу Лайс Самарқандийнинг боғи бўлган. Олим милодий 985 йилда вафот этганда ўз боғининг жануби-ғарбида ҳозирги “Фақиҳ Абу Лайс” жоме масжиди ёнида дафн этилган.

Фазлуллоҳ Абулайсий

Фазлуллоҳ Абулайсий буюк Фақиҳ Абу Лайс авлодидан бўлиб темурийлар даврида Самарқандда яшаб фаолият олиб борган машҳур аллома. Бу ерда у ўша замоннинг энг йирик олимлари Саъдуддин Тафтазоний, Саййид Шариф Журжоний, Қозизода Румий, Мирзо Улуғбек, Али Қушчилар билан бирга мадрасаларда дарс берган ва илмий тадқиқотларда иштирок этган. Манбаларда қайд этилишича, Самарқанд шаҳридаги ҳозирги “Фақиҳ Абу Лайс” масжиди ҳудудида у зотнинг хонақоҳ – мадрасаси бўлган. Буюк адиб ва давлат арбоби Алишер Навоий 1465-1469 йилларда шу ерда яшаб, мавлоно Фазлуллоҳдан тафсир, ҳадис, фиқҳ, араб тили ва шеъриятидан дарс олган. Навоийнинг ўзи «Мажолисун нафоис»да ва тарихчилар Хондамир ва Мирхондлар ўз асарларида ушбу маълумотларни келтиришган.

Фазлуллоҳ Абулайсий Амир Темур томонидан Самарқандга олиб келинган машҳур олим Саййид Шариф Журжонийнинг шогирди. Навоийнинг хабар беришича, Саййид Шариф ул зотга ўз қўли билан дарс айтишга ижозатнома ёзиб берган. Академик Ботирхон Валихўжаевнинг тадқиқотларида келтирилишича, мавлоно Фазлуллоҳ Улуғбек Мирзонинг яқин кишиларидан бўлган. 1422 йилда у отаси Шоҳруҳ Мирзони Ироқ устидан қилган ғалабаси билан табриклагани Ҳиротга айнан Фазлуллоҳ Абулайсий билан борган. Шунингдек, 1410 йилда Улуғбек Мирзо Самарқанддан чиқишга мажбур бўлганда мавлоно Фазлуллоҳ бошчилигида Самарқанд катталари унга садоқат кўрсатиб, душманларга шаҳар дарвозаларини очишмайди.

Алишер Навоий Фазлуллоҳ Абулайсийни Самарқанднинг энг катта олими эди, деб эслайди. Хондамир эса мавлоно Фазлуллоҳ зўр олимлиги ва донишмандлиги сабабли иккинчи Абу Али ибн Сино лақабини олган эди, деб ёзади. Хар иккала адиб устознинг, айниқса, ислом хуқуқшунослиги ва араб тили грамматикасида моҳир ва тенгсиз эканлигини таъкидлашади. Фазлуллоҳ Абулайсийдан ўз асрида форс-тожик адабиётининг буюк намоёндаси Абдураҳмон Жомий, машҳур адиб Давлатшоҳ Самарқандий, тасаввуф пешволари Саъдуддин Қошғарий ва Хожа Аҳрор Валийлар дарс олишган. Мавлоно Фазлуллоҳ ва Хожа Аҳрор ўрталарида жуда яқин устоз-шогирдлик алоқалари мавжуд бўлган. Академик Б.Валихужаев Мавлоно Муҳаммад Қозининг асарлари оркали хабар беришларича, Самарқандда Хожа Аҳрор асоссиз тарзда илмсизликда айбланганда Фазлуллоҳ Абулайсий у зотни ҳимоя қилиб чиққан. Шунингдек, Хожа Аҳрор ҳар замонда Мавлоно Фазлуллоҳнинг Ургутдаги ҳовлисида дам олиб келган.

Фазлуллоҳ Абулайсий бир неча бор Ҳиротда бўлганини ҳисобга олиб тарихчилар томонидан унинг Алишер Навоийнинг отаси амир Ғиёсиддин билан таниш бўлганини тахмин қиладилар. Балки шунинг учундир, Амир Алишер айнан Самарқандга Мавлоно Фазлуллоҳ ҳузурига шогирдликка келади.

Юқоридаги маълумотлардан хулоса килиш мумкинки, Фазлуллоҳ Абулайсий ўз даврида Марказий Осиёнинг энг машҳур алломаларидан ва Самарқанд сиёсий-маданий муҳитининг кўзга кўринган шахсларидан бири бўлган.

Эътироф этиш лозимки, дунё тарихида Фазлуллоҳ Абулайсий каби бунчалик кўп улуғ зотларни тарбиялаган буюк мураббийлар камдан кам топилади.

Навоийнинг хабар беришига кўра, мавлоно Фазлуллоҳ Самарқандда вафот этган ва ўзининг улуғ бобокалонлари ёнига, уларнинг мақбараларига дафн этилган. Ҳозирги кунда ушбу мақбара сақланиб қолмаган. 70 йилларда маҳала аҳли қабрлар устига мўъжаз айвонча қуришган. Биз яна эътиборингизни шунга тортамизки, Вобкент кўчасида жойлашган “Фақиҳ Абу Лайс” масжиди ёнидаги Абу Лайс Самарқандий ва Фазлуллоҳ Абулайсий қабрлари қадимий Чокардиза кабристонидан сақланиб қолган ягона мазоротдир. Шунингдек, “Фазлуллоҳ Абулайсий” масжид хонақоси ўрнидаги бугунги “Фақиҳ Абу Лайс” масжиди Марказий Осиёдаги Алишер Навоий шахсиятига боғлик ягона нуқта ҳисобланади.

Фазлуллоҳ Абулайсийдан бошқа машҳур Абулайсийлар ҳақида маълумотлар жуда кам. Факатгина бу зотнинг Хўжа Хованд исмли ўғли кейинчалик Ҳиротда Алишер Навоий ҳомийлигида ижод қилгани ва бир қанча асарлар ёзгани маълум.

 

Порсохон Ҳасанов,

Самарқанд шаҳар “Фақиҳ Абу Лайс”

жоме масжиди имом-хатиби

Read 5478 times

Мақолалар

Top