Қустантания дунёдаги энг муҳим шаҳарлардан бири ҳисобланади. 335 йилдан 395 йилгача ушбу шаҳар Рим империясининг пойтахти, 395 йилдан то 1453 йилгача Шарқий Рим империяси (Византия)нинг пойтахти бўлган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ушбу шаҳар Византиянинг пойтахти эди. У зот алайҳиссалом бу шаҳарни фатҳ қилиш ниҳоятда муҳим иш эканини таъкидлаб, унинг фотиҳи ва эгаллашда иштирок этадиган аскарларини мақтаб, шундай деганлар:
“Албатта Қустантания фатҳ этилажак, унинг амири қандай ҳам яхши амир ва уни эгаллайдиган қўшин қандай ҳам яхши қўшиндир”. Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ “Муснад”да, имом Ҳоким “Мустадрак”да ривоят қилганлар.
Мана шу ҳадисда айтилган мартабага эришиш умидида кўплаб саҳобалар, ҳукмдорлар, амирлар, саркардалар ушбу шаҳарни фатҳ қилишга уринишган.
Илк бор Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу ҳижрий 44 санада Қустантания фатҳига уриндилар, аммо мақсадга эришолмадилар. Бу буюк саҳобийнинг даврларида бу уринишлар бир неча бор амалга оширилди.
Умавийлар давридаги энг муҳим уринишлардан яна бири ҳижрий 98 йилда Сулаймон ибн Абдулмалик даврида бўлиб ўтди. Бунда ҳам мақсад ҳосил бўлмади.
Аббосийлар ҳукмронлиги даврида Византияга қарши кўплаб ҳарбий ҳаракатлар амалга оширилди. Ана шундай ҳаракатлар орасида Қустантания фатҳига бўлган уриниш ҳижрий 190 йилда Ҳорун ар-Рашид томонидан амалга оширилди.
Кейинчалик Кичик Осиёда бир неча исломий давлатлар ташкил топди. Ана шулардан бири Салжуқийлар давлатидир. Салжуқийлар давлатига 1063-1072 йиллар орасида ҳукмдорлик қилган Алп Арслон билан Византия императори Роман IV Диоген ўртасида 1071 йилда катта жанг бўлиб ўтади. Жангда император енгилиб, асир олинади ва зиндонга ташланади. Шу ҳодисанинг ўзи Византиянинг катта қисми мусулмонлар қўлига ўтишига сабаб бўлади.
Орада бир қанча вақт Қустантанияни фатҳ қилишга уриниш сустлашиб қолди.
Ўн учинчи асрнинг охирларига келиб, Қустантанияни фатҳ қилиш ҳаракатлари яна бошланди. 1393 йилда Усмонийлар султони Боязид Қустантанияни қамал қилди. Шундан кейин у Византия императори билан шаҳарни тинч йўл билан топшириш борасида музокаралар олиб боришни бошлади. Лекин император бу ишни пайсалга солиб, шаҳарни топширишни чўзиб, турли қаршиликлар қилди. 1402 йилдаги Анқара жанги сабабли Боязид аскарларини қамалдан олиб, жангга ташлади. Жангда Боязид енгилди, асир олинди, Усмонийлар давлати бир муддат кучсизланиб, Қустантанияни фатҳ қилиш фикри тўхтаб қолди. Бу ҳол 1451 йилгача давом этди.
1451 йилда султон Муродхон Соний томонидан Қустантания фатҳига жуда кўп бор ҳаракатлар бўлди, шаҳар қамал қилиб турилди. Византия императори томонидан амалга оширилган фитналар сабабли бу сафарги уриниш ҳам муваффақиятли якунланмади. Шу йили султон Муродхон Соний вафот этди ва тахтга унинг ўғли султон Муҳаммадхон Соний ўтирди.
Муҳаммад отаси давлатни бошқариб турган пайтда ҳам ҳукумат ишлари билан шуғулланар, Византияга қарши амалга оширилган кўплаб ҳарбий юришларда иштирок этган эди. У султонлик тахтига ўтирган вақтиданоқ Қустантанияни фатҳ қилишни ўйлай бошлади.
Султон Муҳаммадхон ёшликдан диний-ахлоқий тарбияни олган, катта уламоларнинг илмларидан баҳраманд бўлган эди. Шу сабабли унинг исломга, иймонга, Қуръон ва суннатга амал қилишга, илм ва уламоларга муҳаббати ўзгача эди. Одамлар орасида тақводор, парҳезкор сифатида танилганди. У отасининг кўрсатмаси билан ўша даврнинг етук алломаларидан бўлган Аҳмад ибн Исмоил Кавроний раҳимаҳуллоҳдан таълим олади.
1453 йил 27 май...
Султон Муҳаммадхон шаҳарга ҳужум қилиш вақти яқинлашганини эълон қилди ва “Ё Усмонийлар давлати йиқилади ёки Қустантания йиқилади” шиорини барчага эслатди. Ўша куни мусулмонлар рўза тутдилар. Шу куни кечаси билан барча қўшин султон бошчилигида ўтлар ёқиб, туни билан таҳлил, такбир, таҳмид ва тасбеҳ айтиб чиқдилар, дуо ва муножотга астойдил киришдилар.
28 май...
Қўшин бу кунни ҳам кечагидек рўзадор ҳолда ибодат ва дуо билан ўтказди. Уламолар ва шайхлар сафлар орасида юриб, аскарларга Қуръон оятларидан ўқиб берар эдилар. Султон ҳам ўз қўшинига юқоридаги буюк ҳадисни эслатиб, унинг ҳукми остига кириш улкан бахтлигини англатар, уларни шижоатлантирар, кўнгилларини кўтарар эди.
1453 йил 29 май...
Шу куни мусулмонлар қўшини 21 ёшли султон Муҳаммад Соний бошчилигида бомдод намозини ўқигач, Қустантанияга ҳужумни бошладилар. Деярли икки ойлик қамалдан сўнг Қустантанияни эгаллашга муваффақ бўлдилар. Византиянинг ўша пайтдаги императори Константиин XI Палеолоог Драгаш қамал пайтида ҳалок бўлди.
Шу ўринда “Султон Муҳаммад Фотиҳ ва Истанбул фатҳи” мақоласидан ушбу иқтибосни келтирсак: Абу Иброҳим ибн Юсуф “Ислом эътиқоди” китобида, “Қустантиния фатҳи” бобида ёзади: “Аллоҳ субҳанаҳу ва таъоло томонидан ғалаба ато қилингандан кейин, Султон Муҳаммад Фотиҳнинг биринчи қилган иши – саждага бошини қўйиб, мусулмонларга очиқ фатҳ ва мулк бергани учун Аллоҳга шукрона келтирди. Қўшин шаҳарга кирганда, кўпчилик деворларнинг тепасига кўтарилиб, румликларнинг байроқларини юлиб ташлаб, уларни ўрнига Ислом байроқларини ўрнатишни бошлашди. Бу ғалаба онларида шаҳарнинг энг баланд минораларидан азон чақирила бошланди. Султон Фотиҳ шаҳар марказига келганда, тўхтади ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг башоратлари рўёбга чиққанлиги тўғрисида хитоб қилди ва “Албатта Қустантиния фатҳ этилажак, унинг амири қандай ҳам яхши амир ва уни эгаллайдиган қўшин қандай ҳам яхши қўшиндир” ҳадисини айтди”.
Ушбу фатҳ Қустантанияга бўлган юришнинг якунловчиси ҳисобланиб, шу билан шарқий Рим империяси ҳам тугатилди. Фатҳ якунлангач, султон Муҳаммадхон Соний Фотиҳ лақабини олди, пойтахтни Эдирнедан Қустантанияга кўчирди ва унинг номини Исломбул, яъни “Ислом тахти” деб ўзгартирди. Кейинчалик Отатурк олиб борган ишлар ортидан шаҳарнинг номи Истанбул деб ўзгартирилди.
Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Иминжонов тайёрлади