Мақолалар

Борига шукр, йўғига сабр қилайлик

Инсон дунёда саодатли ҳаёт кичириши учун Аллоҳ таоло ер юзини яшашга қулай қилиб яратди. Унда турли хил ўт ўлан, тоғ-тошларни, денгиз-дарёларни, ҳайвонот оламларини ва яна кўплаб неъматларини яратиб, барчасини бани башарга бўйсундириб қўйди. Биз Роббимиз берган бу неъматларни санаш билан саноғини тугата олмаймиз. Инсон фақатгина Аллоҳ таъоло берган барча неъматларни эътироф этиб, у неъматлар учун шукр қилса, Аллоҳга ҳақиқий бандаликни бажо келтирсагина, шокир бандалар сафидан жой олади. Ҳар бир инсон Аллоҳ таоло берган неъматлари учун шукр қилиши керак. Ношукрлик куфрони неъматдир. Мўмин-мусулмонликка зиддир. Шукр қилиш билан бирга солиҳ амалларни кўпроқ қилишга, ота-онага, қариндош-уруғларга, қўни-қўшниларга яхшилик қилиб, Аллоҳнинг розилигини ахтаришга ҳаракат қилиш мўминга хос гўзал хислатлардандир.  

Аллоҳ таоло: “Агар шукр қилиб, иймонли бўлсангизлар, Аллоҳ  сизларни нега азобласин?! Ахир Аллоҳ (бандаларининг тоат-ибодатларига савоб ато этиш билан) шукр қилувчи ва билувчи бўлган зот-ку?!” (Нисо, 147 оят) Бу муборак оят орқали Аллоҳ таоло шукр иймонга боғлиқ фазилат эканлигини маълум қилади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васаллам барча гўзал амалларни ўзларида мужассам этган зот эдилар. Шукр қилишда ҳам у зотга етадиган бирор бир киши топилмаслигига шубҳа йўқ. Сабаби, Аллоҳ таолога дуолари ижобат бўладиган киши бўла туриб, У зотдан кўп мол дунё беришини сўрамаган эдилар. Балки, Аллоҳ берган ризққа қаноат қилиб яшаганлар. Очликдан қоринларига тош боғлаб юрганларини биламиз. Шукрнинг фазилатларидан яна бири шуки, инсон шукр қилса ризқи яна зиёдалашади. Бу ҳақида Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: “Неъмат шукрга боғлангандир, шукр зиёдаликка боғлангандир. Шукр кесилмагунча, зиёдалик кесилмайди”, деганлар.

Шукр қилувчи кишида меҳр-мурувват, инсоф-диёнат, қаноат, сабр каби ахлоқлар мавжуд бўлади. Бу ахлоқлар эса инсонни дунё ва охират саодатига бошлайди.

Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳафизаҳуллоҳ: “Ҳар бир инсон ўз ҳолига, ҳаётига, қисматига, тақдирига рози бўлишни, шукр қилишни ўрганиши керак. Чунки, бу ҳаётни унга Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло раво кўрди ва шундай бўлишини ирода қилди. Шунинг ўзи катта марҳамат, шунинг ўзи катта бир неъмат. Шукр қилсак Аллоҳ бундан ҳам зиёда қилиши мумкин. Аммо ношкурлик қиладиган бўлсак, бошқа ҳаётларга ҳавас қиладиган бўлсак, ўзимиздаги боридан ҳам маҳрум бўлиб қолишимиз мумкин”, деганлар.

Инсон кўп гуноҳларга ношкурлиги сабабидан қўл уриб, турли жиноий кўчаларга кириб қолади. Натижада Аллоҳнинг ғазабига учраб, охират ҳисоб-китобини унутади. Оз муддатли бу умрни залолатда ўтказмасдан, фақат яхшилик қилиб, элга нафи тегадиган киши дунёда хотиржам, охиратда саодатли ҳаёт кечиради.

 

  Зоир Остонов

Бухоро вилояти “Ҳазрат Билол” жоме масжиди имом-хатиби

Read 3363 times

Мақолалар

Top