Мақолалар

Сафвон ибн Сулаймнинг азизлиги

Касир ибн Яҳё отасидан ривоят қилади: “Сулаймон ибн Абдулмалик Мадинага келди. У пайтда Умар ибн Абдулазиз у ерда волий эди. Сулаймон одамлар билан бирга пешинни ўқигач, уларга ўгирилиб, меҳробга суяниб ўтирди. Шу пайт кўзи Сафвон ибн Сулаймга тушди ва Умардан “Бу киши ким? Ундан кўра хушбичим, келишган одамни кўрмаганман” деб сўради. Умар: “Сафвон” деб жавоб берди.

Халифа Сулаймон бир хизматкорга: “Ҳой бола, мана бу халтада беш юз динор бор. Буни олиб, анави турган одамга олиб бор!” деди. Йигит Сафвоннинг олдига бориб, намоз ўқиб бўлгунича кутиб турди. Сафвон намоз ўқиб бўлиб, салом бергач, йигитдан: “Нима ҳожатинг бор?” деб сўради. Йигит: “Мўминларнинг амири “Буни оиласига ишлатсин” дедилар” деб айтди ва (халтани кўрсатди).

Сафвон хизматкор йигитга: “Сен юборилган одам мен эмасман” деди. Йигит ҳайрон бўлиб, “Сиз Сафвон ибн Сулайм эмасмисиз?” деб сўради. У киши “Сафвонман” деб жавоб берди. “Унда бу халтани сизга юборишди” деди йигит.

Шунда Сафвон йигитга: “Сен бориб, буни аниқлаштир” деди. Йигит қайтиб кетди. Сафвон дарҳол поябзалини олди-да, масжиддан чиқиб кетди. Шу билан Сафвон то Сулаймон Мадинадан қайтиб кетгунича кўринмади”.

Сафвон ибн Сулайм раҳимаҳуллоҳ мадиналик машҳур тобеинлардан бўлиб, катта фақиҳлардан, зоҳид ва ибодатли зотлардан эдилар. Ҳижрий 132 йилда 72 ёшларида вафот этганлар.

 

Ҳоний Ҳожининг “Солиҳлар ва солиҳалар,

зоҳидлар ва зоҳидалар ҳаётидан минг бир қисса”

китоби асосида Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Read 2660 times

Мақолалар

Top