Мақолалар

Шаъбоннинг сўнгги ярми

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Рамазон олдидан бир-икки кун олдин рўза тутманглар. Магар бир киши бирор рўза тутиб юрган бўлса, ўшани тутсин», дедилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

«Сунан» эгаларининг ривоятида: 

«Шаъбон ярмига етганда, рўза тутманглар», дейилган.

Шарҳ: Аҳли китоб бўлмиш кофир қавмлар ўзларига фарз қилинган рўзанинг қайси кун бошланишига шубҳа қилиб, бир-икки кун олдин тутишар, оқибатда нафл ибодат билан фарз ибодатни аралаштириб юборишар эди.

Исломда эса иккиланишга, нафл ва фарзларни аралаштириб юборишга рухсат йўқ. Мусулмонлар ҳар бир ибодатни жазм билан, азму қарор билан нафлни нафл ўрнида, фарзни фарз ўрнида адо этишлари лозим.

Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон киришидан олдин бир-икки кун қолганда рўза тутишдан қайтарганлар.

Аммо бир одам маълум кунларда, мисол учун, душанба ва пайшанба кунларда нафл рўза тутиб юришга одатланган бўлса-ю, ўша кун Рамазондан олдинги кунларга тўғри келиб қолса, тутса бўлаверади.

Шунингдек, баъзи бир кишилар назр рўза ният қилиб қўйган бўлсалар-у, ўша назр рўзани тутишлари Рамазондан бир-икки кун олдинги кунларга тўғри келиб қолса, улар ҳам тутсалар бўлаверади.

Юқорида зикр этилган сабабларга ҳамда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Шаъбон ярмига етганда, рўза тутманглар», деган ҳадисларига биноан, Шаъбон ойининг ўн олтинчи кунидан бошлаб, то Рамазони шариф киргунча нафл рўза тутиш макруҳ бўлади.

Ушбу тафсилотларни яхши тушунмаслик оқибатида Одамлар ичида Шаъбон ойида рўза тутиб бўлмас экан, деган тушунча юзага келган. Аслида эса гап Шаъбон ойининг иккинчи ярмида эканлигини билиб олдик. Шаъбон ойининг аввалида рўза тутиш масаласини эса келгуси ҳадисларни ўрганиш жараёнида билиб оламиз, иншааллоҳ.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Манба: https://islom.uz

Read 3053 times

Мақолалар

Top