Мақолалар

Рамазонга тайёрмисиз?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин  

Рамазон – ғанимат ойдир. Унинг ҳар бир сониясидан унумли фойдаланиш лозим. Бу ойда Аллоҳ таолонинг раҳмати ва мағфирати янада ортади. Қилинган нафл амалларнинг савоби бошқа ойдаги фарз амаллар савобига тенглаштирилади, фарз амалларнинг савоби эса бошқа ойдаги фарз амаллардан етмиш баробар ортиқ бўлади.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг саховатлиси эдилар. У зотнинг саховатлари Рамазон ойида – ҳар кеча Жаброил алайҳиссалом Қуръонни таълим бериш учун ҳузурларига тушганда янада зиёда бўларди. Набий алайҳиссалом одамларга мурувват кўрсатишда шиддат билан эсаётган шамолдан-да тез эдилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Кўпинча майда ишларни ҳам ҳисоб-китоб қиламиз, бироқ Рамазон ойи режасини тузишни унутамиз. Оқибатда дунё ва охират учун фойдали бўлган яхшиликлардан маҳрум бўламиз. Рамазондаги файзу барака сабабли бу ойда кўпроқ ибодат қилишга ҳаракат қилиш лозим. 

  1. Аллоҳдан Рамазон ойига соғ-саломат етказишини ва Рамазон рўзасини тутишга мушарраф этишини сўраб дуо қилинг. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ражаб ойи келса: “Ё Аллоҳ, Ражаб ва Шаъбон ойларини хайрли қилгин ва Рамазон ойига етказгин”, деб дуо қилар эдилар. Саҳобалар ҳам: “Аллоҳ, бизни Рамазонга етказ”, деб дуо қилишга одатланганлар. 
  1. Рамазон ва унга тааллуқли бўлган масалаларни пухта ўзлаштириб олинг. Ислом – илм динидир. Ҳар бир мусулмон ўзи учун фойдали ва зарарли нарсаларни ўқиб, ўрганиб ёки сўраб билиб олиши шарт. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Бас, Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлидан сўрангиз!» (Анбиё сураси, 7-оят).

Шу боис, рўзанинг барча қоидаларини тушуниб, унга амал қилинса, рўзанинг мукаммал адо этилишини ва савобининг ортишига сабаб бўлади. Зеро, илмсиз амал мевасиз дарахт кабидир. 

  1. Рамазон рўзасини тутишга холис ният қилинг. “Ҳаво жуда иссиқ, салқин бўлганда тутарман”, “Рўза тутишга кучим етмайди”, “Рўза тутсам соғлиғим учун зарар бўлади” каби турли баҳоналар билан бу ойнинг фазилатларидан бебаҳра қолманг! Агар рўзани холис Аллоҳ учун тутишни ният қилсангиз, Аллоҳнинг ўзи енгиллик беради. 
  1. Рамазон ойи келаётганидан хурсанд бўлинг. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойи келса, бахтиёр ва хурсанд бўлиб: “Рамазон ойи келди. Рамазон ойи Аллоҳ рўза тутишни фарз қилган раҳмат ойидир. Бу ойда жаннат эшиклари очилиб, дўзах эшиклари беркитилади”, дер эдилар. Саҳоба ва тобеинлар бу ой келишини интизорлик билан кутишар эди. 
  1. Муборак Рамазон ойига етказгани учун Аллоҳга ҳамд айтинг. Чунки Аллоҳ сизни соғ-саломат бу ойга етказиб, ўзининг чексиз раҳмат ва марҳаматига лойиқ кўрди.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади.

Read 2878 times

Мақолалар

Top