Мақолалар

Аллоҳга энг маҳбуб амал

Буюк тобеинлардан Ато ибн Ясор раҳимаҳуллоҳ ҳикоя қиладилар: «Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг олдиларига бир киши келиб: «Бир аёлга совчи қўйдим. Менга турмушга чиқишдан бош тортди. Бошқа одам совчи қўйса, унга турмушга чиқишни истаб, (совчига рози бўлибди). Аёлнинг қилган ишидан ғазабланиб, уни ўлдирдим. Энди менинг тавба қилишимга имкон борми?» деб сўради.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ундан: «Онанг ҳаётми?» дея сўрадилар. У «Йўқ» деб жавоб берди. Шунда у киши: «Аллоҳга тавба қил! Имконинг борича солиҳ амалларни адо этиб У Зотга қурбат ҳосил қилишга урин!» дедилар.

Мен Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан: «Нима учун у одамдан онаси тириклигини сўрадингиз?» деб сўрасам, у киши: «Мен онага яхшилик қилишдан кўра Аллоҳ азза ва жаллага маҳбуброқ, У Зотга яқинлаштирадиганроқ амални билмайман» дея жавоб бердилар».

Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳнинг «Ал-Бирру вас сила» номли китобидан Нозимжон Иминжонов таржимаси

Read 3154 times

Мақолалар

Top