Мақолалар

Тош – қалбдан юмшоқ

“...Сўнгра, шундан кейин қалбларингиз қаттиқ бўлди, улар тошдек ёки тошдан ҳам қаттиқ...” дейилади Бақара сурасининг 74-оятида.

Дунё олимлари кўп йиллардан буён Руминия ҳудудида ақл бовар қилмас ҳодисанинг гувоҳи бўлмоқдалар. Сирли ҳодисанинг сабаби эса ўсувчи тошлардир. Уларни ҳаракатланувчи ёки жонли тошлар, деб ҳам аташади. Ўткир қирралардан мосуво ана шу антиқа тошлар ёмғир ёғиши билан катталаша бошлайди. Қарабсизки, миттигина тошча бир қанча вақт ўтгач, бир неча тонна келадиган йирик тошга айланади.

Тошни ёриб кўрсангиз унинг ичи одатдаги тош таркибидек эмас, балки дарахтларни кесганда кўзга ташланадиган манзарани эслатади. Ғаройиб тошларнинг марказий нуқтаси яққол кўзга ташланади ва уни кўплаб ҳалқалар ўраб олган. Олимларнинг аниқлашларича, тошлар турли хил минерал тузлардан таркиб топган экан.

Фаҳмсиз, фисқу фужурга бой, иймондан айро, ихлосга бепарво, бажараётган хатти-ҳаракатларининг замирини тафаккур қилмайдиган қалблар, Раббимиз билдирганидек, тошдан ҳам қаттиқдир. Дарҳақиқат, раҳматга далолат қилувчи ёмғирлар ҳатто табиатдаги энг қаттиқ жисм ҳисобланган тошларни ҳам ўстиради, юмшатади. Бироқ инсоннинг ҳар лаҳзасига қўшиб тақдим этилган яхшилик қилиш имконияти баъзи қалбларни эритишдан, эгилтиришдан ожиз.

Юқоридаги оят аслида бани исроилга қарата нозил бўлган. Уларга изма-из мўъжизалар кўрсатилгандан сўнг уларнинг раббисига итоатсизлик қилганликлари оқибатида инган. Аммо мазкур оят моҳиятан бутун инсониятга тегишли. Атрофга тийрак назар солсак, кундузнинг кечадан ажраб чиқишида ҳам, қуёш, ой, Ер, юлдузларларнинг ҳаракатларида, инсон шуурининг аралашувисиз содир бўладиган ички аъзоларнинг батартиб фаолиятида ҳам мислсиз мўъжизаларни кузатишимиз мумкин. Кундалик ҳаётимизда, ҳар лаҳзамизда мўъжизаларни кўрмаслик имконидан четда эканмиз, ички ва ташқи оламимизда уларни гўзал суръатда тасдиқлашга интилайлик. Қалб қаттиқлигидан, унинг тошдек ёки тошдан ҳам қаттиқлигидан сақланайлик. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам огоҳлантирганларидек: “Одамларнинг Аллоҳдан энг узоғи қалби қаттиғидир” (Имом Термизий ривояти). 

Мавжуда АБДУЛЛОҲ қизи

Read 2964 times

Мақолалар

Top