Мақолалар

Қалбларга ёқимли сўзлар

Камбағал бўлиб қолсанг, сиқилма. Сен Ғаний Зотни таниганинг учун бойсан. Улуғлар “Эй Аллоҳ, мени Сенга муҳтожлик билан бой қилгин, Сенга юзланмаслик билан мени фақир қилмагин” деб дуо қилишарди.

Агар сен Роббингни таниган бўлсанг, фақирлик, камбағаллик сенга асло зарар бермайди. Агар сен Роббингнинг Розиқлигини, сенинг ризқингни кенгайтириб беришга қодирлигини, У Зот сени бойлик билан имтиҳон қилганидек, фақирлик билан ҳам имтиҳон қилишини билсанг, фақирлик сенга зарар бермайди.

У Зот бандаларига яхшилик қиладими-йўқми деб бойлик беради. Бой бўлган пайтларида ибодат қилганидек фақир ҳолида ҳам ибодат қиладими-йўқми, бойлик пайтида Унга иқбол қилганидек фақирлик пайтида ҳам иқбол қиладими-йўқми деб камбағаллик билан синайди.

Аллоҳ таоло сенга бойлик, хотиржамлик берганда Унга ибодат қилиб, фақирлик етганда Унинг ибодатидан юз ўгирасанми?!

Шундай қилиб, ким Роббини таниса, қўлидан кетган нарсалар унга зарар бермайди. Аллоҳни топган киши ҳамма нарсани топибди, Аллоҳни йўқотган, яъни Аллоҳга ибодат қилиш, Унга илтижо қилишдан юз ўгирган кимса ҳамма нарсани йўқотибди, қўлдан бой берибди.

Агар Роббингни танисанг, Унинг эшигини таққиллатсанг, Унга белингни эгсанг, Унинг учун саждага бош қўйсанг, сенда нақадар бой, гўзал эканингни ҳис қиляпсанми?!

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

وَعَدَ اللّهُ الْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ جَنَّاتٍ تَجْرِي مِن تَحْتِهَا الأَنْهَارُ خَالِدِينَ فِيهَا وَمَسَاكِنَ طَيِّبَةً فِي جَنَّاتِ عَدْنٍ وَرِضْوَانٌ مِّنَ اللّهِ أَكْبَرُ ذَلِكَ هُوَ الْفَوْزُ الْعَظِيمُ

“Аллоҳ мўмин эр ва мўмина аёлларга остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларни, уларда абадий қолишни ва барқарорлик жаннатидан покиза масканларни ваъда қилди. Аллоҳдан бўладиган розилик эса, энг улуғидир. Ана ўша улкан ютуқдир”. (Кофир ва мунофиқларни жаҳаннам кутиб турган бўлса, мўмин ва мўминаларни ажойиб жаннатлар кутиб турибди. Кофирлар ва мунофиқлар дўзахда абадий азоб чексалар, мўмин ва мўминалар жаннатда абадий маза қиладилар. Уларнинг доимий истиқомат қиладиган жаннатларида покиза масканлар кутиб турибди. Лекин бу мўмин ва мўминаларга берилган мукофотнинг охирги даражаси эмас. Уларга бериладиган мукофотнинг энг улуғи Аллоҳнинг розилигидир. Бу мукофотнинг олдида жаннатлар ва уларнинг битмас-туганмас неъматлари ҳам ҳеч гап бўлмай қолади.) (Тавба сураси, 72-оят).

Аллоҳ таолонинг солиҳ амал қилувчи мўминларга берадиган мукофотлари нафақат охиратда, балки бу дунёнинг ўзида ҳам бўлади. У Зот Каломида шундай деган:

وَعَدَ اللَّهُ الَّذِينَ آمَنُوا مِنكُمْ وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ لَيَسْتَخْلِفَنَّهُم فِي الْأَرْضِ كَمَا اسْتَخْلَفَ الَّذِينَ مِن قَبْلِهِمْ وَلَيُمَكِّنَنَّ لَهُمْ دِينَهُمُ الَّذِي ارْتَضَى لَهُمْ وَلَيُبَدِّلَنَّهُم مِّن بَعْدِ خَوْفِهِمْ أَمْناً يَعْبُدُونَنِي لَا يُشْرِكُونَ بِي شَيْئاً وَمَن كَفَرَ بَعْدَ ذَلِكَ فَأُوْلَئِكَ هُمُ الْفَاسِقُونَ

“Аллоҳ сизлардан иймон келтириб, солиҳ амалларни қилганларга уларни ер юзида худди улардан олдин ўтганларни халифа қилганидек халифа қилишни, улар учун Ўзи рози бўлган динни мустаҳкамлашни ва уларнинг хавф-хатарларидан сўнг омонликни бадал қилиб беришни ваъда қилди. Менгагина ибодат қилурлар ва Менга ҳеч нарсани ширк келтирмаслар. Шундан кейин ҳам ким куфр келтирса, бас, ана ўшалар, ўзлари фосиқлардир”. (Олдинги ўтган умматлардан қайси бири Аллоҳ таолога иймон келтирган ва бу иймони ҳақиқий бўлиб, бутун вужудини қамраб олган ҳамда ўша ҳақиқий иймонлари тақозоси ила солиҳ амаллар қилиб ҳаёт кечирган бўлса, Аллоҳ таоло уларни ер юзига Ўзининг халифаси этиб тайинлаб қўйган эди. Ер юзида ҳукми юритилиши учун уларни Ўзига ўринбосар қилиб қўйган эди. Энди ўшалар каби ер юзида халифа бўлиш имконияти фақат Муҳаммаднинг соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларида бордир. Уларнинг мазкур халифаликка эришишлари учун асосий шарт–иймон келтириб, амали солиҳ қилишдир. Ислом уммати қачон ушбу шартни бажарганида, Аллоҳ таоло ваъдасининг устидан чиққан.) (Нур сураси, 55-оят).

Саҳобаларнинг ҳаётлари қандай бўлган?

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу “Аҳли суффа” (фақир саҳобалар жамоаси)дан бўлганлар. Кимдир бирор таом берса ёки меҳмонга чорласа, таом еганлар. Агар биров у кишини эсламаса, оч ҳолда ухлаганлар. Очлик изтиробини камайтириш учун қорниларига тош боғлаб юрганлар. Кейинчалик бу зот Мадинанинг амирига айландилар. Катта боғлари бор эди.

Дунё учун ғам қилманглар! Қўлингиздан кетганига сиқилманглар!

Дунё учун мусобақалашишдан эҳтиёт бўлинглар! Сиздан олдингиларни дунё учун мусобақалашиш ҳалокатга олиб борган эди.

 

Шайх Саъийд ибн Муҳаммад Камалий мавъизаларидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

Read 3779 times

Мақолалар

Top