Танловга!
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадис шарифларида қуйидагича марҳамат қилганлар: “Саҳарлик қилинглар, албатта унда барака бордир”. (Бухорий ва Муслим ривояти)
Бошқа бир ривоятда эса “Ким рўза тутишни истаса, бирор нарса билан бўлса ҳам саҳарлик қилиб олсин”, дейилган. (Аҳмад ривояти)
Саҳарлик ҳам дунёвий, ҳам ухровий фойдаларни ўз ичига олади:
- Ибодатларни тақво билан қилиш, субҳ пайтида қироат, зикр ҳамда истиғфор билан машғул бўлишга ёрдам беради. Қорни оч одам эса бу нарсаларга дангасалик қилади, ҳосизланади.
- Саҳарлик ҳусни хулққа чақиради. Қорни оч лдам эса одатда жаҳлдор бўлиб қолади.
- Рўза тутишда дангасалик ва бепарволикдан асрайди.
- Саҳарлик – суннатга эргашишдир. Саҳарликда Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам суннатларига эргашаман, тоат-ибодатларимга куч тўплайман, деб ният қилган киши катта ажрларга эга бўлади.
- саҳарлик туннинг охирида бўлгани учун дуо ва зикрлар қабул бўлиши умид қилинади.
- Саҳарлик қилган киши аҳли китобларга ўхшамайди. Чунки, ҳадисда бундай айтилган: “Бизнинг ва аҳли китобларнинг рўзасидаги фарқ саҳарлик қилишдадир”.
- Бомдод намозини жамоат билан адо қилишга сабаб бўлади.
Саҳарликнинг афзал пайти бомдод пайтига яқин қилинганидир. Тўғри, уни эрта қилиб олса ҳам, саҳарлик қилмай ният қилиб ётса ҳам бўлади. Бу суннатга хилофдир. Эрта саҳарлик қилган одам одатда ухлаб, бомдодни қазо қилиб қўяди.
(Шу ўринда бир гап: “Ким рўза тутишни истаса, бирор нарса билан бўлса ҳам саҳарлик қилиб олсин”, ҳадиси халқ орасида нотўғри талқин қилинади. Яъни ким саҳарлик вақтига ухлаб, улгурмай қолса, ҳеч бўлмаганда сув ичиб олиши керак, дейишади. Бу мутлақо нотўғри. Саҳарлик вақти ўтгач, нарса ейиш рўзани бузилишига сабаб бўлади. Набодо, киши саҳарлик вақтига ухлаб, тақвимдаги оғиз ёпиш вақтдан кеч уйғонса, ҳеч нарса емай, ният қилиб қўя қолади. Овқат емай рўзадорга айлангани, овқат еб рўзани бузгандан минг карра афзалдир!)
Хўш, саҳарликда қандай таомлар истеъмол қилинади? Кучли ва тўйимли таомларми? Мутахассислар қуйдаги тавсияларни берганлар:
- Кўкатлар. Маълумки кўкатлар витаминларнинг кони.
- Хурмо. Унинг фойдали хусусиятлари кўплиги ва тўйимлилиги учун саҳарликда ейиш соғлик учун роса фойдали.
- Сут ва сутлик маҳсулотлар. Уларда протеин ва суякларни мустаҳкамловчи калций моддаси жуда кўп.
- Сув. Сувни ҳам меъёрда жуда кўп ҳам, жуда кам ҳам қилмайичилади.
- Мева ва сабзавотлар. Вазн тўплашдан ҳимоя қилади ҳамда организмга фойдали озуқаларни юборади.
- Енгил ҳазм бўладиган таомлар, шўрвалар.
Саҳарликда кучли тузланган, дудланган, газли, ёғли, ўта ширин ҳамда бадҳазм нарсаларни емаслик лозим. Маслан, кунда ош, қозон кабоб, норин, манти, ҳоним, бешбармоқ сингари кучли таомларни ейиш ошқозоннинг зўриқишига олиб келади.
Маълумки, рўза тутилганда ошқозон йил давомида учрган қийинчиликлардан халос бўлади, дам олади ва ўз-ўзини тозалайди. Оддий тилда айтганда, “ҳашар” содир бўлади. Шу боис, ҳамма ўзининг жисмоний салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда саҳарликни ўртача қилгани, дастурхонда мева-сабзавотлар ҳамда хурмо аримаслиги лозим.
Хадичаи Кубро аёл-қизлар билим юрти
ўқитувчиси Н.Саидакбарова тайёрлади