Мақолалар

Яхшиликнинг мукофоти яхшилик

 

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг

25 йиллигига бағишланади 

Маълумки, Ислом дини таълимотида башарият аҳли Аллоҳ таоло томонидан берилган энг улуғ неъмат – умр неъматини фақатгина эзгу ва хайрли ишларга сарф қилиши лозим эканлиги таъкидлаб ўтилади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:    إِنَّا هَدَيْنَاهُ السَّبِيلَ إِمَّا شَاكِرًا وَإِمَّا كَفُورًا “Дарҳақиқат, Биз уни (инсонни) хоҳ у шукр  қилувчи (мусулмон) бўлсин ва хоҳ ношукр (кофир) бўлсин, йўлга йўлладик”, (Инсон сураси,3-оят).  Демак қалбида имони бўлган ҳар бир инсон ўз умри давомида ҳидоят йўлида бардавом бўлиб, залолатдан узоқ бўлмоғи ҳамда савобли ва хайрли ишларни амалга оширишга ҳаракат қилмоғи даркор.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Инсон дунёдан ўтганида унинг барча амаллари тўхтайди, аммо уч амали борки, улар ҳаргиз тўхтамайди. Бу амаллар – садақаи жория, манфаатли илм, ҳамда солиҳ фарзанд (Имом Бухорий).

Инсон вафот этганидан сўнг унинг савоб ва гуноҳ амаллари ёзилиб турадиган ҳисоб-китоб дафтари Аллоҳнинг амри билан ёпилади. Аммо, уч амалининг савоби узлуксиз равишда ёзилиб туришини Аллоҳ қиёмат кунигача бардавом қилиб қўяди. Улар қуйидагилардир:

–  Садақаи жория – инсонлар ҳар доим ундан манфаат топадиган амал. Яъни, Аллоҳ таоло томонидан берилган ҳаёти давомида халқ манфаат топадиган масжид, мадраса, турли илм даргоҳлари ва йўлларни барпо этиш ҳамда шунга ўхшаш эзгу ишларни амалга оширишдир.     

 Барчамизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси ўз мустақиллигини қўлга киритгандан сўнг, Муҳтарам Президентимиз Ислом Каримовнинг ташаббуслари билан миллий ва диний қадриятларимизни қайта тиклаш ва юксалтиришга катта эътибор қаратила бошлади. Шунингдек, миллий байрамларимиз, урф-одатларимиз ва  диний ибодатларимизни эмин-эркинликда адо этишга ҳам кенг имкониятлар яратилди. Хусусан, муқаддас қадамжолар, буюк алломаларимизнинг мақбаралари ва мадрасаларни қайта тиклаш (реконструкция) ишларини амалга оширилганлиги савобли ишлардан бири бўлди.     

Сўзимизнинг исботи сифатида 2007 йили пойтахтимизда қайта барпо этилган “Ҳазрати имом” мажмуаси, “Бароқхон мадраса”си, Тошкент ислом институти ва бошқа меъморий ёдгорликларнинг ўта замонавий ҳолда тикланганлигини мисол тариқасида келтиришимиз мумкин.

Айниқса, 2014 йили янгидан бунёд этилган “Минор” жоме масжиди  халқимизга ва келажак авлодларимизга қилинган улкан бир туҳфа бўлди.

Шунингдек, халқимизни узоғини яқин қиладиган,  инсон кўрганда кўзи қувнайдиган йўллар ва замонавий кўприкларни қурилиши Ҳадиси шарифда айтиб ўтилган “садақаи жория” амалларидан биридир.

Манфаатли илм – Инсон ўзидан бошқалар манфаат топадиган бирон-бир илм ва касб-ҳунар қолдириши. Муқаддас манбаларимиз бўлган Қуръони карим ва Ҳадиси шарифда инсонларни илму маърифат ва касб-ҳунар эгаси бўлишга даъват этилади. Хоҳ дунёвий, хоҳ диний илм бўлсин уни чуқур эгаллашга чақирилади. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Бешикдан то қабргача илм изланглар” (Имом Бухорий).

Бошқа бир Ҳадиси шарифда эса Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Илм ўрганиш ҳар бир мусулмон эркак ва муслима аёл учун фарздир” – деб айтиб ўтганлар(Имом Бухорий).

 Демак инсон умри давомида ўз билимларининг маҳсули бўлган шогирдларни етиштириши ёки ўзгалар манфаат топадиган турли илмий асар ва китобларни ёзиб қолдириши “садақаи жория” амалларидан бири бўлади.

Солиҳ фарзанд – Ота-онани ҳақига дуо қиладиган фарзандни вояга етказиш.

Инсоният учун берилган улуғ неъматлардан яна бири бу фарзанд неъматидир. Ҳар бир ота-она борки, фарзанди дунёга келганида қувончи ичига сиғмай қолади. Ўзи емай едиради, ичмай ичиради ҳамда киймай кийдиради. Бутун умрини фарзандларига бахшида этади. Ушбу фарзандларни солиҳ ва солиҳа ўғил қизлар қилиб тарбия қилиш ҳамда юрт манфаати учун хизмат қиладиган ҳар томонлама соғлом авлод қилиб вояга етказиш ота-онани зиммасидаги энг асосий бурчлардан биридир. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Фарзандларингизга одобни ўргатинглар ва уларнинг одобини гўзал қилинглар” (Имом Бухорий).

Дарҳақиқат фарзандларимизни одоб-ахлоқли ва имон-эътиқодли қилиб тарбия қилишимиз биз ота-оналар учун “садақаи жория” амалларидандир. Чунки инсон дунёдан ўтгандан сўнг фарзандлари унинг ҳақига дуода бўлади. Фарзандларни қилган дуолари шарофатидан эса ота-онани руҳи шод бўлади.

Мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, инсонга умр бир марта берилади. Шундай экан, Аллоҳ таоло томонидан берилган умр неъматини барчамиз қадрига етмоқлигимиз ва ундан оқилона фойдаланиб, хайрли ва савобли ишларга, фарзандларимиз тарбиясига ҳамда элу юртимиз манфаат топадиган эзгу амалларга сарфлаб, ҳамиша тинчлик ва осойишталикни қадрига етмоғимиз даркор.    

 

Аброр АЛИМОВ,

Тошкент шаҳридаги

“Қатортол” жоме масжиди имом-хатиби

Read 6412 times
Tagged under

Мақолалар

Top