Мақолалар

Шиҳобиддин Маржонийнинг энг машҳур асари

Маржонийнинг тўлиқ исми Шиҳобуддин Ҳорун ибн Баҳоуддин ибн Субҳон ибн Абдулкарим ибн Абдуттаввоб ибн Абдулғаний ибн Абдулқуддус ибн Ядаш ибн Ёдгор ибн Умар Маржоний(1233-1306/1818-1889)дир. Унинг боболаридан Абдулқуддус Қозондаги “Маржон” қишлоғига асос солганлиги учун олимнинг барча авлодига “Маржоний” нисбаси берилган. Шиҳобуддин Маржоний Қозоннинг Япанчи қишлоғида 1233/1818 йил туғилиб, 1889 йил 73 ёшда вафот этган ва Қозондаги қабристонга дафн қилинган. Бағдодийнинг “Ҳадия ал-орифин” асарида олимни 1223/1808 йил туғилган, деб келтирилган[1].

Олимнинг отаси Баҳоуддин ибн Субҳон (ваф. 1856) Бухорода таҳсил олган ва Бухоро амири Ҳайдар ибн Маъсумнинг қасридаги илмий халқаларда иштирок этган. Кейин юртига қайтиб келиб, дастлаб Япанчи, сўнгра Тошкичу қишлоғида дарс берган[2]. У дастлабки таълимни отасидан олиб, сўнгра ўз замонасининг машҳур шайхларига шогирд тушган. Ўша вақтда Қозон мадрасаларида араб тилидан Жомийнинг “ал-Фавоидуз-зиёия”, фиқҳдан Садр аш-Шариъанинг “Шарҳ ал-Виқоя”, калом илмидан Тафтазонийнинг “Шарҳ ал-Ақоид ан-Насафия”, мантиқдан Қутбуддин Розийнинг “Шарҳ аш-Шамсия”, усулул фиқҳдан Садр аш-Шариъанинг “ат-Тавзиҳ” ва Тафтазонийнинг “ат-Талвиҳ” асарлари ўқитилган[3].

Маржоний ўн етти ёшидаёқ мадрасада талабаларга дарс бера бошлади ва у таълимни ривожлантириш мақсадида мадрасадаги мавжуд дарсликларга қўшимча янги китобларни жорий қилди. Олим яшаган даврда қозонлик талабалар Бухорога бориб таҳсил олиб келишган. У мадрасани тамомлагач, таълимни давом эттириш мақсадида 1254/1838 йили Бухорога жўнаб кетди. Қозонликлар илмий соҳада ўша даврда бухороликлар билан алоқа ўрнатганликлари сабабли аксарият татар талабалари ўзларининг илмий салоҳиятларини ошириш мақсадида Бухоро ва Самарқандга ташриф буюришар эди.

Олим Бухорога 1838 йил етиб келгач, Ниёзқулихон Туркманий мадрасасига жойлашиб, Мирзо Солиҳ Аълам Хўжандий (ваф. 1840)га шогирд тушди[4]. Кейинчалик у Бухородаги “Кўкалдош” мадрасасида ўқиди[5]. Шунингдек, Маржоний дарс олиш билан бир қаторда ёзда Бухоро яқинидаги “Қора кўл” қишлоғида дарс бериш билан шуғулланган. У Бухорода олти йил яшагандан кейин илм талабида Самарқандга жўнаб кетди[6].

Олим 1265/1849 йил сафардан Қозонга қайтиб келгач, “Иброҳим Юнус” мадрасасида сўнгра “Мадраса ал-олия”да дарс бериб, Ҳабиб Нажжор ибн Муҳаммад Салтуқ Уткий, Бурҳониддин ибн Абдуррафиқ Шибковий, Абдулхабир Муслимий Қизилжорий (ваф. 1879), Муҳаммад ибн Солиҳ Уфавий Умарий (ваф. 1889), Ҳусайн Файзхоний (ваф. 1866), Олимжон Муҳаммаджон Борудий (ваф. 1921)[7] каби шогирдларни етишитириб чиқарган.

Маржоний дарс бериш билан бир қаторда турли соҳаларга доир ўнлаб асарлар битган. Улар сирасига “Назуратул ҳаққ фи фарзийяти ал-ъишаи ва ин лам яғибиш шафақ”, “Ал-Азб ал-фурот ва ал-маа аз-зулал ан-ноқиъ ли ғулла руввоми ал-иброз ва асрори шарҳ ал-жалол”, “Ғурфа ал-ҳаввоқин ли маърифа ал-ҳаввоқин”, “Мустафод ал-ахбор фи аҳволи Қозон ва Булғор”, “ат-Тариқа ал-мусла ва ал-ақида ал-ҳусна”, “Ал-масалалул аъла”, “Ан-Насоиҳ” кабиларни келтириш мумкин. Булар ичида араб ва бутун мусулмон диёрлари ичида машҳур ва кенг фойдаланилган асари сирасига “Назуратул ҳаққ фи фарзийяти ал-ъишаи ва ин лам яғибиш шафақ” ҳисобланади.

Назуратул ҳаққ фи фарзийяти ал-ъишаи ва ин лам яғибиш шафақ (“Шафақ ғоиб бўлмаган бўлса ҳам ҳуфтон намози фарз эканлига ҳақида ҳақиқа текшируви”)асари 1287ҳ.й./1870 м.йилда Қозонда чоп этилган (146 бетдан иборат).[8] Бу Маржоний асардарининг энг машҳур дунё таниган асари ҳисобланади. Замонасининг улуғ уламоларидан ҳинд олими Содиқ Ҳасанхон ўзининг “Лақтатул ажлон” асарида, Абул Ҳасанот Абдулҳай Лакҳнавий “Ан-Нафиъул кабир фи шарҳи Жомеъус сағир” асарида ва тунислик уламо Муҳаммад Байрам Хамис “Софватул эътибор” асарида Маржонийниг бу асарига юксак баҳо бериб мақтовлар битишган.[9] Бу асарда нафақат фиқҳий муаммолар балки, татаристон ҳудудига доир масалалар ва фан қарашлари ҳақида ҳам айтиб ўтган. Буни асар муқаддимасини ўқибоқ билиб олиш мумкин. Муаллиф ижтиҳод ва тақлид тушунчалари, ижтиҳод эшиклари мутлоқ ёпилмагани ҳақида тушунча бериб мазҳабга қаттиқ эргашиш ҳикматини очиб берган. Яна далилларга асосланиб ҳукм бериш бир мазҳабдан чиқиб бошқасига ўтиш эмаслигини ва мазҳабга эргашувчи муқаллид нимага суюнишини айтиб ўтган.  Китобнинг айни мақсадига келсак, Волга-Урал вилоятларида беш вақт намоздан бири ҳуфтон намозининг ўқиш фарз эмас, деган фатвонинг сабабларини очиб бериш эди. Фиқҳий асл манбааларда намознинг шартлари санаб ўтилади ва шулар жумласига вақт ҳам киритилган эди. Ҳуфтон намозини адо қилиш учун тўлиқ қоронғулик кириб шафақ ғойиб бўлиши шарт ҳисобланади. Шимолий кенгликларда шу жумладан Татаристонда ёзнинг маълум кунларида шу ҳолат кузатилмай қолади. Юқоридаги фатвони берган киши ҳам шу шарт топилмаганлигини рўкач қилиб кўрсатади. Асли бу фатво мутааххир ҳанафий фақиҳ Ал-Баққолий Хоразмий (ҳижрий 5 аср) тамонидан берилган ва мусулмонлар орасида мўтабар эмас бўлсада, кўпчилик Қозон татарлари шу фатвони беришган.[10] Маржонийга қадар бу мавзуда Қурсавий ҳам тўхталган ва бу фатвони нотўғри эканлигини кўрсатишга уринган. Лекин Маржоний бу даражадан ҳам ўтиб кетди яъни, ҳуфтон намозини ўша вақтларда ўқиш шарт эмас деганларни иймонсизликка тушиб қолишига ишора қилади. Бу сўзига уламоларнинг “Беш маҳал фарз намозларнинг бирини инкор қилувчи кофирдир”, деган қатъий фикрларини далил қилиб келтиради. Маржоний ҳатто эски Болгарияда ҳудди шу масалага йўлиққан Ибн Фазлон ҳақида айтиб, улар тўлиқ қоронғулик бўлмасада ҳуфтон намози адо қилишганини айтиб ўтган. Улар деярли шом намозини ўқибоқ ҳуфтонни адо қилишган эди.  Асар сўнгида шимолий кенгликларда ҳуфтон намози мусулмонларга фарз эканлиги ҳақида уламолар сўзларини келтириб ўтади. Машҳур ўрта осиё уламо ва муфтийлари[11] қаторида татар уламолари ва муфтийларини ҳам эслаб ўтган.

Охунжон Абдулла, Тошкент ислом институти талабаси

 

[1]Шиҳобиддин Маржоний. Мустафод ал-ахбор фи аҳвол Қозон ва Булғор. – Қозон: ал-Ҳайъат ал-омм ли дор ал-кутуб ва ал-васоиқ ал-қавмия, 1885. Ж. 2. – Б. 42.

[2]Шиҳобиддин Маржоний. Мустафод ал-ахбор фи аҳвол Қозон ва Булғор. – Қозон: ал-Ҳайъат ал-омм ли дор ал-кутуб ва ал-васоиқ ал-қавмия, 1885. Ж. 2. – Б. 42-43., Шиҳобуддин Маржоний. Нозура ал-ҳақ фий фарзияти ал-ишаи ва ин лам яғиб аш-шафақ. – Истанбул: Дор ал-ҳикма. 2012. – Б. 56

[3]Шиҳобуддин Маржоний. Нозура ал-ҳақ фий фарзияти ал-ишаи ва ин лам яғиб аш-шафақ. – Истанбул: Дор ал-ҳикма. 2012. – Б. 17.

[4]Шиҳобуддин Маржоний. Нозура ал-ҳақ фий фарзияти ал-ишаи ва ин лам яғиб аш-шафақ. – Истанбул: Дор ал-ҳикма. 2012. – Б. 33.

[5]Кўкалдош Бухородаги энг катта мадраса ҳисобланган. У ернинг мударрислари амр томонидан тайинланган. Мадраса Сўфиқул бобо томонидан 1568 йил қурилган.

[6]Шиҳобиддин Маржоний. Мустафод ал-ахбор фи аҳвол Қозон ва Булғор. – Қозон: ал-Ҳайъат ал-омм ли дор ал-кутуб ва ал-васоиқ ал-қавмия, 1885. Ж. 2. – Б. 43

[7]Шиҳобуддин Маржоний. Нозура ал-ҳақ фий фарзияти ал-ишаи ва ин лам яғиб аш-шафақ. – Истанбул: Дор ал-ҳикма. 2012. – Б. 517-527., Ibrahim Maraş. Türk dünyasinda dini yenileşme 1850-1917. – Istanbul: 2002. – Б. 78

[8]Қаранг: Сафиуллина Р.Р. Указ. Работа. – Б. 160; Юсупов М.Х. Шигабутдин Маржани. –Қозон: Татар китоб босмаси, 2005. –Б.257.

[9]Қаранг: Тунтарий, Муҳаммад Нэжип. Мэржани ҳэзрэтлэри ҳакындахатыйратым. – Қозон: “Иман”, 2001. – Ж.2. – Б.67.

[10]Ҳатто Курсавий, Маржоний ва бир қанча муфтийларнинг ҳаракатидан кейин ҳам муллаларнинг бир қисми ҳуфтон намозини адо қилишмади ва муаммолар тўғдиришди. Қаранг: Иляс, Таҳир. Фыкыхолкэсендэгехезмэтлэре // Мэржани (тўплам, Ш.Маржоний юз йиллик юбилей муносабати билан нашр этилган). – Қозон: Иман, 2001. – Ж.1-83 Б.

[11]Бу рўйхатда нақшбандийлик тариқат шайхи Ниёзқули Туркмоний, устоз Қурсавий ва улуғ татар уламолари ҳам санаб ўтилган. Бундан ташқари Бухоро амирадан бири Ҳайдар ибн Маъсум ва араб, шом африка ва ҳинд уламолари бор.

Read 3024 times

Мақолалар

Top