Мақолалар

Ҳиммат қилайлик!

Сиз шикоят қилаётган моддий ҳаётингиз ким учундир катта орзулардан биридир.

Қўлингизда оз бўлса ҳам молу давлат бўла туриб, ношукрлик қилманг! “Йўқ, йўқ” деб шикоят қилманг! Фаришталар “омин” дейишса, ростдан ҳам йўқ бўлиб қолади. “Менда 100 минг сўм бўлса ҳам бор, 50 минг сўми борлар қанча. Ўшалар жим юрибди-ку, дод-вой қилмаяпти-ку” денг.

Инсон борига шукр қилса, ўша борига яна қўшилиб, зиёда бўлади. Агар ношукрлик қилса, боридан ҳам айрилади.

Унутманг! Фақирлар фақат Рамазонда эмас, кейин ҳам топилади. Садақа қилингани учун савоб Рамазондан кейин ҳам берилади. Динимиздаги инфоқ, эҳсон, садақага бўлган тарғиб Рамазон ойидан кейин ҳам амалдадир.

Фақирга ёрдам қўлини чўзсак, фақирнинг ҳам, бизнинг ҳам Роббимиз бўлган Раззоқ бизга ёрдамини ато этади, гуноҳларимизни мағфират қилади.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

إِن تُبْدُواْ الصَّدَقَاتِ فَنِعِمَّا هِيَ وَإِن تُخْفُوهَا وَتُؤْتُوهَا الْفُقَرَاء فَهُوَ خَيْرٌ لُّكُمْ وَيُكَفِّرُ عَنكُم مِّن سَيِّئَاتِكُمْ وَاللّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ

“Садақани ошкора қилсангиз қандоқ ҳам яхши. Агар махфий қилсангиз ва фақирларга берсангиз, бу сиз учун яхшидир. Сиздан гуноҳларингизни ювади. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир” (Бақара сураси, 271-оят).

“Садақа” сўзи “тасдиқловчи” деганидир. Нимани тасдиқлайди? Сизнинг охиратга бўлган иймонингизни тасдиқлайди. Сизнинг “Мен бу фақирга 10 минг сўм беряпман. Аллоҳ насиб этса, бунинг савобини 10 баробардан 700 баробаргача кўпайтирилган ҳолда охиратда оламан” деган ишончингиз, иймонингизни тасдиқлайди!

Азизлар, атрофимизга бир назар солайлик! Ён қўшнимиз ифторлик ва саҳарликда нима еяпти? Биз каби таом еяптими ёки бир бурда нон, гўштсиз шўрва билан оғзини беркитяптими? Унинг ҳам ифторлик дастурхони бизникига ўхшаб тўлиб турибдими ёки фақирона дастурхон атрофида ўтирибдими?

Қариндошларимиз орасида қийналганлар йўқмикин? Бундан хабаримиз борми ёки ишимиздан ортмай, кимнинг қандай шароитда яшаётганидан бехабармизми?

Савоблар кўпайтириб бериладиган ойдамиз. Келинг, озгина ҳиммат қилайлик! Ишонинг, ҳамёнингиздан кетган пул сизнинг бойлигингизни ҳеч қачон озайтирмайди. Аслида бойлигингизга бойлик қўшилишига сабаб бўладигани айнан ўша пулдир!

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Садақа бериш туфайли банданинг моли асло камайиб қолмайди!” деганлар. Бу гапни ҳавои нафсидан сўзламайдиган, ҳар бир гапи Аллоҳнинг ваҳийси, кўрсатмаси билан бўладиган зот айтганлар.

Аллоҳ гуноҳларимизни кечирсин! Рўзаларимизни қабул айласин! Ҳимматимизга ҳиммат қўшсин! Қўшниларимиз ва қариндошларимиз, умуман, барча диндошларимиз бизнинг мурувватимиздан, саховатимиздан хурсанд бўлишсин! Ўзимиз эса охиратда улкан савоблардан шод бўлайлик!

 

Мақолани Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Read 2439 times

Мақолалар

Top