Мақолалар

Барака нима?

Барака – яхшиликнинг зиёда бўлиши, униб-ўсиши, барқарор ва давомли бўлишидир.

Барака вақтга тушса, уни кенгайтиради, инсон ўша вақт ичида кўп ишларни қилишга улгуради.

Барака жасадга тушса, уни қувватли қилиб, кўп нарсага имконияти етишига сабаб бўлади.

Барака фарзандларга тушса, уларнинг солиҳ, ахлоқли бўлишига сабаб бўлади.

Барака пулга тушса, у пулнинг кўп нарсаларга етишига сабаб бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам 23 йил ичида бутпарастлик, жаҳолатни йўқотиб, тавҳид, ахлоқ, маърифатни ёйдилар. Инсониятга устозлик қиладиган умматни тарбия этдилар. Булар вақт, умр, тана, даъват ишларига берилган бараканинг кўринишидир.

Аллоҳ таоло ерни баркали қилиб қўйгани ҳақида Қуръони Каримда шундай деган:

“Сен: “Сизлар ҳақиқатан ҳам ерни икки кунда яратган зотга куфр келтиряпсизми ва Унга тенгдошлар қўшяпсизми?! Ахир У зот оламларнинг Робби-ку! У зот ўша(ер)нинг устида тоғларни қилди, уни баракотли қилди ва унинг (аҳли) ризқини тўрт кунда ўлчовли этиб тақдир қилди. Бу сўровчилар учундир”, деб айт”. (Ернинг ризқи, яъни ер, аҳлининг ризқи ўлчовли, белгили қилиб қўйилган. Ҳаммаси ўлчовли, ҳаммаси тақдир қилинган.) (Фуссилат сураси, 9-10-оятлар).

Инсон ернинг бу баракасидан фойдаланиши учун Аллоҳга иймон келтириб, Унга тақво қилиши керак. Роббимиз шундай марҳамат қилади:

“Агар қишлоқлар аҳллари иймон келтирганларида ва тақво қилганларида эди, Биз, албатта, уларга осмону ердан баракотларни очиб қўяр эдик. Лекин улар ёлғонга чиқардилар, бас, уларни қилган касблари туфайли тутдик”. (Ушбу ояти каримада баён қилинаётган оддий ва содда ҳақиқатни инсоният тушуна олмаётгани ғоятда ажабланарли ҳол. Инсон учун осмон ва заминдан баракот эшиклари очилиши учун биргина шарт кифоя, яъни, у иймонли ва тақволи бўлиши лозим экан. Ана ўшанда инсонга осмону заминдан баракотлар эшиги ланг очиб қўйилади. Чунки иймон инсонни баракотли ҳаёт йўлига бошлайди. Чунки тақво инсонни фаровон ҳаёт йўлига солади. Иймон билан тақво бир-бирига чамбарчас боғлиқ бўлганидек, баракот ҳам уларга боғлиқдир. Бу ҳақиқатга каттаю кичик ҳар бир соҳада гувоҳ бўлиши мумкин.) (Аъроф сураси, 96-оят).

Қуръон ва суннатдаги матнларни ўрганиб чиққан уламоларимиз баракага эришишнинг сабаблари қуйидагилардан иборат эканини баён қилганлар:

  1. Аллоҳ таолога тақво қилиш ва Унга таваккул қилиш.

“Ким Аллоҳга тақво қилса, У зот унинг йўлини очиб қўюр. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур. Ким Аллоҳга таваккал қилса, бас, унга У зотнинг Ўзи кифоядир” (Талоқ сураси, 2-3-оятлар).

  1. Қуръонни тиловат қилиш.

Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга баракотли, муборак Китобни нозил қилган:

“Биз сенга нозил қилган Китоб муборакдир. Ақл эгалари унинг оятларини тадаббур қилишлари ва эслашлари учундир”. (Қуръон оятларидан ақлли киши эслатма олади) (Сод сураси, 29-оят).

Мўминлар ушбу муборак китобга эргашсалар, ундаги ҳукмларга амал қилсалар, уни доим тиловат қилсалар, уларга қалбларида, иймонларида, амалларида барака берилади.

  1. Гуноҳларни тарк этиб, истиғфорни доим айтиб юриш.

Маълумки, гуноҳлар инсоннинг умридан, ризқидан барака кетишига сабаб бўлади. гуноҳларни тарк этиш ва қилган хатоларига тавба қилиб, истиғфорда давомли бўлиш эса бараканинг келишига боисдир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:

“Бас, ўз Роббингизга истиғфор айтинг, албатта у гуноҳларни кўплаб мағфират қилувчидир, дедим. У зот осмондан устингизга кетма-кет (барака ёмғирини) юборадир. Ва сизга молу мулк ва бола-чақа ила мадад берадир ва сизларга боғу роғлар ҳамда анқорларни берадир” (Нуҳ сураси, 10-12-оятлар).

  1. Барака сўраб дуо қилиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларига Аллоҳ таолодан барака сўраб дуо қилишни ўргатганлар. У зоти бобаракотга пишган янги мева олиб келинса, “Эй Аллоҳ, бизга шаҳримизда, меваларимизда, муддимизда, соъимизда кўплаб барака бергин” деб дуо қилардилар. Имом Муслим ривоят қилган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари кўп дуоларида Аллоҳ таолодан барака сўрардилар. Шунингдек, янги фарзанд кўрган, янги уйланган кишиларга ҳам барака тилардилар. Таом пайтида ҳам “Эй Аллоҳ, бизга ризқ қилиб берган нарсангда барака бергин, бизни мағфират этиб, ҳолимизга раҳм қилгин” дердилар. Шунинг учун Аллоҳ таолодан ризқда, молу дунёда, фарзандларда, илмда, амалда, кунларда барака беришини сўраб дуо қилишимиз керак.

  1. Аллоҳ таолога шукр қилиш.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

“Ва Роббингиз сизга: “Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир”, деб билдирганини эсланг” (Иброҳим сураси, 7-оят).

  1. Ҳалол ризқ.

Агар инсон ризқида, соғлигида ва фарзандларида баракани кўришни истаса, ҳалол касб қилишга ва ҳалол луқма ейишга астойдил уринсин, ҳаром ва шубҳали нарсалардан узоқ юрсин! Меҳнат қилаётган жойида, хоҳ савдогар бўлсин, хоҳ қурувчи бўлсин, хоҳ дурадгор бўлсин, хоҳ ҳуқуқшунос бўлсин, хоҳ ўқитувчи бўлсин, хоҳ шифокор бўлсин, ростгўй, омонатдор, иффатли, самимий бўлиши шарт. Барча касб эгалари ўзлари меҳнат қилаётган жойларида ўғрилик, порахўрлик, судхўрлик, бировнинг мулкини ўзлаштириш, йўлтўсарлик, қароқчилик каби ҳаром йўллардан сақлансинлар! Зеро, Ҳаким ибн Хизом розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар сотувчи ўз молининг айбини яширса ва олувчи ҳам ғирромлик қилса (яъни, сотувчи ва олувчи бир-бирига ғирромлик қилса), ундай савдода барака бўлмас! Агар сотувчи ва олувчи бир-бирига рост гапирса, бир-бирини алдамаса, бундай савдода барака бўлур!” дедилар” ( Ал Жоме Ас Саҳиҳ).

  1. Силаи раҳм ва яхшилик.

Инсоннинг ризқи ва умрига барака бериши ҳақида ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам башорат бериб, бундай деганлар: “Кимни ризқу рўзи кенг бўлиши ва умри узоқ бўлиши хурсанд этса, бас у силаи раҳм қилсин, яъни қариндошлик ришталарини мустаҳкамласин” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Силаи раҳм, гўзал хулқ ва яхши қўшничилик юртларни обод этиб, умрларни узун қилади”. Муттафақун алайҳ.

  1. Вақтни тартибга солиш ва уни ғанимат билиш.

Бир инсон 60-70 йиллик умри давомида 100 йилда ҳам қилишга улгурилмайдиган ишларни қилиши унинг вақтига барака берилганидир. Масалан, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ 63 йил умр кўрдилар. Аммо ўзларидан 120 дан ортиқ китоб, кўплаб аудио ва видео кўринишда диний-маърифий асарлар қолдирдилар. У зотнинг ёзиб қўйган китоблари ҳозир ҳам нашр этилишда давом этмоқда. Бу бир инсоннинг умрига барака берилганининг ёрқин кўринишидир. Шунингдек, уйқудан эрта тонгда туриш, ишни ибодатдан бошлаш вақтнинг баракали бўлишига сабаб бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Эй Аллоҳ, умматимнинг тонггига барака бергин” деб дуо қилганлар. Шунинг учун инсон тонгда уйғонишга, эрта туришга ҳаракат қилиши лозим.

  1. Садақа бериш.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:

“Ҳар бир инфоқ қилган нарсангизнинг ўрнини У тўлдирур. У зот ризқ бергувчиларнинг яхшисидир” (Сабаъ сураси, 39-оят).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам нафақа, садақа қилиш ҳақида бундай деганлар: “Ҳар доим бандалар тонг орттирадиган бўлсалар, икки фаришта Ер юзига тушиб, бири: “Аллоҳим, инфоқ қилувчи кишига ўрнини тўлдиргин”, деса, бошқаси: “Аллоҳим, бахил кишига талофот етказгин”, дейди”. (Имом Муслим ривояти).

10. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилиш.

Икки олам сарвари бўлган зотнинг барча суннатларига амал қилиш барака омилидир. Масалан, ўнг қўл билан овқатланиш, овқатланишдан олдин ва кейин қўлларни ювиш кабилар инсон ҳаётида бараканинг ошишига сабаб бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Таомдан олдин (қўлни) ювиш камбағалликни кетказади. (Таомдан) сўнг (қўлни ювиш) эса кичик гуноҳларни кетказади ва кўзни тузатади” (Қузоъий “Муснадуш шиҳоб”да ривоят қилган).

Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Таомнинг баракаси – ундан олдин (икки қўлни) ювиш ва ундан кейин (икки қўлни) ювишдир”. Абу Довуд, Термизий ривоят қилишган.

11. Кўпчилик билан бирга овқатланиш.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки кишини тўйдирадиган овқат уч кишига кифоя қилади ва уч киши тўядиган овқат тўрт кишига кифоя қилади”, дедилар” (Ал Жоме Ас Саҳиҳ)

Аллоҳ таоло бизга барака берсин! Умримизни, ризқимизни, фарзандларимизни, юртимизни баракали қилсин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Read 6552 times

Мақолалар

Top