Мақолалар

Қурбонликнинг фазилати

Ҳайитингиз муборак бўлсин

Ҳайит байрамлари қадимдан юртимизда ўзгача, халқимизга хос меҳр-мурувват, бағрикенглик ва саховат ифодаси бўлиб келган. Ҳар йили Президентимизнинг ҳайит байрамларини нишонлаш тўғрисидаги қарорларида жойларда тартибли ва юқори даражада, халқимизнинг миллий ва диний қадриятларига мос равишда ўтиши учун тегишли тадбирларни амалга оширишга қатор мутасадди ташкилотлар жалб қилинади. Буларнинг барчаси давлатимиз томонидан юртимиз мусулмонларига кўрсатилаётган юксак эътибор намунасидир.

Қурбонлик қилиш закот, фитр садақаси каби молиявий ибодат бўлиб, у Қуръони карим, ҳадиси шариф ва ижмоъ билан собитдир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Биз (ўтган) барча умматга Аллоҳ берган чорва молларини (сўйиш) олдидан Унинг номини зикр қилишлари учун – қурбонлик қилишни буюрганмиз. Бас, (барчаларингизнинг) илоҳингиз бир Илоҳдир. Бас, Унгагина бўйин сунингиз ва (эй, Муҳаммад!) Итоат қилувчиларга хушхабар беринг!” (Ҳож, 34).

Баро ибн Озиб (розиялоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Бугунги биринчи қиладиган ишимиз аввал ийд намозини ўқиш, сўнгра уйга қайтиб қурбонлик қилишимиздир. Кимдаким шундай қилса, у суннатга мувофиқ иш қилибди. Кимдаким намоздан олдин қурбонлик қилса, у оиласи учун тайёрлаган оддий гўшт, яъни қурбонлик эмасдир”.

Қурбонлик қилиш бошқа ибодатлар каби Аллоҳ учун дейилса-да, аслида бандасининг манфаати учундир. Қурбонлик қилинган ҳайвоннинг гўштидан сўйган одамнинг ўзи ва фақир-мискинлар манфаатдор бўлади. Аллоҳ таоло эса инсоннинг қалбидаги ниятига кўра муомала қилади. Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли – У зотни улуғлашларингиз учун – уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!” (Ҳаж, 37).

Ҳақиқатан, қурбонликка сўйилган ҳайвонларнинг гўштларига ҳам, қонларига ҳам Аллоҳ таоло муҳтож эмас. Қурбонлик қилишдан мақсад банданинг Яратувчи амрига итоатини ва тақвосини намоён этишдир.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадиси шарифда марҳамат қилиб: “Қурбонлик қилиш чиройли амаллардандир. У бандани дунёда балолардан ва охиратда офатлардан ҳимоя қилади. Ҳайит намозини ўқиб, қурбонлик сўйган мўминлар менинг умматимдандир”, – деганлар.

Қурбонлик сўйишнинг аввали ҳайит намозини адо этилганидан сўнг сўйилади. Унинг охирги вақти эса ҳайитнинг учинчи куни аср вақтигачадир.

Қурбонлик қилувчининг қурбонлик сўйиш вақтида ҳозир бўлиши мустаҳабдир.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қизлари Фотима (розияллоҳу анҳо)га: “Бориб қурбонлигинга шоҳид бўл. Унинг биринчи томган қони билан баробар сенинг ўтган гуноҳларинг мағфират қилинур”, - дедилар. “Эй Аллоҳнинг расули! Бу бизга – аҳли байтга хосми ёки мусулмонларга умумийми?”, - дедилар Фотима (розияллоҳу анҳо). Шунда Сарвари коинот: “Йўқ, мусулмонларга умумий”, - деб жавоб бердилар.

Қурбонликка қўй, эчки, туя, сигир каби ҳайвонларнинг эркаги ҳам, урғочиси ҳам сўйилиши мумкин. Булардан туя 5 ёш, сигир 2 ёш, қўй ва эчки эса 1 ёшга тўлган бўлиши керак. Қўй агар олти ойга тўлган бўлса ҳам жуссаси бир ёшникидек катта бўлса уни қурбонлик қилиш жоиздир.

Мол ва туяни етти киши номидан сўйилишига шариатимизда кўрсатмалар бор. Жобир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қиладилар: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан Ҳудайбияда бир туяни етти киши номидан, бир сигирни етти киши номидан сўйдик” (Абу Довуд, Муслим ва Термизий ривоятлари).

Агар мол ёки туя 7 киши номидан сўйиладиган бўлса, унинг гўштини тақсимлашда чамалаб эмас, балки килолаб ўлчаган ҳолда тенг тақсимланади ва етти киши ҳам қурбонлик қилишни ният қилган бўлиши лозим.

Қурбонлик сўйиши вожиб бўлган киши қурбонликни вақтида сўймаса, кейин унинг қийматини садақа қилиш вожибдир. Сўйилган қурбонликнинг учга бўлиб, бир қисмиини садақа қилиш, яна бир қисмини едириш, қолган бир қисмини ўзи ва оиласи учун олиб қўйиш мустаҳабдир.

Кўп болали кишилар ҳаммасини оиласи билан баҳам кўриши ҳам мумкин. Мусулмон бўлмаган қўшниларга ҳам қурбонлик гўштидан бериш мусулмонлик зийнатидан ҳисобланади. Қурбонлик терисини сотиш, қассобга меҳнатининг эвазига бериш мумкин эмас, у фақир кишига садақа қилинади ёки рўзғорда ишлатиш учун олиб қўйилади. Қассобга хизмат ҳақи берилади, қурбонлик гўштидан ҳақ сифатида берилмайди.

Қурбонликка ҳар томонлама соғ ва семиз бўлган жонлиқларни сўйиш шариатимиз кўрсатмаларидандир. Бунинг ҳам ўзига хос ҳикматлари бор албатта. Биринчидан, бу қурбонлик Аллоҳ таолога атаб қилингани учун уни соғ-саломат, ҳеч бир нуқсонсиз бўлишига эътибор бериш, Яратганга нисбатан юксак одобни кўрсатади. Қурбонлик қилинадиган ҳайвоннинг айбу нуқсонсизини топиш эса, тақвонинг баркамоллиги учун уринишдир. Иккинчидан, бу мусулмонларнинг ўрталаридаги меҳр-оқибатларини мустаҳкамлайди. Уларга касал ҳайвонларнинг гўштини эмас, балки соғ ва семиз ҳайвонларнинг гўштини совға қилиш яхши ишлардандир.

Одатда, ҳайит кунида ҳамма бир-бирини улуғ кун билан самимий муборакбод этади. Ҳайит намозини адо этгандан сўнг биринчи ўринда бизларни дунёга келишимизга сабабчи бўлган ота-оналаримизни, улардан кейин қариндош-уруғларимизни, ёру биродарларимизни, беморларни бориб зиёрат этамиз. Уларни кўнглини сўраш ва кўтаришга ҳаракат қиламиз. Айрим сабаблар билан ўзаро аразлашган гина-қудратли кишилар ҳам бир-бирларини муборак байрам кунида кечириб, ўзаро узрлар айтиб, бир-бирларига қучоқ очадилар. Бу кун барчага қувонч улашиладиган кундир. Яна шуни ёдда тутмоғимиз лозим бўладики, Қурбон ҳайити байрам бўлгани учун, уни азага, хафагарчиликка айлантирмаслик керак. Ўтганларимизни эслаш, уларни руҳларини шод этиб дуойи хайрлар қилишимиз яхши амал ҳисобланади, лекин булар ҳайит байрамига асло таъсир қилмаслиги лозим.

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг розилиги йўлида холис ниятлар билан қилаётган қурбонликларимизни, ибодатларимизни даргоҳида ҳусни мақбул айласин! Муборак ҳаж сафарига юртимиздан борган барча ҳожиларимизнинг ҳаж ибодатларини мукаммал адо этиб, фарзандлари баҳрига соғ-саломат келишларини насиб этсин!

 Фазлиддин АЛЛОЁРОВ,

Тошкент шаҳридаги “Али ибн Абу Толиб” жоме масжиди имом-хатиби

 

 

Read 5677 times

Мақолалар

Top