Мақолалар

Мўминларнинг 4 ахлоқи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин 

Мўминларнинг 4 ахлоқи

Бир оят тафсири

«Парвардигор “юзини” истаб, сабр қилиб, намозларини баркамол адо этган ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан хуфёна ва ошкора эҳсон қилган ҳамда ёмонликка яхшилик қайтарадиган зотлар, айнан ўшалар учун дунё оқибати бордир. (У) абадийлик боғлари бўлиб, (улар) у жойларга ота-боболари, жуфти ҳалоллари ва зурриётларидан иборат солиҳ (банда)лар билан бирга кирурлар. Сўнгра уларнинг ҳузурларига ҳар (бир) эшикдан фаришталар кириб (дерлар): “Сабр қилиб ўтганларингиз сабабли сизларга тинчлик бўлгай. Дунё оқибати нақадар яхши!”» (Раъд сураси, 22-24 – оятлар). 

«Парвардигор “юзини” истаб, сабр қилиб...». Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо): “Аллоҳнинг буйруқ ва тоатига сабр қилувчилар”, деган. Ато (розияллоҳу анҳу): “Мусибат ва офатларга сабр қилиш”, дейди. Баъзилар, шаҳватлардан тийилишда, бошқалар, эса гуноҳлардан узоқ бўлишда сабр қилиш дейишган (Тафсир ал-Бағавий).

Доктор Ваҳба Мустафо Зуҳайлий (раҳимаҳуллоҳ): “Тоат ибодатда, балога учраганда, гуноҳлардан тийилишда холис Аллоҳ таолонинг “юзи” яъни розилиги учун сабр қиладилар. Аллоҳнинг қазо-қадарига рози бўладилар. Албатта, сабр иродани мустаҳкамлайди. Нафсни шаҳват ва мункар ишларга бурилишидан тутиб туради”.

Абу Сулаймон Дороний: “Энг мушкул, шу билан бирга энг қадрли нарса сабрдир. Унинг икки тури мавжуд. Биринчиси: Аллоҳ буюрган амални бажариш йўлида сабр. Иккинчиси: Аллоҳ таоло ман қилган ва нафс истаб турган амалдан тийилишда сабр, деган.

Имом Раббоний: “Инсон ҳаёти давомида дуч келадиган барча яхшилик ҳам ёмонлик ҳам Аллоҳ таолонинг иродаси билан бўлади. Биз ўз хоҳиш – истакларимизни Роббимизнинг иродасидан устун қўймаслигимиз лозим. Нимаки содир бўлса, барчаси Аллоҳ таолодан эканига иқрор бўлиш билан бандалик юзага чиқади. Ҳа, ҳақиқий қул шундай бўлади. У ўз ҳожасининг ҳохишига эътироз билдирмайди”.

Абдулқодир Жийлоний одамларга юзланиб бундай деди: “Ҳеч ҳолингиздан нолиманг! Ҳамиша cабрни лозим тутинг, асло Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид бўлманг. Зеро, ҳолис Аллоҳ таоло учун қилинган сабр ва бардош албатта мукофотсиз қолмайди. Озгина сабр қилиш, узоқ йиллар унинг роҳатини кўришга сабаб бўлади. Кимки ўзининг қатъийлиги билан машҳур бўлса, билки у қилган сабри билан машҳур бўлган”. 

“намозларини баркамол адо этган”. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо) айтади: «“...намозларини баркамол адо этган...” беш вақт намозни ўз вақтида, хушу-хузу билан адо этувчилар».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Беш маҳал намозингизни ўқинглар, (Рамазон) рўзасини тутинглар, молларингизнинг закотини беринглар ва иш бошингизга итоат этинглар Роббингизнинг жаннатига кирасиз” (Имом Аҳмад, Имом Термизий ривояти), дедилар. 

“Биз ризқ қилиб берган нарсалардан хуфёна ва ошкора эҳсон қилган”.

Ибодатларнинг энг афзали махфий қилинганидир. Чунки бундай амал риёдан узоқ бўлди. Аммо тоатни ошкор қилишдан одамларга яхшиликни тарғиб қилиш, уларга намуна бўлиш ният қилинса бундай амал ҳам афзал ҳисобланади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Маҳфий қилинган иш ошкора қилинган ишдан афзал, агар ошкора қилинган иш унга эргашишлари учун қилинган бўлса, у афзалдир”, дедилар (Ҳаким Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло бошқа оятда бундай марҳамат қилади: “Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши. Борди-ю, камбағалларга пинҳона берсангиз – ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир” (Бақара сураси, 271-оят).

Демак, садақани ошкора берса ҳам, махфий берса ҳам яхши. Чунки Аллоҳ таоло банда қилаётган барча ишларни кўриб, билиб туради. Муҳими ният холис Аллоҳ учун бўлсин. Зеро, уламолар: “Одамлар учун амални тарк қилиш риё ва одамлар учун амал қилиш ширк”, дейишган. 

“...ёмонликка яхшилик қайтарадиган зотлар...”. Ҳақорат, дилсиёҳликларга нисбатан яхшилик билан жавоб қайтарадилар, жоҳилликка қарши ҳилм, азиятларга эса сабр билан жавоб берадилар. Аллоҳ таоло бошқа оятда бундай ахлоқли мўминларни ўзининг севимли бандалари сифатида мадҳ этади: «Раҳмоннинг (суюкли) бандалари ерда камтарона юрадиган, жоҳил кимсалар (бемаъни) сўз қотганда “Саломатлик бўлсин!” деб жавоб қиладиган кишилардир» (Фурқон сураси, 63-оят).

Аллоҳ таоло бошқа оятда бундай буюради: “Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ёмонликни) гўзалроқ (муомала) билан даф қилинг! (Шунда) бирдан сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ (қалин) дўстдек бўлиб қолур” (Фуссилат сураси, 34-оят).

Абу Зарр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳга тақво қил. Ёмон амалингга яхшисини эргаштир. Шунда яхшиси ёмонини ўчириб юборади. Одамлар билан яхши хулқ ила муомалада бўл”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло юқоридаги оятларда мўмин бандаларининг ахлоқини васф этиб, кейинги оятда улар учун тайёрлаб қўйилган мукофотларнинг башоратини беради: “...айнан ўшалар учун дунё оқибати бордир”. Дунё оқибатидан мурод икки дунё саодатидир. Бу дунёдаги бахт – тинчлик-омонлик, охиратдагиси эса – жаннат.

Оят давомида Аллоҳ таоло олий мукофоти – жаннатнинг васфини келтиради: (У) абадийлик боғлари бўлиб, (улар) у жойларга ота-боболари, жуфти ҳалоллари ва зурриётларидан иборат солиҳ (банда)лар билан бирга кирурлар”.

Мўминлар жаннатда абадий қоладилар. Солиҳ бандалар жаннатга ёлғиз ҳолда эмас, балки яқинлари, аҳли оилалари билан бирга кирадилар. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “У кунда на мол-дунё ва на фарзандлар фойда бермас, Фақат Аллоҳ ҳузурига соғлом дил билан келган кишиларгагина (фойда берур)(Шуаро сураси, 88-89 – оятлар).

Жаннатга кириш дарвозалари олдида фаришталар мўминларни қарши олиб: “Қилган сабрингиз мукофоти сифатида устингизга Аллоҳнинг раҳмати ёғилсин, сизга мангу омонлик диёри – жаннат бўлсин”, дейдилар.

Ибн Абу Хотим (розияллоҳу анҳу) Абу Амома (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шаҳидларнинг қабрини зиёрат қилдилар. Ҳар бир қабр ёнига бориб: “Сабр қилиб ўтганларингиз сабабли (энди бу ерда) сизларга тинчлик бўлгай. Дунё оқибати нақадар яхши!” оятини тиловат қилдилар.

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзи васф қилган бандаларининг хулқи билан хулқланишимизга ва икки дунё бахт-саодатига эришимизга тавфиқ ато этсин.

 

Абул Баракот Насафийнинг “Мадорику ат-танзил ва ҳақоиқу ат-таъвил”,

Имом Абу Мансур Мотуридийнинг “Таъвилату аҳлис-сунна” асари асосида

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

Read 2787 times

Мақолалар

Top