Мақолалар

Дуонинг ижобат бўлишига ишониш 

Бир имом жумъа мавъизасида жамоатга шундай деди: “Азизлар, мана анчадан бери ёмғир ёғмай, экинларимиз қуриш арафасига келиб қолди. Шунинг учун кейинги жумъага ҳаммамиз яхшилаб тайёргарлик кўриб келайлик. Ўша куни мавъизадан сўнг Аллоҳ таолодан ёмғир сўраб дуо қиламиз”.

Кейинги жумъа куни мавъиза қилиб бўлган имом жамоатдан: “Дуо қилиш учун тайёргарлик кўриб келдингларми?” деб сўради. Ўтирганлар “Ҳа” дейишди. Имом яна жамоатга қарата: “Яхши тайёргарлик кўрмаганга ўхшайсизлар" деди. Одамлар: "Ғусл қилдик, янги, покиза либосларни кийиб, атирларни сепиб келдик” дейишди. Имом жамоатга: “Булар ҳам керак. Аммо мен бошқа нарсани назарда тутгандим” деди. Жамоатдагилар ҳайрон бўлиб, “Нимани назарда тутгандингиз, домла?” дейишди. Шунда имом “Соябонларингиз қани?” деди.

Ҳа, азизлар, дуо қилаётган киши дуосининг ижобатига ишониб дуо қилиши керак. “Ижобат бўлармикин” деган нарсанинг кўнгилдан ўтиши ўша дуонинг ижобат бўлмаслигига сабаб бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: 

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم  ادْعُوا اللَّهَ وَأَنْتُمْ مُوقِنُونَ بِالإِجَابَةِ وَاعْلَمُوا أَنَّ اللَّهَ لاَ يَسْتَجِيبُ دُعَاءً مِنْ قَلْبٍ غَافِلٍ لاَهٍ.  رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳга ижобатига аниқ ишонган ҳолда дуо қилинглар, билингларки, ғофил (тили талаффуз қилаётган нарсадан бошқа нарса билан) банд бўлган қалбдан Аллоҳ дуо қабул қилмайди”. Термизий ривояти.

Ёмғир сўраб дуо қиладиган киши дуоси ижобат бўлиб, ёмғирнинг ёғишига ишониши, шунинг учун ўзи билан соябон олволиши керак.

Аллоҳ таоло барчамизни дуонинг ижобат бўлишига ишониб, ихлос билан дуо қилувчилардан қилсин!

 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Read 3059 times

Мақолалар

Top