Мақолалар

Чумолидан тўрт сабоқ

Эътибор берсак, Аллоҳ таоло бутун бир борлиқни биз бандалар учун ибрат қилиб яратган. Табиатни, атрофингизда рўй бераётган табиий жараёнларни кузата туриб ҳам, ундан катта сабоқ олиш мумкин. Келинг, бизнинг эътиборимизни тортган чумолининг тўртта ҳаёт фалсафасини ўрганиб чиқайлик. Балки бу ҳолат сизга ҳам бегона эмасдир. Фақатгина ундаги айрим англашингиз керак бўлганларини сизга эслатиб ўтмоқчимиз, холос.

Биринчи сабоқ. Чумолилар ҳеч қачон таслим бўлишмайди. Ҳаракатланаётган чумолини тўхтатишга қанча уринманг, у барибир ўз йўлида тўхтаб қолмайди. Тепага тирмашади, пастга кетади, лекин барибир фақат ўзига маълум бир йўналишга интилаверади. Сира таслим бўлмай, ўзи истаган манзилга қараб интилиш – жуда гўзал одат! Биз мусулмонлар ҳам Аллоҳнинг розилиги йўлида чумолидек шижоатли ва мақсад сари олға интилувчан бўлишимиз керак.

Иккинчи сабоқ. Чумолилар бутун ёз давомида қиш учун ишлайди. Ахир ёз абадий давом этмайди-да, ҳудди бу дунё каби. Шунинг учун улар ёзда дон-дун йиғиб, қишга ғамлаб қўйишади. “Қумдан қўрғон қуриб бўлмас” деганларидек, чумолилар ёзнинг неъматларини кўриб, завқ олиш ўрнига, бу пайтда қирчиллама совуқни ҳам “ўйлашади”. Яъни, улардан олинадиган иккинчи сабоқ, доим келажак ҳақида, лхират ва қиёмат куни хусусида қайғуришдир.

Учинчи сабоқ. Чумолилар бутун қиш давомида ёзга қандай етиб боришни ҳам ўйлашига нима дейсиз? Улар қишлов учун ер тагидаги уясига кириб кетишар экан, “Қиш абадий давом этмайди, биз тез кунларда яна ёруғ оламга чиқамиз”, дейишади ва қишнинг илиқ кунларида ҳам ташқарига ўрмалаб чиқишади. Бу фалсафанинг моҳияти – доим яхши ўзгаришлар илинжида яшаш ва бундан умид узмаслик. Демак, инсон ҳам ҳар бир воқелик ортидан яхшилик излаб, ҳар бир мусибатдан сўнг икки яхшилик борлигини унутмаслиги лозим. Аллоҳ таолодан доимо умид қилиб яшанг!

Тўртинчи сабоқ. Қишга тайёргарлик кўриш учун бутун ёз давомида чумолилар қанча меҳнат қилишлари керак..? Қанча керак бўлса, шунча. Имкони борича, ишнинг барчасини бажариш – қандай ажойиб фалсафа! Яъни бир ишни бажармоқчимисиз, чин дилдан бажаринг! Қилган ишингиздан ўзингиз ва ўзгалар манфаат кўрсин!

 

Демак, чумолидан ўрганишимиз керак бўлганлари – ҳеч қачон таслим бўлмаслик, доим олға интилиш, ишонч ва умидни узмаслик, қўлдан келган ишнинг барчасини бажариш!

 

Интернет манбалар асосида
Саидаброр Умаров тайёрлади

Read 3121 times

Мақолалар

Top