Мақолалар

Кулишингиз ва кулдиришингиз зарарингизга айланмасин

 Бугун, телеканаллар ва интернет тармоқларини кузатсангиз, ундаги материалларнинг аксарияти кулги ва кулдиришга қаратилганини гувоҳи бўласиз. Касби қизиқчилик ва масхарабозлик бўлганлар четда қолиб, туппа-тузик йигитлар, қизлар, энг аянчлиси ёши катта отахону онахонлар ҳам ўзларининг бачкана қилиқлари, бемаза гаплари ва тутириқсиз сўзлари билан “машҳурлик” илинжида томошабинларни кулдираман деб, бор кучлари билан ҳаракат қилаётгани ақли расо одамларни жиддий ўйга толдиради.

Уларнинг бирортасига насиҳат қилмоқчи бўлсангиз жавоблари ҳам тайёр: “Ҳар ким хоҳлаган ишини қилади, сенинг нима ишинг бор...”. Аслида менинг ишим бўлмасди агар диндош, ватандош ва миллатдош бўлмаганимда. Чунки, бу “қизиқчи”ларнинг қилаётган ҳаракатлари ҳали онги ва ақли тўлиқ ривожланмаган, таҳлил қилиш қобилати паст ўсмирлар, ёшлар ва фарзандларимизнинг руҳиятига ҳам таъсир ўтказиб, тақлид қилиш кайфиятини уйғотмоқда.

Ачинарли ва инсонни ҳушёр тортирадиган жиҳати, бу “қизиқ”чилар кулдираман деб шарм-ҳаёсиз, уят гаплардан ҳам ошиб ўтиб миллатимизнинг энг улуғ қадрияти бўлган динимиз қоидалари ва исломга оид мавзуларни ҳам ҳазил-мазаҳга аралаштирмоқда. Бу инсонлар ўз жонларига зулм қилиб, охират азобини ўзлари учун танлаб олаётганлигини билишармикан?   Аллоҳ таолони шариати – инсонлар унга амал қилиб, охират саодатига эришишликлари учун юборилгандир. Аллоҳ таолонинг шариати – ўйин эмас! Асло бу мавзуларни қўшиб қизиқчилик қилиб бўлмаслигидан хабарлари бормикан?       

Ибн Аббос розияллоҳу анҳодан ривоят қилинди: “Ким-ки кулиб гуноҳ қилса, у йиғлаб дўзаҳга киради”.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ёлғон гапириб, одамларни кулдирган кимсага вайл бўлсин, вайл бўлсин, вайл бўлсин!”

Аллоҳ таоло айтади: “Бас, ўзлари касб қилган нарсалари жазосига озгина кулсинлар, кўп йиғласинлар”. (Тавба сураси, 82-оят).

Иброҳим Ан-Наҳоий айтадилар: “Киши гапириб, атрофдагиларни кулдиради. Бу калима билан Аллоҳ унга ғазаб қилади. Унга Аллоҳнинг ғазаби бўлади. Бу ғазаб унинг атрофдагиларни умум қилади (қамраб олади). Киши бир сўз айтади, Аллоҳ ундан рози бўлади. Унга ва атрофдагиларга раҳмат етади”.

Табассум ҳам кулгининг бир тури, енгил шакли ҳисобланади. Динимизда кулгининг ушбу тури қаттиқ тарғиб қилинган ва ҳатто ибодат даражасига кўтарилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бир ҳадисларида: «Биродарингнинг юзига табассум билан боқишинг ҳам садақадир», деганлар. У зот бу борада ҳам барчага ўрнак эдилар.

Биз ҳеч қачон самимий ва ҳотиржам кулгини қораламаймиз. Аксинча буни набавий суннат дея тарғиб этамиз. Аммо, юқоридаги каби ислом шариати ва аҳкомларига тегишли мавзуларни латифага айлантириб нон топаётган ва болаларини боқаётган “қизиқчи”ларга бу ишингизни тўхтатинг, ўзингизни зарарингизга ишламанг деймиз.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки айрим масхарабозлар ва улардан таркиб топган жамоалар машҳур бўламан, мухлис орттираман деб, тап тортмай инсонлар шани ва обрўсини тўкишни ҳам одат қилишяпти. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мусулмонга мусулмоннинг номуси, моли ва қони ҳаромдир. Тақво шудир. Мусулмон биродарини ҳақорат қилиши кишининг ёмонлигига етарли далилдир» (Термизий ривояти).

Хулоса шуки, миллатни, жамиятни, халқни маърифатга, маънавиятга, юксак маданиятга тарғиб қилишга ақлингиз, савиянгиз ва имкониятингиз етмаса, яхшиси салбий таъсир ҳам кўрсатманг.

 

Саидаброр Умаров  

Read 5051 times

Мақолалар

Top