Мақолалар

Дуонинг афзали

Абу Абдуллоҳ Ҳорис ибн Асад ал-Муҳсибий (вафоти 243 ҳж) раҳимаҳуллоҳ “Васоя” асарида дуо қилувчиларга насиҳат қилиб қуйидгиларни келтиради:
Биродарларим, одамлар овозини чиқариб жаҳрий дуо қилишмоқда, сизлар ундай қилманглар. Ҳожатларингизни қалбингизда сир тутиб Аллоҳдан махфий дуо ила сўранглар. Чунки дуонинг ошкорасидан хуфёнаси ижобатга яқин, Аллоҳга ёқимлироқ ва серсавоброқдир.

Салафларимиздан бизга етиб келдики, қалбда сир тутиб қилинган дуо ошкора қилинган дуодан етмиш марта ортиқроқдир.
Баъзи аҳли илмлар айтдилар: салафи солиҳлар қаттиқ ижтиҳод билан дуо қилишар эди. Улар дуода ниҳоятда тиришқоқ ва аҳамиятли бўлишар эди. Шундай бўлсада уларнинг нафас товушлари ҳам ташқарига эшитилмас эди. Дуо жараёнида уларнинг товуши ўзлари ва Роббилари орасида қолиб кетар эди.

Салафи солиҳлар нега шундай қиларди, биласизми? Чунки улар Аллоҳ таолонинг бу оятини яхши англар эдилар:
ذِكْرُ رَحْمَةِ رَبِّكَ عَبْدَهُ زَكَرِيَّا * إِذْ نَادَى رَبَّهُ نِدَاء خَفِيّاً
Бу, Роббингнинг бандаси Закариёга раҳмати зикридир.(Яъни, эй Муҳаммад (с.а.в.), ушбу қисса «Роббингизнинг бандаси Закариёга раҳмати зикридир».)Унинг Роббига махфий нидо қилган чоғини эсланг.(Марям сураси 2-3 оятлар).
Дуода товушини кўтариб жаҳрий қилган одам билан қалбида сир тутиб дуо қилган одамнинг фарқи шуки, ошкора қилганлар фитнага тушиб қолади. Фасоҳат билан сўзлаш мақсадида қалби Аллоҳдан бурилиб атрофидаги одамлар билан ўралашиб қолади. Баъзида эса риё, сумъа аралаш ибодатини пучга чиқаради.
Дуони махфий қилганлар эса ўша фитналардан омон бўлади. Аллоҳ таоло баримизни Ўзига маҳбуб бандалар қаторида айласин, омин!

Авазбек МЎМИНОВ — Андижон шаҳар “Чинор” жоме масжид имом-хатиби

Read 3060 times

Мақолалар

Top