Мақолалар

Силаи-раҳм нима дегани?

188-CАВОЛ:
Ҳурматли устозлар, силаи-раҳм нима дегани, шу ҳақда маълумот берсангиз.


ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
“Силаи раҳм” арабча сўз бўлиб, “сила” – боғлаш, “раҳм” – қариндош (онанинг бачадонини ҳам раҳм, дейилади), яъни “қариндош уруғлик алоқаларини боғлаш” деган маънони билдиради.
Силаи раҳм қилиш – ўзгаларга нисбатан қариндошларига ғамхўр ва муҳаббатлироқ бўлиш, улардан хабардор бўлиб, моддий-маънавий жиҳатдан қўллаб туришдир.
Силаи раҳмга энг ҳақдор кишилар ота-она, ака-ука, опа-сингил каби қон-қариндошлардир.
Қуръони каримнинг бир қанча оятларида қариндошлик алоқаларини боғлашнинг фазилати ва уни узишнинг ёмонлиги ҳақида сўз юритилган.

Жумладан, қуйидаги оятда қариндошликни боғлайдиган кишилар мақталади:

وَالَّذِينَ يَصِلُونَ مَا أَمَرَ اللَّهُ بِهِ أَنْ يُوصَلَ وَيَخْشَوْنَ رَبَّهُمْ وَيَخَافُونَ سُوءَ الْحِسَابِ

яъни: “Улар Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни (яъни қариндошлар билан алоқани) боғлайдилар, Парвардигорларидан қўрқадилар ва (охиратда) ҳисоб-китобнинг нохуш кечишидан чўчийдилар” (Раъд сураси, 21-оят).
Аллоҳ таоло яхшиликларга буюради, ёмонликлардан қайтаради. Буюрилган яхшиликлар ичида муҳимларидан бири силаи раҳм қилишдир:

إِنَّ اللَّهَ يَأْمُرُ بِالْعَدْلِ وَالْإِحْسَانِ وَإِيتَاءِ ذِي الْقُرْبَى وَيَنْهَى عَنِ الْفَحْشَاءِ وَالْمُنْكَرِ وَالْبَغْيِ يَعِظُكُمْ لَعَلَّكُمْ تَذَكَّرُونَ

яъни: “Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради. Эслатма олурсиз, деб (У) сизларга (доимо) насиҳат қилур”.

Ояти карималарда қариндош уруғлик алоқаларини узганларга қаттиқ таҳдид қилинади:

فَهَلْ عَسَيْتُمْ إِنْ تَوَلَّيْتُمْ أَنْ تُفْسِدُوا فِي الْأَرْضِ وَتُقَطِّعُوا أَرْحَامَكُمْ أُولَئِكَ الَّذِينَ لَعَنَهُمُ اللَّهُ فَأَصَمَّهُمْ وَأَعْمَى أَبْصَارَهُمْ

яъни: “Агар (имондан) бош тортсангиз, аниқки, сизлар ерда бузғунчилик қиларсизлар ва қариндошларингиз (билан ҳам алоқаларингиз)ни узасиз, албатта ундай кимсаларни Аллоҳ лаънатлагандир, бас, уларнинг (қулоқларини) «кар», кўзларини «кўр» қилиб қўйгандир” (Муҳаммад сураси, 22-23-оятлар).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу мавзу жуда муҳимлигини ҳадиси шарифлари таъкидлайдилар:

وعن أَبي هريرة رضي الله عنه أن رَسُول الله صلى الله عليه وسلم قَالَ : " ... مَنْ كَانَ يُؤْمِنُ باللهِ وَاليَومِ الآخِرِ ، فَلْيَصِلْ رَحِمَهُ ..." (مُتَّفَقٌ عَلَيهِ).

яъни: “...ва ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, қариндошлик алоқаларини боғласин...” (Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Ҳурайрадан ривоят қилишган).

Пайғамбаримиз алайҳиссалом бизга силаи-раҳм сабабли ризқнинг мўл-кўл бўлиши, умрнинг узоқ бўлишини уқтирадилар:

وعن أنسٍ رضي الله عنه أن رَسُول الله صلى الله عليه وسلم قَالَ " من أحَبَّ أنْ يُبْسَطَ لَهُ في رِزْقِهِ ، ويُنْسأَ لَهُ في أثَرِهِ ، فَلْيَصِلْ رَحِمَهُ ) مُتَّفَقٌ عَلَيهِ .

яъни: “Ким ризқи кенг бўлиши, умри узун бўлишини хуш кўрса, қариндошлик алоқаларини боғласин” (Имом Бухорий ва Имом Муслим Анас ибн Моликдан ривоят қилишган).

Аллоҳ таолонинг изни билан силаи раҳм, уни боғлаганларни дуо, узганларни дуоибад қилиб туради. Оиша онамиз Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ривоят қилади:

عن عائشة رضي الله عنها قالت قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: "الرَّحِمُ مُعلَّقة بالعرشِ ، تقولُ: "من وَصَلَني وَصَلَهُ اللهُ ، ومن قطعني قَطَعَهُ الله ". (أخرجه البخاري ومسلم).

яъни: “Раҳм (қариндошлик) Аршга осилиб: “Ким мени уласа, Аллоҳ уни уласин. Ким мени узса, Аллоҳ уни узсин”, дейди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Силаи раҳмни узиш гуноҳи кабиралардандир. Шуни билиб ҳам ҳеч бир сабаб ва шубҳасиз силаи раҳмни узишни ҳалол санаган, мумкин деб эътиқод қилган киши жаннатга кирмайди. Бу ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан қуйидаги ҳадис ривоят қилинади:

عن أبي محمد جبير بن مطعم رضي الله عنه أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال: " لا يدخل الجنة قاطع" قال سفيان في روايته: "يعني قاطع رحم". (متفق عليه).

яъни: “Кесувчи жаннатга кирмайди”. Суфён ўз ривоятида: “Қариндошликни узувчи назарда тутилган”, дейди (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Юқоридаги ояти карима ва ҳадиси шарифларга кўра силаи-раҳм мусулмон кишига фарз бўлган амалдир. Агар ҳар биримиз силаи-раҳмга амал қилиб, қариндош уруғларимизнинг ҳолидан хабардор бўлсак, жамиятдаги жуда кўплаб муаммолар барҳам топади. Акс ҳолда дунёда ҳам охиратда ҳам кўп қийинчиликларга дуч келиниши мумкин, Аллоҳ сақласин. Ваъллоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. 
http://savollar.muslim.uz 

Read 11420 times
Tagged under

Мақолалар

Top