Мақолалар

Таваккал қилишдан нега қўрқамиз?

عَنْ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ، قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: « لَوْ أَنَّكُمْ كُنْتُمْ تَوَكَّلُونَ عَلَى اللَّهِ حَقَّ تَوَكُّلِهِ لَرُزِقْتُمْ كَمَا تُرْزَقُ الطَّيْرُ تَغْدُو خِمَاصًا وَتَرُوحُ بِطَانًا » (رواه الترمذي)

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилади: “Агар сиз Аллоҳга чинакам таваккал қила олганингизда эди, худди эрталаб инидан бўм-бўш чиқиб кетган қуш кечки пайт тўлиб-тошиб қайтиб келиши каби ризқлантирилар эдингиз”» (Имом Термизий ривояти).

Ҳадиси шарифда Аллоҳга чинакам таваккал қила олсак, худди қушлардек ризқимиз оёғимиз остига сочиб қўйилиши чиройли услубда англатилмоқда.

Ҳеч эътибор берганмисиз, тонг отиши билан қушлар чуғурлашиб инларидан чиқади. Ейишга ҳеч вақоси йўқ бўлса-да, хотиржамлик билан уча бошлайди. Чунки бу жониворлар ризқ Аллоҳдан эканини билади.

Биз-чи?! Шу қушларчалик Раббимизга таваккал қила оляпмизми?!

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Ерда ўрмаловчи бирор нарса (жонзот) йўқки, унинг ризқи(таъминоти) Аллоҳнинг зиммасида бўлмаса! (У) унинг қароргоҳини ҳам, оромгоҳини ҳам билур. Ҳаммаси аниқ Китоб (Лавҳул маҳфуз)да (ёзилган)дир» (Ҳуд сураси, 6-оят).

Ояти каримадаги “дааббатун” сўзи “ўрмалаб юрувчи нарса” деган маънони англатади. Ушбу сўз барча тирик мавжудотни ўз ичига олади.

Аҳли сунна вал жамоа уламолари ушбу оятни далил қилиб: “Ҳаром нарсалар ҳам бандага ризқдир. Акс ҳолда, бир умр ҳаромдан касб қилганлар (масалан, ўғри, рибохўрлар) ризқдан бенасиб бўлар эдилар”, дейишган.

Ибн Уйайна: “Инсон, чумоли ва сичқондан бошқа бирор жонзот ўз ризқини захира қилиб сақлаб қўймайди”, дейди.

Ҳадиси шарифларда ҳам ризқ Аллоҳдан экани очиқ-ойдин баён этилган. Хусусан, Абу Дардо розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, ризқ бандани худди ажали қидирганидек қидиради”, дедилар» (Ибн Ҳиббон ривояти).

Абдуллоҳ ибн Ҳасан ибн Али отасидан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Табук ғазоти куни минбарга кўтарилиб, Аллоҳга ҳамду сано айтдилар ва: “Эй одамлар, Аллоҳга қасамки, мен сизларни фақат Аллоҳ буюрган нарсагагина буюриб, Аллоҳ қайтарган нарсадан қайтараман. (Ризқларингизни) чиройли суратда талаб қилинглар! Абулқосимнинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, ҳар бирингизнинг ризқи ажали уни қидирганидек қидиради. Агар ундан бирон нарса сизларга кечикса, уни Аллоҳ азза ва жалланинг тоати билан талаб қилинглар!” дедилар» (Имом Табароний ривояти).

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Агар биронтангиз ризқидан қочмоқчи бўлса ҳам, албатта (ризқи) уни худди ўлими таъқиб этганидек қувиб етади” (Имом Табароний ривояти).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта, банданинг ўз ризқи бор. Агар жин ва инсонлар у (ризқ)дан бирон нарсани ун(га келиши)дан тўсиш учун йиғилсалар, бунга қодир бўлмайдилар» (Имом Табароний ривояти).

Сулаймон алайҳиссалом қирғоқда ўтирган эди. Дон кўтариб денгиз сари кетаётган чумолига кўзи тушди. Уни кузата бошлади. Чумоли денгизга етиб борди. Шунда сув ичидан бир қурбақа бошини чиқарди ва оғзини очди. Дон кўтарган чумоли унинг оғзига кириб олди. Қурбақа бир соатча йўқ бўлиб кетди. Сулаймон алайҳиссалом бу ҳолдан таажжубланди. Бир пайт қурбақа сувдан бошини чиқариб оғзини очган эди, ҳалиги чумоли кўринди. Бироқ дон йўқ эди. Шунда Сулаймон пайғамбар чумолини чақирди ва ундан донни нима қилганини, қаерда бўлганини сўради. Шунда чумоли: “Эй Аллоҳнинг пайғамбари! – тилга кирди чумоли. – Мана шу денгиз тубида катта тош бор, унинг ичида кўр қурт яшайди. Ризқ талабида ташқарига чиқолмайди. Аллоҳ таоло унга озуқа етказишни менга, сув тубига шўнғишни эса қурбақага юклади”, деди.

Сулаймон алайҳиссалом: “Ўша қуртнинг бирор тасбеҳ айтганини эшитганмисан?” деб сўради. Чумоли жавоб берди: “У ушбу дуони айтар эди: “Эй раҳмати ила мени тўлқинлар остида ётган мана бу катта тош ичида ҳам унутмайдиган Зот! Марҳаматинг ила мўмин бандаларингни ҳам унутмагин!»

Мазкур ҳадис бугунги кун учун ҳам жуда долзарб. Негаки, маъмурчилик даврида кўпимиз Аллоҳга таваккал қилишни унутиб қўйдик. Бунинг оқибатида юртимизда имконият, шароит бўла туриб, ризқимизни чет эллардан қидира бошладик. Қонуний йўллар бўла туриб, бошқа чоралар ахтариш сабабли айрим кишилар ғаламисларнинг тузоғига илиниб қолаётгани ҳам сир эмас.

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 30 май куни Президентимиз топшириғига биноан 156 нафар Ўзбекистон фуқаролари, асосан, аёллар ва болалар махсус авиарейсда “Меҳр” инсонпарварлик амалиёти доирасида Тошкент шаҳрига олиб келинди.

Бу эзгу ишни барчамиз ойнаи жаҳон орқали кузатдик. Она юрт тупроғига қадам қўйган каттаю кичикнинг кўзларига ёш қалққанини кўриб, хаёлимга юқоридаги ҳадис келди.

Ҳадиси шарифда Аллоҳга чинакам таваккал қила олсак, худди қушлардек ризқимиз оёғимиз остига сочиб қўйилиши чиройли услубда англатилмоқда. Бунинг учун фақат ихлос керак.

Миродил МИРЖАЛИЛОВ,

Қибрай тумани бош имом-хатиби

Read 3168 times

Мақолалар

Top