Мақолалар

Фарзандни эрта жинсий қизиқишлардан сақлаш

Муборак динимизнинг таълимотлари яна бир муҳим тарбияни ота-онанинг вазифаларидан қилиб белгилаган. Бу юксак масъулият фарзандларни инсон хулқини ихтиёрсиз бузадиган, жинсий мойиллик ва рағбат уй­ғотадиган ҳар бир нарса ва ҳолатлардан сақлашдир. Бу жараён бола тўққиз ёшдан то вояга етгунгача бўлган муддатни ўз ичига олади.

 

Таълим-тарбия олимлари фикрича, бу инсон ҳаётидаги энг муҳим босқич. Агар ота-она фарзанднинг бу борадаги тарбиясини ўз вақтида тўғри йўлга қўйса ва ножўя хатти-ҳаракатларнинг олдини олса, бу катта ютуқ. Чунки соғлом жамият тараққиёти ва равнақи учун фазилатли, одобли, юксак маънавиятли ва тарбияли фарзанд вояга етади.

 

Шу боис динимиз ҳар бир ота-она ва мураббийга фарзандларнинг жинсий қизиқишлари эрта уйғо­нишидан эҳтиёт чораларини кўришга буюради.

 

Аллоҳ таоло бундай дейди: “…аёлларнинг авратларидан хабардор бўлмаган гўдаклардан бошқа кишиларга кўрсатмасинлар!..” (Нур сураси, 31-оят).

 

Имом ибн Касир Нур сурасининг ушбу оятини бундай тафсир қилади: “Гўдак аёлларнинг турли ҳолатларини билмайди. Уларнинг авратларини, нозик овозларини, ноз­ланиб юришларини фаҳмламайди. Агар бола ёш бў­либ, буларни тушунмаса, унда аёллар ҳузурига киришида зарар йўқ”.

 

Бу оят тафсиридан хулоса шу: агар бола аёлларнинг ҳолатларини ва авратларини фаҳмламайдиган даражада жуда ёш бўлса, уларнинг ёнларида ўтириши ва ҳузур­ларига кириб-чиқиб юришида зарар бўлмайди. Аммо фарзанд тўққиз ёшдан ошган бўлса, бундай ҳо­лат­ларга мутлақо йўл қўйилмайди. Чунки бола бу ёшда ҳар бир кўринишни онгли равишда идрок қилади. Ушбу чегара ёшидан сўнг ҳам унга бу борада изн сўраш одоби буюрилмаса, баъзи ноқулай ва таъсирчан манзаралар гувоҳи бўлади. Натижада бола ғалати бир ҳолга тушиб, ахлоқи бузилиши ҳам мумкин. Бу эса, табиий, болада жинсий мойиллик жуда эрта уйғонишига олиб келади. Ҳаёт тажрибалари кўрсатишича, бундай ҳолга тушиб қол­ган фарзанднинг бутун фикри-зикри беихтиёр шундай ўй-хаёллар атрофида бўлади. Бунинг оқибатида илмга бўлган иштиёқи кескин пасайиб, ўзи бажарадиган кун­далик ишларига бепарво бўлади.

 

Фарзандининг бу каби ғалати, ажабтовур ҳолатини кеч бўлса-да сезиб, вазиятни англаган ота- она учун энди унинг тарбия жараёни бироз оғир кечади. Муҳим паллада эътиборсизлик қилган ота-она энди бу иллатни юқтириб олган фарзандининг тарбиясига жуда жиддий эътибор бериши талаб этилади. Акс ҳолда, нечоғли оғир бўлса-да, айтиб ўтиш керак, шармандали ҳолат рўй бериши мумкин. Афсус, ўғил-қизлар ўртасидаги аянч­ли ва шармсиз воқеаларнинг барҳам топмаётгани фарзандлар тарбиясига етарлича эътибор берилмаётгани оқибатидир.

 

Баъзи кишилар: “Биз болага ушбу тарбияни бермасак-да, қинғир ишларга қўл ураётгани йўқ”, деб фикр билди­риши мумкин. Тўғри, бундай салбий ишларни амалга оширмаса, нур устига нур. Аммо бу ҳол “Ушбу тарбия билан шуғулланмаса ҳам бўлади”, деган фикрни илгари сурмайди. Чунки фарзанд вояга етиб, маълум ёшга киргач, бирон олийгоҳга кириб ўқиш ёки иш туфайли ота- она назоратидан бироз бўлса-да узоқлашади. Ана шу маҳалда, ёшлигида бу тарбиядан мосуво бўлиб ўсган, боз устига ота-она назоратисиз қолган фарзандда ушбу иллат бўй чўзиб қолиши, шунда у турли хил бузуқликлар таъсирига тушиб, ҳаёсиз ишлар қилиши мумкин.

 

Фарзандининг қилаётган ҳар бир ишидан батафсил хабардор бўлиб турибман, деб қайси бир ота-она кафолат бера олади? Ёки фарзанд улғайгач, унинг учун хоҳ яхши, хоҳ ёмон эшиклар барчаси очиқми? Ёхуд ота-она вазифаси шулар билан ниҳоясига етдими? Йўқ, асло. Ваҳоланки, айни палла, ўзларидан андоза олган фарзандни жамият учун қай даражада тўғри тарбиялаб, тайёрлаб берганини кўрадиган пайт бўлади. Халқимизда нақл бор: “Яхши бўл­са ейди ошини, ёмон бўлса ейди бошини”. Яхшилигидан раҳмат, ёмонлигидан лаънат ҳам бевосита ота-онага келади. Шу боис ота-она ҳаёт экан, фарзандлар доим назоратга, панду насиҳатга муҳтожлигини унутмасинлар. Шунинг учун муҳтарам мураббий ва ота-оналар тарбиянинг ҳар бир жабҳасида оқсамасдан шижоат кўрсатишлари қатъий талаб этилади.

 

Ҳадиси шариф:

 

Имом Бухорий ривоят қилади: “Пайғамбаримиз (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам) Фазл ибн Аббосни қурбонлик куни уловларининг орқасига ўтирғизиб олдилар. Фазл балоғат ёшига етиб қолган эди. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан шаръий масала сўрагани Хасъам қабиласидан келган бир аёлга Фазл тикила бошлади. Шунда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Фазлнинг иягидан ушлаб, юзини бошқа томонга бурдилар”.

 

Имом Термизий ривоятида:

 

Ибн Аббос Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам)га: “Нега амакингиз ўғлининг юзини бурдингиз?” – деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мен ёш йигит ва қизни кўрдим, улар фитнадан омон бўлишига ишонмадим”, дедилар.

 

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳатто 10–12 ёшли бола бўлган Фазлни бегона аёлга қарашдан қайтариб, юзини бурдилар. Бундан Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) балоғат ёшига яқинлашаётган болаларнинг одоби яхши бўлиши ва фит­на гирдобига тушиб қолиш­ларидан сақлашга катта аҳамият берганларини билиш мумкин. Бу билан: “Улар фитнадан омон бўлишига ишонмадим”, дея қиёматга қадар давом этадиган барча умматларига жинсий мойиллик эрта уйғонишининг олдини олиш ниҳоятда муҳим тарбия эканидан сабоқ бердилар. Буни эса Набий (алайҳиссалом)нинг фарзандларни тўғри тарбиялашда олтин ўгитлари деб қабул қилишимиз, ҳаётимизда қўллашимиз зарур.

 

Бу тарбияни сингдириб боришда шарафли бурч соҳиблари ота-она қуйидаги икки масъулиятли назоратни сидқидил билан амалга оширишлари лозим. Биринчиси, оиладаги ички назорат, иккинчиси, атроф-муҳитнинг салбий таъсиридан ҳимоя қилиш.

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Ёшлар келажагимиз” китобидан

Read 2944 times

Мақолалар

Top