Мақолалар

Нишонга урилган гаплар: “Аллоҳ сен учун ёзиб қўйган нарса ҳеч қачон бошқа одамга кетиб қолмайди!”

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.

 

Аллоҳ сен учун ёзиб қўйган нарса ҳеч қачон бошқа одамга кетиб қолмайди!

Аллоҳ бошқа одамга ёзиб қўйган нарса ҳеч қачон сенга келиб қолмайди!

*****

Ёзиладиган нарса дунё ва Охиратда манфаат берадиган бўлмаса, ҳеч нарса ёзмасдан, бошқалар ёзган маълумотларни ўқиб чиққан яхши.

*****

Аллоҳ таолодан қўрқиб тўкилган кўз ёши

Дунё денгизлари жаҳаннам оловининг кичик бир чўғини ўчира олмайди. Лекин Аллоҳ таолодан қўрқиб тўкилган озгина кўз ёши сиздан жаҳаннам оловини тўса олади.

*****

Шаъровийнинг дуолари

أَللَّهُمَّ إِنَّكَ تَعْلَمُ أَنِّي عَاصِيْكَ وَلَكِنِّي أُحِبُّ مَنْ يُطِيْعُكَ فَاجْعَلْ حُبِّي لِمَنْ أَطَاعَكَ شَفَاعَةً لِي فِي مَعْصِيَتِكَ

“Эй Роббим! Албатта, Сен менинг Сенга нисбатан гуноҳ қилганимни биласан. Лекин мен Сенга итоат қиладиган кишини яхши кўраман. Сенга итоат қилувчи кишига бўлган муҳаббатимни Сенга нисбатан қилган гуноҳим учун каффорот, шафоатчи қилгин!”

*****

Барака - Аллоҳ таоло хоҳлаган бандасига ато қиладиган неъматдир.

  • Агар барака молга тушса, уни кўпайтиради.
  • Агар барака фарзандга тушса, уни солиҳ қилади.
  • Агар барака вақтга тушса, уни обод (фойдали) қилади.
  • Агар барака қалбга тушса, уни бахтли қилади.

Эй Аллоҳ, бизни барча нарсада барака билан ризқлантир, омин!

*****

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Уфайр номли ҳачирга мингашиб олгандим...»

Нимага минганинг эмас, кимга ҳамроҳлигинг муҳим!

*****

(Баъзи инсонлар билан бўлаётган муносабатларда) тўқнашувлар юз берса маҳзун бўлма. Агар шу тўқнашувлар, айрилишлар бўлмаганида, узоқ муддат алданиб юраверардик. Тўғри, ушбу тўқнашувлар қаттиқ, шиддатли, лекин аслида ростдир.

Доктор Мустафо Маҳмуд

*****

Бахтга бахиллик қилма

Бошқаларнинг бахти сенинг бахтингни камайтирмайди.

Бошқаларнинг бойлиги сенинг ризқингни озайтирмайди.

Бошқаларнинг саломатлиги сендан офиятни тортиб олмайди.

Пок бўл! Ўзингга раво кўрган нарсангни бошқаларга ҳам раво кўр!

“Роваиъул фикр” саҳифасидан

*****

Мол (олтин, кумуш, пул) ризқнинг бир тури. Лекин соғлик, фарзанд, таом, барака деган ризқ ҳам бор. Фақатгина молнинг ўзи эмас, балки, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ҳар бир неъмати ризқ ҳисобланади.

*****

Дўстларнинг энг яхшиси

Дўстларнинг энг яхшиси - сизни Аллоҳ розилиги учун яхши кўрган, сизга Аллоҳни эслатган, сизни Аллоҳнинг ғазабидан қўрқитган, Аллоҳга йўлиқиш ҳақлигини сизга эслатиб, солиҳ амалларга қизиқтириб, ўлимни ёдингизга солиб турган кишидир.

Мана шундай дўст Аллоҳнинг катта неъматидир.

Аллоҳни эслаш, Аллоҳнинг ғазабидан қўрқиш, Аллоҳга йўлиқадиган кун учун тайёргарлик кўриш охират учун энг яхши озуқадир.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Гуноҳни такрор қилган бўлсанг ҳам тавба қилишдан асло малолланма!

Ҳар гал кийиминг кир бўлса, ювмасмидинг?!

Худди шунингдек, ҳар сафар гуноҳ қилганингда, Роббингга истиғфор айт, Ундан мағфират сўра!

*****

Тушларни рўёбга чиқаришнинг энг афзал воситаси — уйқудан уйғонишдир!

Пол Валерий

*****

Баъзи инсонлар бизда тажриба қолдирадилар. Келгусида уларга ўхшаганлардан четланишимизни ўргатадилар.

«Ховатир роқия журнали»

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

Read 4252 times

Мақолалар

Top