Мақолалар

Жўйбори Калон мадрасасининг масжиди  XVII аср ҳолатига қайтарилди

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Салкам 2600 йиллик тарихга эга бўлган ҳамиша навқирон Бухоро мустақиллик йилларида янада обод ва кўркам бўлди. Унинг қайси бир гўшасига назар солманг, улкан ижодкорлик ва бунёдкорлик ишларига кўзингиз тушади.

Бухорои шариф ҳудудида сақланиб қолган, халқимиз томонидан асрлар давомида эъзозланиб келинаётган тарихий ёдгорликлар ва меъморий обидалар ҳам қайтадан таъмирланиб, баъзилари янгидан бунёд қилинди. Бугун нафақат халқимиз, балки дунё жамоатчилиги келиб кўрса, маънавий озиқланса арзийдиган муқаддас қадамжолар янада кўркамлаштилмоқда. Жумладан, Ислом динининг маънавий ва маърифий маскани Бухоро вилояти “Жўйбори Калон” ўрта махсус ислом билим юрти масжиди XVII аср ҳолатига қайтарилди.

Билим юрти масжиди безаксиз ва таъмири ўзининг асл ҳолатидан ўзгариб қолганди. Ҳозирда масжид пештоқи безаклари баҳор гуллари рангидек ислимий нақшлар билан безатилган. Масжид гумбази Бухоро ганчкорлик мактабидаги ироқий нақшлар билан безатилди.

Машҳур ганчкор уста Бахтиёр Ҳамроев шогирдлари уста Эрмуҳаммад Рўзиев ҳамда уста Завқиддин билан ислимий ва геометрик нақшлар асосида гулдасталар, оқ, кўк, яшил, зангори рангли безаклар ҳамоҳангида моҳирона ижод қилишди. Нақшларнинг янада мукаммал, жозибадор бўлишига ўзларининг бебаҳо ҳиссаларини қўшишди.

Билим юрти жамоаси XVI - XVII асрларда  мадрасанинг меъморий безаклари, рангтасвири жозибали ва мўжизакорлиги, ҳамда меъморчилик санъати қандай юксак эътиборга эга эканлиги ҳақида умумий тасаввур ва тушунча ҳосил қилдилар.

    Ота-боболаримиз қурдириб, бизга мерос қолдирган обидаларни таъмирлаб асраш барчамизнинг бурчимиздир.

Жўйбори Калон ўрта махсус ислом билим юрти

маънавият ва маърифат ишлари мудир ўринбосари

 Рохат Муҳаммадшоева

Read 3427 times

Мақолалар

Top